Янгиликлар
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИГА МУВОФИҚ 2018 ЙИЛДА БОШЛАНГАН ЛОЙИҲА МУВАФФАҚИЯТЛИ ЯКУНЛАНДИ
  • 12.05.2020
  • 1116

 «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг «Тошкент металлургия заводининг ташқи объектларини қуришда электр энергияси билан таъминлаш» лойиҳаси муваффақиятли якунланиб, умумий узунлиги 46 километрли 220 кВ ли ҳаво линияси ҳамда янги юқори кучланишли «Сирғали» подстанцияси фойдаланишга топширилмоқда. Айни пайтда техник дастурга асосан кучланиш берилиб, 115 соатли ишга қўйиш-созлаш ишлари олиб борилмоқда.

Қиёсий таъбир билан айтганда, саноат корхоналари иқтисодиётимизнинг локомотиви ҳисобланади. Маҳаллий хомашёларни қайта ишлаш эвазига тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, ички бозор эҳтиёжини тўлдириш билан бир қаторда маҳсулотларини экспортга йўналтириш имкониятига эга йирик корхоналар сони ва қувватини ошиб бориши — Президентимиз томонидан белгилаб берилган устивор йўналишдан бири эканлиги барчамизга маълум.   

  Аввал хабар берганимиздек, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 июндаги тегишли қарорларига асосида «Тошкент металлургия заводининг ташқи объектларини қуришда электр энергияси билан таъминлаш» лойиҳаси амалга оширилаётган эди.

Батафсил маълумот:  www.uzbekistonmet.uz/uz/
Batafsil ma’lumot:        www.uzbekistonmet.uz/oz/

 Таъкидлаб ўтилганидек, лойиҳадан кўзланган мақсад аниқ — Тошкент шаҳар Сирғали туманида жойлашган йирик саноат корхонасининг ташқи объектларини қуришда электр энергияси билан таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳри ва қисман Тошкент вилоятидаги истеъмолчиларни электр энергия билан узлуксиз таъминлаш жараёни ишончлилигини оширишдан иборат.

  Лойиҳа таркибидаги қурилиш объектларига назар соладиган бўлсак, дастлаб «Қўйлиқ» ва «Адолат» подстанциялари оралиғидаги 220 кВли ҳаво линиясини кесиш орқали янги тармоқ тугуни ҳосил қилинди. Сўнгра «Сирғали» подстанциясигача узунлиги 2х23 (46) км бўлган 220 кВ ли ҳаво линияси қуриб битказилди. Лойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундан иборатки, йирик саноат корхонаси жойлашган ҳудуд атрофидаги бошқа истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган талабини ҳам қондириш, таъминотнинг ишончлилигини эҳтиёжга мувофиқ ошириб бориш мақсадида янги, замонавий ускуналар билан жиҳозланган 220/110/10 кВ кучланишли «Сирғали» подстанцияси ҳам қуриб битказилди.

Агар ўтган давр ичида лойиҳа доирасида қилинган ишларни батафсил таҳлил этадиган бўлсак, пудратчи «Maxsuselektrtarmoqqurilish» қурилиш ташкилоти томонидан: 292 дона фундаментлар; 194 дона СК-26 русумли таянч устунлари; 68 дона металл конструкцияли таянч устунлари ўрнатилди ва 46,6 километр узунликдаги сим монтаж  қилинди.

  Бундан ташқари, пудратчи «МУ-4» қурилиш ташкилоти томонидан: 89 дона СК-22 русумли таянч устунлари ўрнатилди; 200 МВАли трансформаторни ўрнатиш ишлари якунланди; «Сирғали» подстанцияси устунлар билан тўлиқ ўралди; Насос станцияси фойдаланишга топширилди; «Сирғали» подстанциясида 110 кВли очиқ тақсимлаш ускунасининг таянчлари ўрнатилди; Оператив бошқарув пулти жойлашган ҳамда ёрдамчи функционал бинолар фойдаланишга топширилди.

«Тошкент металургия заводининг ташқи объектларини қуришда электр энергияси билан таъминлаш» лойиҳасининг умумий қиймати 29,022 млн. АҚШ доллари ҳисобида бўлиб, шундан 26,5 млн. АҚШ доллари ҳисобидаги маблағлар Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, қолган 2,521 млн. АҚШ доллари ҳисобидаги маблағлар «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.  

 Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳа ҳудуди ўз ичига Тошкент шаҳрининг  Сирғали туманидаги Янги Сирғали массиви, шунингдек, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Янгийўл ва Зангиота туманларини қамраб олади ва мазкур ҳудудлар тараққиёти учун хизмат қилади.

minenergy.uz/uz/

kun.uz/news/

uza.uz/oz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>