Янгиликлар
Жорий йил якунига қадар 2 та йирик инвестиция лойиҳаси ишга туширилиши режалаштирилган
  • 23.11.2022
  • 186

Бугун “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”  акциядорлик жамияти томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ҳамда матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда иштирокчилар “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиали фаолияти ва унга қарашли “Озодлик” подстанциясида амалиётга татбиқ этилаётган инвестиция лойиҳа доирасида  бажарилган модернизация-реконструкция, қурилиш-монтаж ишлари билан яқиндан таништирилди.

Медиатадбир доирасида ўтказилган матбуот анжумани “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бўйича 2022 йил январь-октябрь ойларидаги асосий прогноз кўрсаткичларнинг бажарилишига бағишланди.

Анжуманда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов  жорий йилнинг ўтган даврида электр энергиясини узатиш кўрсаткичлари, Инвестиция дастури ижроси, модернизация ва реконструкция ишлари, мукаммал ва жорий таъмирлаш, сарф-харажатлар ҳамда  импортни қисқартириш ва янги иш ўринларини яратиш борасида кўрилган чора-тадбирлар натижалари ҳақида ахборот берди.

Таъкидланганидек, 2022 йилнинг январь-октябрь ойларида магистрал электр тармоқлари орқали 54,5 миллиард кВт соат электр энергияси узатилиб, режа 104,6 фоизга бажарилган. Бунда ўсиш суръати 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 101,5 фоизни ташкил этган.

– Электр энергиясини узатишдаги технологик йўқотишлар амалда 1612,8 миллион кВт•соатни, яъни қабул қилинган электр энергиясига нисбатан эса 2,53 фоизни ташкил этмоқда. Бунда кўрсаткичлар яна 0,27 фоизга камайишга эришилди. Шунингдек, акциядорлик жамияти томонидан 2 та йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган. Хусусан, Жаҳон банки кредит маблағлари иштирокидаги “Магистрал электр тармоқ подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш” лойиҳасининг умумий қиймати 292,2 миллион доллардир. Мазкур лойиҳа амалиётга татбиқ этилгач, подстанцияларда жами 2200 МВА қўшимча ўтказувчанлик қуввати яратилади. Иккинчиси эса соҳа маблағлари иштирокидаги “Сирдарё вилоятида қуввати 1500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида 500 ва 220 кВ ҳаво тармоқларига улаш” лойиҳасидир. Умумий қиймати 6,0 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа доирасида 14,25 километрда 500 кВли ҳамда 1,2 километрда 220 кВли ҳаво линияларини қуриш режалаштирилган, – деди матбуот котиби.

Анжуманда модернизация ва реконструкция ишлар режаси ва амалда бажарилган ишлар ҳақида ҳам сўз борди. Унда қайд этилишича, “Ўзбекистон МЭТ” АЖ  томонидан жорий йилда модернизация дастури асосида 11 та подстанцияда 1616 МВА қўшимча ўтказувчанлик қуввати яратилиши режалаштирилган. 2022 йил бошидан модернизация дастури асосида 8 та подстанциядаги куч трансформаторларини алмаштириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида ўрнатилган қуввати қўшимча 1116 МВА (мегавольтампер)га оширилган.

– Албатта, акциядорлик жамияти томонидан ҳар бир режадаги ишлар ижроси қатъий назоратда, – деди сарҳисоб чоғида У.Урунов. – Масалан, 2022 йилда магистрал электр тармоқларида умумий қуввати 848 МВА бўлган 10 дона куч трансформатори, 66 дона 110-500 кВли ўчиргич, 14 дона компрессор қурилмаси ва 810,23 километр узунликдаги 110-500 кВ кучланишли ҳаво линияларини мукаммал таъмирлаш ишлари 1 октябрга қадар тўлиқ якунланди. Шу билан бирга, жорий йилда 107,0 миллиард сўмлик сарф-харажатларни қисқартириш борасида тегишли ишлар олиб борилмоқда. Ўтган даврда харажатларни қисқартириш кўрсаткичи 91,1 миллиард сўмга ва режа 102,3 фоизга бажарилди. Импортни қисқартириш масаласи ҳам асосий вазифалардан бўлиб, ҳозирги кунда республикамиз ишлаб чиқарувчи корхоналаридан кучланиш ошиб кетишидан сақлагич қурилмаларини электрон савдолар асосида харид қилиниши натижасида импортни қисқартириш 2022 йил бошидан (январь-октябрь) жами 220,0 минг долларни ташкил этиб, режа 117,8 фоизга уддаланди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири

Манба: https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>