Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: «Кўча ёритиш тизими электр чироқлари ўчган. Кечаси қоронғуликда ўғирлик, тажовузкорлик каби жиноятлар содир бўлмоқда»
  • 28.11.2022
  • 245

Мурожаат эгаси: Мирзаев Меҳриддин Мардонович, Самарқанд вилояти

Электрон почта: mardonovich1971@gmail.com

Мурожаат мазмуни: Ўзбекистон Республикаси электр тармоқлари АЖга.
Самарқанд шаҳар “Беш Чинор” маҳалласи ҳудудида 21 та кўп қаватли уйлар мавжуд, 23.11.2022 йилдан бўён уйларнинг подъездлари ва кўча ёритиш тизими электр чироқлари ўчган. Сабабини сўраганимизда, айтилишича, кўп қаватли уйларда квартирадан мажбурий тўловлар амалга оширилмагани учун қарздорлик мавжудлиги учун деб айтишмоқда. Айрим фуқароларнинг тўловни амалга оширмагани учун бутун халқ азоб чекмоқда (бу коммунал хўжалик муаммоси). Чунки кўп қаватли уйларда қариялар, ногиронлар, касалмандлар, ёш болалилар бор. Кечаси қоронғуликда, ўғирлик, тажовузкорлик, жиноятчилик ёки аҳолининг жисмоний жароҳат олишига сабаб бўлмоқда.

Сизлардан илтимос, юқорида келтирилган фикрларни ҳисобга олиб, кўп қаватли уйлар подездлари ва кўча ёритиш тизимидаги электр чироқларини ёқиб берилишида амалий ёрдам беришларингизни сўраймиз. Акс ҳолда аҳоли норозилигини юқори органларгача билдириши мумкинлигини маълум қилмоқчиман, деб Самарқанд шаҳар “Беш Чинор” МФЙ раиси М. Мирзаев.

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро, Меҳриддин Мардонович! Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг «Мурожаатлар» рукни орқали юборган сўровингиз тегишли тартибда қабул қилинди.

Мурожаатингизга жаб бериш баробарида, энг аввало, сизга шуни маълум қилишимиз лозимки, “Ўзбекистон Республикаси электр тармоқлари АЖ” деб номланадиган ташкилот мавжуд эмас.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанциялар орқали электр энергиясини узатиш (транспортировка қилиш), 220–500 кВ кучланишли электр тармоғи ва подстанцияларни эксплуатация қилиш, шунингдек, магистрал электр тармоқларида қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция ишларини бажариш, бундан ташқари, электр энергияси импорти ва экспорти масалалари билан шуғулланади.

Маълумот ўрнида: Электр энергияси истеъмолчилар билан бевосита шартномалар тузиш ҳамда уларга электр энергиясини етказиб бериш, истеъмолчилар билан ўзаро ҳисобдорлик юритиш, шунингдек, паст кучланишли тармоқларни ривожлантириш, симёғоч ва трансформаторлар ўрнатиш, шу билан бирга, кўплаб бошқа хизматларни кўрсатиш “ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖнинг ваколатига киради.

⇒ «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат учун:  het.uz – расмий веб-сайти;  Телеграм – @hetmuloqot, @HET_admin. Facebook – Hududiy elektr tarmoqlari. Call centre: 1154

Мурожаатингизга жавоб сифатида шуни маълум қилишимиз мумкинки, кўча чироқлари ва уларни тутиб турувчи симёғочларга маҳаллий ҳокимият органларининг Ободонлаштириш бошқармалари томонидан сервис хизматлар кўрсатилиши белгиланган. 

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январь санасида имзоланган «Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (4-банд) шундай дейилган: “...Шаҳарсозлик ҳамда санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларининг асосий вазифалари этиб белгилансин. 

Уларнинг асосий вазифаларига шу жумладан қуйидагилар киради:

• кўчалар, скверлар, хиёбонлар, ёдгорлик мажмуалари ва умумий фойдаланиладиган бошқа кўкаламзор зоналарни кўкаламзорлаштириш, дов-дарахтларни парвариш қилиш бўйича агротехника тадбирларини ўтказиш, уларнинг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш;

• йўл-кўприк хўжалигини (кўчалар, йўлаклар қатнов қисмининг йўл қопламаси, бекат кўтармалари, ер ости ўтиш жойлари, кўприклар, транспорт чорраҳалари ва йўл ўтказгичлар, ён бордюрлар, сув чиқариб юбориш тармоқлари ва бошқа сунъий иншоотлар) сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш;

• хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш;

• дренаж хўжалигини (вертикал ва горизонтал қудуқлар, очиқ ва ёпиқ коллекторлар, сунъий ҳавзалар, ер ости ва ёмғир сувларини ҳайдайдиган насос станциялари) ва фаввораларни сақлаш, мукаммал, жорий таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар;

электр энергиясини тежаш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларни жорий этган ҳолда йўллар ва кўчаларнинг ташқи ёритиш тармоқларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар.

Шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармалари тўғрисида Намунавий низом ҳужжатида бу ҳақда батафсил тушунтириш берилган.

Манба: https://lex.uz/docs/2117709.

Ҳурматли фуқаро — Самарқанд шаҳар “Беш Чинор” МФЙ раиси Меҳриддин Мирзаев, Сиз ушбу мурожаатингиз мазмунини Самарқанд шаҳар ҳокимиятига йўллашингиз мақсадга мувофиқ.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>