ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «АСКУЭ тизими электр тармоқлари соҳасида коррупцион ҳолатларга чек қўя оладими?»
  • 12.05.2023
  • 185

Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиали фаолияти билан боғлиқ гап-сўзлар “болалаб” қолди. Айниқса, корхонанинг шаҳар ва туманлардаги филиалларида юз берган коррупцион ҳолатлар қаттиқ танқид қилинмоқда. Вилоят матбуот уйида бўлиб ўтган анжуманда ҳам журналистларнинг вилоят филиалининг коррупцияга қарши курашиш ва комплеанс назорат хизмати раҳбари Дилшод Отамуродовга берган кўплаб саволлари шу ҳолатлар ҳақида бўлди.

- Ҳар бир соҳада бўлгани сингари бизнинг корхонамиз филиалларида ҳам бу каби салбий ҳолатлар учраб турибди, - дейди Д.Отамуродов. – Электр тармоқлари тизимида электр энергияси оқими ҳисоби ва ҳисоботини юритиш масаласи кўп йиллар давомида коррупция иллатига йўл очиб бериб келган. Хусусан, истеъмол қилинган электр энергияси учун ўз вақтида тўловни амалга оширмаган айрим истеъмолчилар қарздорликни камайтириш мақсадида электр тармоқлари корхонаси ходимлари билан ўзаро келишиб, ўз юмушларини маълум ҳақ эвазига битирган. Бу каби коррупцион схемаларнинг кўплигидан калаванинг учини топиш имконсиз туюларди. Бироқ, электр тармоқлари тизимида инсон омилини камайтириш орқали коррупция ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида АСКУЭ ҳисоблагичлари ўрнатиш бошлангач, бу ҳолатларга чек қўйилди. Шунингдек, қурилиш ишлари ва давлат харидлари ҳам биржа орқали шаффоф амалга оширилиши йўлга қўйилгач, коррупциявий ҳолатлар сони кескин камайди.

Бугунги кунда вилоятимизда 825 мингдан ортиқ истеъмолчилар хонадонлари замонавий ҳисоблагичлар билан таъминланди. 2020 йил 1 августидан бошлаб, электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида ундирилишини таъминлаш, қарздорликни камайтириш, шунингдек, электр энергияси ва истеъмолини ҳисобга олиш, тармоққа ноқонуний уланиш, талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш каби ваколатлари электр тармоқлари корхоналарига ўтказилди. Шу сабаб айрим ходимлар томонидан ўзаро таниш-билишчилик, камайтириб ёзиш, электр ускуналарни бузиш орқали “кўмак бериш” каби салбий иллатлар ҳам кўзга ташланиб қоляпти.

Д.Отамуродовга кўра, туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналарининг 7 нафар масъул ходимлари ишида хато ва камчиликлар, талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, улар юзасидаги ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилган.

- Бу тизимда коррупция иллатига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларнинг бир қисми, холос, - дейди Д.Отамуродов. - Унга қарши курашишнинг энг самарали йўли – жамоатчилик назорати. Агарда электр тармоқлари корхонаси ходимлари билан боғлиқ тамагирлик, коррупцион ҳолатлар учраса, 66-237-71-07 ва 95-411-04-00 телефон рақамлари орқали хабардор қилишларингизни сўраб қоламиз. Албатта, бундай очиқлик ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали тизимдаги коррупция аломатларига барҳам бера оламиз.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.

Манба: https://zarnews.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>