Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: «Бизнинг ер майдонимизга қурилиш-монтаж ишларида зарар етказилган. Ушбу зарар қопланиб берилишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман!»
  • 24.01.2023
  • 207

Мурожаат эгаси: Бердиев Эрали Абдуғани ўғли, «Pavloniya eko sifat» фермер хўжалиги, Самарқанд вилояти.

Электрон почта: eberdiyev70@gmail.com

Мурожаат мазмуни: «...Бизнинг ер майдонимизга «Самарқанд магистрал электр тармоқлари» филиали томонидан қурилиш-монтаж ишларида зарар етказилган. Ушбу зарар бир йилдирки қопланиб берилмаётганлиги сабабли, ушбу зарар суммаси — 374898000 сўмни қопланиб берилишида, амалий ёрдам беришингизни сўрайман!»

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро Эрали Абдуғани ўғли, Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг «Мурожаатлар» рукни орқали юборган сўровингиз тегишли бошқарма ва бўлим мутахассислари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва мурожаатингизга жавоб сифатида қуйидагиларни маълум қиламиз:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 сентябрдаги 783-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2021 йил 19 май куни тасдиқланган 85-сонли баёнга асосан Самарқанд вилоятида 500 кВ кучланишли «Сўғдиёна» ҳамда 220 кВ кучланишли «Чўпон-Ота» подстанциялари оралиғида узунлиги 38,728 км бўлган 220 кВ кучланишли электр узатиш тармоғи қурилиш ишлари олиб борилган. «Pavloniya eko sifat» фермер хўжалигига тегишли 580- ва 588-контурларидан жами 1,7175 гектарга 8 дона темир-бетон таянч ўрнатиш учун ер майдонлари ажратилиб, «O‘zdavyerloyiha» DILIнинг «Samarqandvilyerloyiha» бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун ер участкалари бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 25 майдаги 146-сонли қарорига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан етказилган зарар миқдори 388 898 000 (уч юз саксон саккиз миллион саккиз юз тўқсон саккиз минг) сўм этиб белгиланган ва пудратчи ҳамда фермер хўжалиги ўртасида далолатнома расмийлаштирилган.

2022 йил 13 июлдаги 723-сонли тўлов топшириқномаси билан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ «Самарқанд МЭТ» филиали томонидан 14 000 000 (ўн тўрт миллион) сўм пул маблағи ишларни бошлаш мақсадида фермер хўжалигининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарорига асосан етказилган зарар миқдори тегишли ташкилотлар билан биргаликда экспертизадан ўтказилишини ва ижобий хулосалар олинганидан сўнг пул маблағлари ўтказиб берилишини маълум қиламиз.

Ахборот хизматидан қўшимча маълумот: uzbekistonmet.uz веб-сайтининг «Мурожаатлар» рукни орқали фуқаро Бердиев Эрали Абдуғани ўғли («Pavloniya eko sifat» фермер хўжалиги, Самарқанд вилояти) томонидан юборилган мурожаат А–9-рақамли қайднома орқали қайд этилиб, раҳбарият кўрсатмасига биноан масъул бошқарма ва бўлим мутахассисларига ижро учун йўналтирилган ва мурожаатчи Бердиев Эрали Абдуғани ўғлига («Pavloniya eko sifat» фермер хўжалиги, Самарқанд вилояти) электрон почтаси орқали расмий хат кўринишидаги жавоб юборилади.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>