Янгиликлар
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикалари Энергетика вазирликларининг навбатдаги уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди
  • 17.03.2023
  • 168

Жорий йилнинг 15 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикалари Энергетика вазирликларининг навбатдаги уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Унда Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳаси, электр энергетика ва сув ресурслари масалалари муҳокама этилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Ж. Мирзамаҳмудов ва Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев, Қирғиз Республикаси Энергетика вазири Т. Ибраев, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Ж. Нурмаганбетов ҳамда томонлардан бир қатор ташкилотларнинг раҳбар ходимлари ва мутахассислари иштирок этди.

 

 

 

Йиғилишда Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳаси бўйича имзоланган “Йўл харитаси”ни амалга ошириш ишларининг бориши ҳамда ҳамкорликнинг асосий тамойилларига оид ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилди. Шунингдек, лойиҳани амалга оширишга тайёрлашнинг асосий босқичлари келишиб олиниб, бу борада навбатдаги йиғилишни жорий йил март ойининг сўнгги декадасида ўтказишга келишилди.

Бундан ташқари, минтақадаги сув-энергетика ҳолати ва ҳозирги кундаги электр энергетика тармоғидаги вазият ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашишди. Тоқтоқул сув омбори заҳирасини ёзги суғориш даври учун асраш борасида кўрилиши лозим бўлган тадбирлар муҳокама қилинди.

 

 

 

Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика тизимлари орқали Қирғиз Республикасига электр энергияси транзитини амалга ошириш, қозоқ ва ўзбек электр энергиясини Қирғиз Республикасига етказиб бериш ҳамда Учқўрғон ГЭС орқали Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари қишлоқ хўжалиги истеъмолчиларига ёзги суғориш даври учун сув чиқариш ҳажмлари келишиб олинди ҳамда навбатдаги учрашувни 2023 йилнинг октябрь ойида Остона шаҳрида ўтказилиши белгилаб олинди.


Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2672

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>