ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Узиб қўйишлар учун жарима тўланиши ёки зарар қопланиши керак
  • 23.11.2022
  • 156

Ҳозир бутун дунёда, ҳатто ривожланган давлатларда ҳам газ ва электр энергияси таъминотида жиддий муаммолар рўй бермоқда. Вазият мураккаб. Мамлакатимизда энергия таъминоти билан боғлиқ муаммолар бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолгани йўқ, бу узоқ йиллардан бери келаётган масала.

Кейинги йилларда юртимизда энергия тақчиллигини камайтириш бўйича бир қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Аммо эски муаммоларни тўлиғича ҳал этиш қийин бўлаяпти. Энергетика вазири ўринбосари ўтказган матбуот анжумани, ОАВ вакилларининг саволларига жавоблардан кўриндики, ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар оз эмас.  

Куз охирлаб, кунлар совий бошлагач, мурожаатлар, шикоятларда деярли бир хил муаммо кўтарилади. Бугунги кунда одамлар учун энг муҳим масалалардан бири ўз хонадонларини узлуксиз электр энергияси ва иссиқлик билан таъминлашдир.  

Бу борада кўплаб муаммолардан ташқари, иккита долзарб масалага алоҳида эътибор қаратиш зарур.  

Биринчидан, энергия таъминоти бўйича мамлакатимизнинг турли ҳудудларида турлича ҳолат кузатилмоқда. Қишлоқ туманлари ва шаҳарларда таъминот билан боғлиқ вазият вақт ва сифат нуқтаи-назаридан ҳам бир-биридан тубдан фарқ қилмоқда. Ҳаётий зарур маҳсулот ва хизматлар билан таъминлашда ижтимоий тенгсизликка умуман йўл қўйиб бўлмайди. Бу қўшимча норозиликларга сабаб бўлиши мумкин.  

Умуман, аҳолини электр энергияси, газ, кўмир билан таъминлаш тизимларини қайта кўриб чиқиш вақти аллақачон келди. Аввало, ҳар бир ҳудуд кесимида эҳтиёжнинг реал миқдори аниқланиши зарур ва шу асосда энергия манбалари, куз-қиш ойлари келмасдан, қайта тақсимланиши ёки ташкил этилиши керак.  

Иккинчидан, ҳаммамиз бевосита ёки билвосита электр энергияси ва газ истеъмолчиларимиз. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун бор. Мазкур қонунда кафолатланган ҳуқуқлар таъминотчи корхона-ташкилотлар томонидан мунтазам бузилмоқда. Хусусан, электр энергия ва газ учун аввалдан тўлов бўлгани ҳолда, истеъмолчилар ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз электр таъминотидан узиб қўйилмоқда. Бу ноқонуний, ноинсоний муносабатдир.  

Ҳеч бир юртдошимиз, ҳеч бир истеъмолчи қишли-қировли кунларда хонадонида ёши улуғ ота-оналари, гўдаклари, ҳомиладор аёллари совуқдан қийналишига тоқат қила олмайди.  

Тадбиркорлар ёки ижтимоий соҳа ташкилотлари ҳам электр энергиясидан асоссиз узилган вақтларида оғир муаммоларга дуч келмоқдалар. Совутгичлар ишламагани сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз ҳолга келмоқда, кичик бизнес вакилларида ишлаб чиқариш тартиби бузилмоқда, иссиқхоналарга экилган, каттагина маблағ сарфланган ўсимликларни совуқ уриши оқибатида деҳқонлар катта зарар кўрмоқда.  

Кутилмаган ва кўнгилсиз ҳолатларнинг аксарияти таъминотчиларнинг ўз вазифаларига масъулиятсиз қараши сабаб рўй бермоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 14-моддасида зарарни қоплаш масаласи аниқ белгиланган. Унга кўра, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин.  

Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.  

Аслида коммунал хизматлар учун аҳоли ва таъминотчи ўртасида тузиладиган шартномалар ҳар иккала томонга баравар масъулият юклаши зарур. Бунинг учун барча коммунал хизматлар учун таъминотчи ва истеъмолчи ўртасидаги шартномаларга юридик ҳужжат мақоми берилса, шартнома талаблари бузилган тақдирда истеъмолчининг хуқуқлари қонунан ҳимоя қилиниши бўйича асос яратилади. Етказиб берувчи ташкилотларнинг истеъмолчилар олдидаги мажбуриятини ошириш шарт. Олдиндан тўлов мавжуд бўлган ҳолларда энергиядан асоссиз узилган давр, истеъмолчига етказилган зарар учун таъминотчи жарима тўлаши ёки зарарни қоплаши белгиланиши керак. 

Шунда таъминотчи ташкилотларнинг халқимиз, истеъмолчилар олдидаги масъулияти ошиб, етишмовчиликлар ва бошқа камчиликларнинг сабабларини бартараф этишга кўпроқ жавобгарлик ҳис қиларди.  

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/posts/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>