ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Юқори кучланишли электр тармоқларида қандай ислоҳотлар амалга оширилмоқда?
  • 23.11.2022
  • 167

Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги қарори асосида ташкил этилган “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами 14 филиал фаолият юритади.

Шунингдек, Акциядорлик жамияти тасарруфида 84 та юқори кучланишли подстанция ва 11 650 километрдан ортиқ 220-500 киловаттли магистрал ҳаво электр узатиш линиялари мавжуд. Шунингдек, тизимда марказий бошқарув аппарати ва унинг таркибидаги тузилма ҳамда филиалларда 4 минг 300 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилади.

“Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиали ҳам улардан бири. Ушбу филиал ва унга қарашли подстанциялар электр энергиясини ишлаб чиқариш ва сотиш ўртасида бир бўғин вазифаси, яъни электр энергиясини узатиш жараёнидаги муҳим бўлган тақсимловчи тугун вазифасини бажаради.

“Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиали директори Анвар РАСУЛОВ билан суҳбатимиз филиал ва подстанциялар фаолияти ҳамда уларда олиб борилаётган модернизация ишлари хусусида бўлди.

– “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан инвестициявий жозибадорлик ҳамда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди А.Расулов. – Бу эса мамлакатимиз ҳудудларида мавжуд юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанциялари фаолиятини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиалига қарашли “Юксак”, “Қўйлиқ” “Озодлик”, “Тракторсоз”, “Зафар”, “Файзиобод” ва “Келес” подстанциялари мавжуд. Бугунги кунда “Қўйлиқ”, “Юксак”, “Озодлик” ва “Тракторсоз” подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш натижасида ўтказувчанлик қуввати 568 (МВА) Мегавольт амперга оширилиши тизим ишини янада яхшилаш имкониятини берди.

Яна бир эътиборли жиҳати шуки, Тошкент шаҳрида эксплуатация қилиниб келинаётган подстанцияларда соҳада амалга оширилаётган инвестиция дастурлари самарадорлиги, яъни модернизация ва реконструкция қилиш туфайли пойтахтимиз энергетика тармоғи ишончлилиги янада оширилди. Шу билан бирга, зарур ҳолатларда битта подстанциянинг юкламасини бошқа подстанцияга вақтинча бериш имконияти пайдо бўлди.

– Модернизация дастури асосида “Озодлик” подстанциясида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– 220/110/10 кВ кучланишли “Озодлик” подстанцияси Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ҳудудида жойлашган. Подстанциянинг умумий майдони 4 гектарни ташкил этади. Стратегик объект бўлгани учун бу ерда барча жараёнлар қатъий назорат қилинади.

Подстанциямизда иккита трансформатор бўлиб, улар 1973 йилда ишга туширилган эди. Модернизация дастури асосида яна битта замонавий трансформаторни ўрнатишга муваффақ бўлдик. 5 миллион 500 доллар қийматида бўлган дастур доирасида ишлар айни кунларда ҳам давом эттирилмоқда.

Янги трансформаторни ўрнатганимиздан кейин бошқа трансформаторларни вақтинча ўчириш, унинг юкламасини бошқа трансформаторга юклаб, таъмирлаш-созлаш ишларини олиб бориш имконияти яратилди. Бу эса фаолиятимиз учун анча енгиллик туғдирди.

Шунингдек, подстанциясида “КРУН 10 кВ ячейкаларини алмаштириш” лойиҳаси учун “Ўзбекистон МЭТ” АЖ ва “Ўзэлектроаппарат-Электрощит” АЖ ўртасида 2020 йил 9 октябрда имзоланган шартномага биноан 10 кВли 42 та ячейка подстанция ҳудудига келтирилди. Қурилиш-монтаж ишлари “4-сонли монтаж бошқармаси” АЖ томонидан олиб борилиб, III ва IV секцияларга мўлжалланган 20 та ячейкалар монтаж қилинди, созлаш-таъмирлаш ишлари якунланди.

Натижада 1 фазали 2 та ЗРОМ-10 кВ ва унга тегишли бошқарув панели ҳамда ТМГ-1000/10 У1 типидаги трансформатор ўрнатилди. 4 та 110 кВ элегаз ўчиргичлар ва 44 та 110 кВ ажратгичлар алмаштирилди. 17 та ҳимоя панеллари монтаж қилинди.

Қуввати 200 МВА бўлган трансформаторда монтаж ва созлаш ишлари якунланиб, жорий йилнинг 27 августида ишга туширилди. Худди шу каби “Тракторсоз” подстанциясида қуввати 10 МВАли трансформатор қуввати 125 МВАли трансформаторга алмаштирилиб, фойдаланишга топширилди.

“Озодлик” подстанцияси қайси манзилларга электр энергиясини узатиб беради?

– “Озодлик” подстанцияси Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарини сифатли электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.

Подстанцияга “Келес” ва “Феруз” (Сирдарё вилояти) подстанцияларидан Л-К-Ф-1 ва Л-К-Ф-2220 кВ кучланишли тармоқлар орқали электр энергия кириб келади.

Бу ерда 18 нафар ходим меҳнат қилади. Диспетчерлик хизмати подстанция маъмурий биносининг биринчи қаватида жойлашган бўлиб, навбатчи муҳандис ва навбатчи электромонтёрлар ўрнатилган тартибда навбатчилик қилади.

– “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиалида ишчи-ходимлар учун қандай қулайликлар яратилган?

– Ҳар бир ишнинг сифатли ва унумли бўлиши учун, аввало, ишчи-ходимга зарур шароит ва имкониятлар яратилиши зарур, деб ўйлайман. Уларнинг самарали ишлашида шароит ва эътибор жуда муҳим.

Шу талаблардан келиб чиқиб, филиал жамоаси ва подстанцияларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга барча қулайлик яратилган. Мана, куни кеча “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан уюштирилган пресс-тур ҳамда матбуот анжумани доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиали маъмурий биноси ва “Озодлик” подстанциясида бўлиб, жамоамиз билан мулоқот қилди ҳамда бу ерда яратилган меҳнат шароитлари билан яқиндан танишди.

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган филиал биноси авваллари ташландиқ жой бўлган. Очиғи, бу бинони шу ҳолатга келтириш осон бўлмаган. Замонавий бунёд этилган ушбу бинода жамоамиз учун зарур шароит яратилган. Қолаверса, филиал биноси ҳовлисида теннис кортлари қурилган. Бу ерда филиал ишчи-ходимлари ва уларнинг фарзандлари теннис билан шуғулланади, қолаверса, мунтазам равишда турнирлар ўтказилади.

Албатта, филиал ва унинг подстанцияларида амалга оширилаётган ишлар халқимиз ва истеъмолчиларга барқарор электр энергиясини таъминлашга қаратилган. Ана шундай электр манбаини зарур манзилларга узатишда мураккаб тизим ва линияларда кечаю кундуз ишлаётган жамоамизнинг шарафли ва машаққатли меҳнати борлигини қайта-қайта таъкидлагим келади.

ЎзА мухбири

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.

Манба: https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>