ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Тожикистон Республикасидан электр энергияси мавсумий импорт амалиёти бошланди
  • 17.05.2023
  • 130

Маълумки, ёзги мелиорация, яъни қишлоқ хўжалигидаги суғориш мавсумида Тожикистон гидроэлектр станциялари сув омборида тўпланган сувларни сарфлаш жараёнида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини Ўзбекистонга экспорт қилиш амалиёти 2018 йилдан буён мавжуд бўлиб, бу мамлакатимиз сув ҳавзаларига кириб келадиган табиий сув оқимини оширишга хизмат қилади.

2023 йил 12 май куни республикамизда энергетика ва сув ресурслари мувозанатини сақлаш ҳамда истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминланиш мақсадида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ва «Барки Точик» энергетика компанияси ўртасида жорий йилнинг май-сентябрь ойлари учун шартнома имзоланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ахборот хизмати ўз расмий саҳифасида эълон қилди.  

Хабарда айтилишича, айни пайтда импорт амалиёти иккита 220 кВ юқори кучланишли ҳаво тармоқлари орқали амалга оширилмоқда. Шартномага асосан ёз ойларида электр энергияси ва сув ресурсларига эҳтиёж ортадиган давр учун импорт ҳажмларини 500 кВ кучланишли тармоқлар орқали кўпайтириш ҳам назарда тутилган.  

2018 йил апрель-сентябрь ойларида 1 480,9 млн.кВт•соат, 2019 йил апрель-октябрь ойларида 1 425,1 млн. кВт•соат, 2020 йил май-сентябрь ойларида эса 566,7 млн.кВт•соат ҳажмда электр энергияси юртимизга қўшни республикадан импорт қилинган.  

Маълумот ўрнида, “Барки Точик” ОАХКнинг 2020 йил 13 июлдаги хабарномасига асосан Вахш дарёсининг суви 50 фоизга камайганлиги ва бунинг натижасида “Нурек” гидроэлектр станцияси сув омборида сув сатҳининг 2019 йилга нисбатан 10 метрга пасайгани сабабли 2020 йил 16 июлдан бошлаб Ўзбекистонга электр энергиясини етказиб бериш қисман тўхтатилган эди.  

Сўнгра, Тожикистон сув омборларига сув сатҳи етарлича тўплангач, ҳар йиллик мавсумий амалиёт давом эттирилган. Мисол учун, 2021 йил май-сентябрь ойларида 1 143,6 млн. кВт•соат ҳажмда электр энергияси импорт қилинган бўлса, 2022 йил апрель-сентябрь ойларида унинг ҳажми 823,2 млн. кВт•соатни ташкил этган. 

Жорий йил 12 майда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Барки Точик” ОАЖ ўртасида 2023 йил май-сентябрь ойларида 1 285,0 млн. кВт•соат ҳажмдаги электр энергиясини импорт қилиш бўйича шартнома имзоланган.  

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/posts/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>