Янгиликлар
Расмий муносабат: Жаҳон банкидан кредит маблағлари 2022-2026 йиллар давомида жалб қилинади. Ҳозирги пайтда кредит маблағи жалб қилинмаган
  • 18.11.2022
  • 176

Ижтимоий тармоқларда “Ўтган йили Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда свет ўчмаслиги учун ажратилган 423 млн доллар қаерда?” мазмунида хабарлар эълон қилинди.

Ушбу хабарларга жавобан Энергетика вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:

Жаҳон банки кўмагида “Электр энергетика соҳасини трансформация қилиш ва электр энергиясини барқарор узатиш” лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, Халқаро тараққиёт ассоциацияси (Жаҳон банки гуруҳи) томонидан 380 млн АҚШ доллари, Яшил иқлим жамғармаси томонидан эса 43 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши режалаштирилган.

Ушбу лойиҳа 2022-2026 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олади:

Ушбу молиялаштириш Ўзбекистон ҳукуматига энг паст фоиз ставкалари бўйича ва максимал муддати 40 йилгача тақдим этилади.

Лойиҳа доирасида республика бўйлаб 22 та эскирган юқори кучланишли подстанция реконструкция қилинади. Бунинг натижасида магистрал тармоқларнинг қувват ўтказиш имкони 1036 МВАга ортади.

Шунингдек, 2022-2026 йиллар давомида 1602 МВА қувватга эга бўлган янги 500 кВли рақамли подстанция ва 285 км узунликдаги юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари қурилади.

Ушбу лойиҳанинг муҳим стратегик таркибий қисми  SCADA ва  EMS тизимини амалга ошириш ҳисобланади ва бу энергия тизимида диспетчерлик ва мониторинг қилиш имконини беради.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖни келажакда трансформация қилиш учун Enterprise Recourse Planning (ERP) тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Ҳозирда ушбу лойиҳаларни “тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида Пудратчиларни аниқлаш учун Жаҳон банки талабларига мувофиқ Халқаро тендер савдоларини ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, бугунги кунда Республика бўйлаб SCADA тизимини жорий қилиш ва 500 кВли “Халқа” подстанциясини қуриш бўйича Халқаро тендер савдолари эълон қилинган ҳамда Сирдарё ва Тошкент вилоятларини боғловчи юқори кучланишли ҳаво тармоғи учун тендер таклифлари баҳолаш ҳисоботи Жаҳон банки билан келишилмоқда.

Магистрал тармоқ подстанцияларини модернизация қилиш лойиҳасининг 2-фазаси учун тендер савдолари жорий йилнинг декабрь ойидан бошлаб босқичма-босқич эълон қилиб борилади.

Бош пудратчилар аниқланганидан сўнг, Жаҳон банкининг кредит маблағларидан фойдаланиш бошланади.

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

▶️ @minenergy_uz

Манба: https://t.me/minenergy_uz/6367

sof.uz  - “Ўтган йили Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда свет ўчмаслиги учун ажратилган 423 миллион доллар қаерда?” — Энергетика вазирлигидан муносабат

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>