ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «986 та маҳаллада аҳоли тезакдан фойдаланишга мажбур (!)»
  • 21.11.2022
  • 138

Айни пайтда жойларда электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳолат нафақат олис қишлоқ-овулларда, балки туман ва вилоят марказларида ҳам тез-тез такрорланмоқда. Энергетика вазирлиги изоҳ беришича, бунга кунлар кескин совиб кетгани, электр энергиясини ишлаб чиқарувчи станцияларга белгиланган ҳажмдан кам миқдорда табиий газ етиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Айни изоҳ ҳар йили бир хил такрорланади, шундай эмасми?

Ҳолат ҳам, сабаблар ҳам, ваъдалар ҳам бир хил...

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг маълум қилишича, Ўзбекистондаги кунлик эҳтиёжни қоплаш учун 230-232 млн. кВт/соат электр энергияси ресурси мавжуд, аммо шу кеча-кундуздаги ҳақиқий эҳтиёж 245 млн. кВт/соатни ташкил этмоқда. Яъни айни пайтда ҳақиқий эҳтиёж ва етказиб берилаётган электр токи ўртасида 15 млн. кВт/соат салбий тафовут юзага келган. Шу боис Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказидаги ёритиш чироқлари ва электрон реклама эълонлари вақти-вақти билан ўчирилади. Қайси ҳудудда узилишлар ярим ёки бир соатдан ошиб кетаётган бўлса, масъулларга чора кўрилади. 

Айтиш керакки, Ўзбекистонда энг кўп ваъда бериб, бирортасини бажармаган соҳа, бу — энергетика тизими бўлса керак. Йўқса, соҳада шу вақтгача кўзга кўринарли қандайдир ўзгаришлар бўлиши керак эди. Бугун одамларга турли изоҳлар, баҳоналар эмас, аниқ амалий ишлар, газ ва электр токи керак. Афсуски, жорий йил аввалида юз берган “Блэкаут”, ҳар йилги куз-қиш мавсумидаги узилишлар негадир энергетика тармоғи раҳбарларини сергаклантира олмаяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Алишер Қодировнинг айтишича, автосаноатда монополия тугамаса, автомашина нархлари ўзгармаганидек, энергетикада ҳам монополия тугамас, нархлар ўзгармас экан, аҳолини газ ва электр билан таъминлашда сифат ўзгармайди.

— Сифатли таъминот учун яроқли тармоқлар бўлиши керак, — дейди А.Қодиров. — Тармоқлар яроқли бўлиши учун мунтазам ва қиммат таъмир ишлари талаб қилинади. Бу бюджет учун оғир, қарзга қилиш — тешик идишга сув қуйгандек гап, инвесторлар эса давлат билан шерикчилик қилишни исташмайди. Энергия сотиш компаниялари ўзи даромад кўрмагунича соҳада ўзгариш бўлмайди. Газ ҳам, электр ҳам бор, етмаса, сотиб олиш имконияти мавжуд, лекин минглаб километр симлар ва “труба”лар эскириб кетган. Бу ерда муаммо ресурс етишмовчилиги эмас, бошқарув ва таъминот тизимининг эскирганида. Истаганингизча, Энергетика вазирини танқид қилишингиз мумкин, соҳада ҳаммамиз учун оғир ва оғриқли, вақт талаб қиладиган ислоҳотлар бўлмас экан, муаммо тураверади.

Қишлоқдаги ҳақиқий ҳолат кимнидир қизиқтирадими?

Келинг, мавжуд вазиятга маҳаллалар кесимида таҳлил қилайлик. Зеро, “юқори”даги раҳбарлар шу вақтгача қилинган ишларни ҳар қанча ҳаспўшламасин, узундан-узун ҳисоботлару дастурларни бизга тақдим этмасин, ҳақиқий ҳолат қишлоқларда, маҳаллаларда кўзга ташланади. Бугун совуқдан титраб, бир бурчакка сиқилганча ўтирган, шам ёруғида дарс тайёрлашга мажбур бўлаётган болалар, тонг саҳардан изғирин кўчада қора қумғонида чой тайёрлаётган, қора ўчоқда овқат қилаётган оналаримиз орамизда йўқ эмас, афсуски. 

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг маълумот беришича, яқинда аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир етказиб бериш масалалари “маҳаллабай” ўрганилган. Натижада, 3 681 та маҳалла ва 3 222 та қишлоқда яшайдиган 3 млн. 126 минг аҳолида суюлтирилган газ билан боғлиқ муаммолар аниқланган, айниқса, 753 та маҳаллада вазият оғир аҳволда. 

Рақамларга юзланамиз: 285 та маҳаллага суюлтирилган газ баллони вақтида берилмаяпти, 32 та йиғинда улар меъёридан кам тўлдирилган ҳолда тарқатилмоқда, 107 та маҳалладаги оилаларда аҳоли сони кўп бўлса-да, етарлича газ берилмаяпти. Бундан ташқари, 84 та маҳалладаги хонадонларнинг кадастр ҳужжатлари йўқлиги боис газ баллони билан таъминланмаган. Масалан, Косон туманидаги “Пудина” маҳалласида 1 063 та хонадондан 688 тасига газ баллонлари етказиб берилмоқда. Худди шундай ҳолатлар Миришкор, Сайхунобод, Мирзаобод, Музработ, Термиз, Узун, Шеробод, Шўрчи туманларида ҳам мавжуд. 

Худди шундай, 4 901 та маҳалла кўмирдан фойдаланмоқда, шундан 1 454 тасида кўмир билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Энг кўп камчиликлар Қашқадарё, Фарғона, Самарқанд, Наманган, Сирдарё, Андижон вилоятларида кузатилмоқда. Муаммолар таҳлили шуни кўрсатадики, 418 та маҳаллага кўмир ўз вақтида етказиб берилмаяпти, 1 011 та йиғинда кўмирни сақлаш омборлари мавжуд эмас, 510та маҳаллада сифатсиз кўмир етказилаётир. 

Энг ачинарлиси, 986 та маҳаллада яшовчи аҳоли тезакдан фойдаланмоқда. Хусусан, айни ҳолат энг кўп Қашқадарёда — 392 та, Самарқандда — 160 та, Фарғонада — 98 та, Жиззахда — 87 та, Наманганда — 74 та, Сирдарёда — 38 та, Хоразмда — 36 та маҳаллада кузатилади.

***

Қизиқ, маҳаллалардаги мавжуд вазиятни энергетика тармоғи масъуллари билишармикан? Мутасаддиларнинг бирортаси ўзининг ёки оиласининг мана шундай оғир шароитда яшашини тасаввур қила олармикан? Иссиқ ва шинам кабинетларда ўтирган бўлса-да, ҳеч бўлмаса, бир марта олис овулдаги таппи қилаётган, тезакдан фойдаланаётган аёлларни, шам ёруғида дарс қилавериб кўзлари қизарган, кечаю кундуз совуқдан жунжиккан болаларни кўз олдига келтириб кўрганмикан? Менимча, йўқ. Агар шундай бўлганида, масъуллар ишни, аввало, ҳисоботлару олди-қочди гаплардан эмас, айнан уларга муносиб шароит яратишдан бошлаган бўлар эди. 

 

Қишлоқ аҳли эса кутаверади, бошқа чораси йўқлигини билгани учун ҳам кутаверади... АФСУС...

Санжар ИБРОҲИМОВ.

Манба: http://xolisnazar.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>