Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: «Кўп жойда тажриба керак, дейилса, биз сиртқида ўқиётганлар тажрибани қаердан оламиз? Битиргандан кейин ҳам қаердан оламиз тажрибани?»
  • 20.02.2023
  • 179

Мурожаат эгаси: Йўдошев Ҳумоюнбек Шамсиддин ўғли, Тошкент шаҳри.

Электрон почта: humoyinbekyuldoshov@gmail.com

Мурожаат мазмуни: Ассалому алайкум, ҳурматли ишчилар! Мен Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон туманда туғилганман. Ҳозирда “Наманган политех”да энергетика ва меҳнат муҳофазаси факультетининг технологик машиналар ва жиҳозлар соҳасида ўқийман. 4-курс, сиртқи таълимдаман. Ишга кира оламанми? “МEТ” эълонларини кўриб чиқсам, тажриба бўлиш керак, дейилган. Битиргандан кейин ҳам тажриба, керак дейди. Кўп жойда тажриба керак, дейилса, биз сиртқида ўқиётганлар тажрибани қаердан оламиз? Битиргандан кейин ҳам қаердан оламиз тажрибани? Мурожаатимни ўқийсизлар, деб уйлайман...

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро Ҳумоюнбек Шамсиддин ўғли! Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг «Мурожаатлар» рукни орқали юборган мурожаатингиз тегишли тартибда қабул қилинди.

Мурожаатингизга жавоб ўрнида, сизга шуни маълум қиламизки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг  электрон почталари орқали тегишли ҳужжатларингизни, қайси бўш иш ўрнига ишга кириш учун юбораётганингизни белгилаб (шу бўш иш ўрнига ишга қабул қилиш учун қўйилган талабларга мувофиқ келишингизни билган ҳолда) юборсангиз, у албатта Ходимлар билан ишлаш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилади.

Маълумот ўрнида: «Онлайн резюме» https://www.uzbekistonmet.uz/uz/appeal/resume.

 

МАНЗИЛ: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Осиё кўчаси, 42-уй. Мўлжал: Юнусобод тумани ҳокимияти.

Мурожаат учун: 71-236-6615.

Веб-сайт: uzbekistonmet.uz

Электрон почта: kadr_nes@uzbekistonmet.uz;  info@uzbekistonmet.uz.

 

Ходимлар билан ишлаш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бошқармасидан мурожаат: Ташкилотимиз магистрал электр тармоқлари йўналиши бўйича (электр энергетика тармоғида қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция, таъмирлаш-тиклаш ишлари) фаолият олиб боргани боис, номзодлар олий таълим муассасаларининг энергетика йўналишини битирган бўлиши талаб этилади.

Бўш иш ўринларини малакали кадрлар билан тўлдириш жараёни шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида, биз ҳар ойда тўпланган резюме-объективкаларни жамлаб, тегишли хизмат, бўлим ва бошқарма бошлиқларига тақдим этамиз. Тақдим этилган маълумотномалар мутахассислар томонидан ўрганилиб, атрофлича кўриб чиқилади. Таржимаи ҳолдаги маълумот-кўрсаткичлар мутахассисларга маъқул келса, номзод бевосита суҳбатга чақирилади.

Шундан сўнг бўш иш ўрни бўйича раҳбариятга ушбу мутахассиснинг номзодини тавсия этилади ва ишга қабул қилинади.

 

Маълум бир бўш ўринларига ҳужжат топширган номзодлар суҳбатга чақирилаётгани (санаси ва вақти) Акциядорлик жамиятининг расмий-веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилиб борилмоқда. Эътиборли бўлинг ва ижтимоий тармоқ саҳифаларимизга обуна бўлишни унутманг!

 

⇒ «Бўш иш ўринлари» рукни https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/category/25

 

Батафсил маълумотлар қуйидаги эълон таркибида ёзилган:

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида мавжуд бўш иш ўринларига ишга кирмоқчи бўлган фуқароларга тавсиялар

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/3441

 

Ахборот хизматидан тавсия: Ҳурматли фуқаро Ҳумоюнбек Шамсиддин ўғли, мурожаатни тўлиқ сўзларда ифодалаб, адабий тил қоидаларига мувофиқ ёзишингиз, шу билан бирга, энергетика соҳаси, электр энергетика тармоғида фаолият кўрсатаётган йирик ташкилотнинг Марказий бошқарув аппаратида ишлаш учун маълум бир талаблар қўйилиши ва иш тажрибаси бўлиши бу йўналишда муҳим аҳамият касб этишини тўғри тушуниб англашингиз мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Унутманг, ишга киришни истаган ҳар бир номзоднинг билим-савияси ўрганилади ва бу — ходимнинг салоҳияти (кўрсаткичлари) меҳнат самарадорлигини белгиловчи биринчи омил сифатида эътироф этилади. Қолаверса, бўш иш ўринлари нафақат Марказий бошқарув аппаратидаги масъул вазифаларга, балки таркибий магистрал электр тармоқлари филиаллари ҳамда қурилиш-монтаж корхоналарида ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг ҳам бўш иш ўринлари юзасидан эълонлар бериб борилмоқда.

 

Қўшимча маълумот: Акциядорлик жамиятининг uzbekistonmet.uz веб-сайти, бош саҳифасида Ўзбекистон Республикасининг харитаси шаклида инфографика маълумотнома-жадвали жойлаштирилган бўлиб, қайси ҳудудни белгиласангиз, ўша ҳудуддаги Магистрал электр тармоқлари филиали ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятингиз пайдо бўлади. Маълумотномада телефон рақамлари ҳам кўрсатилган бўлиб, мутахассислар сизни қизиқтирган саволларга жавоб беришади.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>