ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: Siemens Ўзбекистонда иккита ИЭС қуради
  • 04.05.2023
  • 115

Германиянинг Siemens компанияси билан ҳамкорликда Сурхондарё ва Навоий вилоятларида иссиқлик электр станциялари қуриш бўйича келишувга эришилди. Kun.uz мухбирининг Берлиндан хабар беришича, бу ҳақда 2 май куни Германия–Ўзбекистон бизнес форумида маълум қилинган.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Kun.uz мухбири билан суҳбатда келишувнинг айрим тафсилотларини маълум қилди.

“Siemens компанияси биринчи марта нафақат ускуна етказиб берувчи, балки инвестор сифатида ҳам иштирок этяпти. Бу компания билан Сурхондарёда янги ИЭС қуриш, Навоийда ташкил этилаётган кимё кластери доирасидаги ИЭСни қуриш ҳамда 1000 MW гача қувватдаги шамол ва қуёш энергетикаси бўйича станциялар қуришга келишиб олдик.

 

Бу, албатта, бирданига бўлмайди. Масалан, Сурхондарёдаги ИЭС қурилиши бу йил бошланса, 2026 йилда ишга тушади. 2023 йил бўйича эса Siemens'да мавжуд бўлган турбиналарнинг шартномасини имзоладик. Бу турбиналар Бухоро ва Муборакдаги иссиқлик марказларига ўрнатилади. Бу турбиналарни жорий йилда етказиб, монтаж қилиб, декабр ойигача ишга туширишга келишиб олдик. Яъни 150-160 MW янги қувватни ишга туширилиши режалаштирилган”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов Берлинда бўлиб ўтган бизнес форум доирасида берган интервюсида.

Эслатиб ўтамиз, 2 май куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга расмий ташрифи амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Германиянинг “Infineon Technologies” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда микрочиплар ишлаб чиқариш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Манба: https://kun.uz/09402046

 «Ўзбекистон МEТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>