Янгиликлар
Йил якунига қадар “Модернизация” лойиҳасига асосан 8 та подстанцияда 1200 МВА қувват оширилади ҳамда Андижон вилоятида 1 та 220 кВ подстанция қурилиб, қўшимча 125 МВА қувват яратилади
  • 26.05.2023
  • 193

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Ўрунов маълум қилди:

Жорий йилнинг 11 май санасида Президент Ш.М.Мирзиёев раислигида жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш аҳволи, ёз мавсумида энерготизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш борасида кўрилаётган чоралар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Йиғилишда ёз ойларининг иссиқ кунларида электр энергиясига бўлган кунлик эҳтиёж қарийб 20–25 фоизга ошиши, ҳар бир ҳудуд ва тармоқ кесимида энергия танқислигини ортиғи билан қоплаш, электр тармоқларининг юқори юклама шароитида узлуксиз ишлашини таъминлаш, тармоқ ва ҳудудларда энергияни тежаш бўйича аниқ вазифалар белгиланган эди.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Ахборот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга қараганда, юқори кучланишли электр тармоқларининг барқарор фаолияти учун 2023 йилда 8 дона куч трансформатори, 36 дона ўчиргич, 3 дона ҳаво компрессори ва узунлиги 830,68 км бўлган 110–220–500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво линияларини мукаммал таъмирлаш, жумладан 289 дона подстанция трансформатори, 1532 дона ўчиргич, 22 дона ҳаво компрессори ва узунлиги 4958,751 км бўлган 110–220–500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво линияларини жорий таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, 2023 йил 1 май ҳолатига 4 дона куч трансформатори, 11 дона ўчиргич ва узунлиги 460,42 км бўлган 110–220–500 кВли электр узатиш ҳаво линиялари мукаммал, 148 дона подстанция трансформатори, 713 дона ўчиргич, 16 дона ҳаво компрессорлари ва узунлиги 2100,2 км бўлган 110–220–500 кВли электр узатиш ҳаво линиялари жорий таъмирланган.

Батафсил манба: https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/3973

uza.uzhttps://uza.uz/

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мавсумга тайёргарлик жараёнида турли ҳимоя воситалари, эҳтиёт қисм ҳамда ускуна-жиҳозлар захирасини яратиш, махсус автотранспорт воситаларининг ҳолатини текшириш муҳим аҳамият касб этади. Ахборот хизматининг маълум қилишича, ёз мавсумига тайёргарлик жараёнида 60 тонна трансформатор мойи харид қилинган. Бундан ташқари, куч трансформатори, техник пластина, кабель маҳсулотлари, темир-бетон таянчлар, металл таянчлар, сим-арқонлар ҳамда изолятор каби эҳтиёт қисмларидан авариявий захира яратилган. Фавқулотда ҳолат содир бўлганда зудлик билан авариянинг олдини олиш мақсадида 65 та бригада ташкил этил бўлиб, бригадалар махсус автотранспорт воситалари, зарур эҳтиёт қисмлар ва ҳимоя воситалари билан таъминланган.

Мавсумга тайёргарлик жараёнида 15 мингдан ортиқ изоляторлар алмаштирилган бўлиб, ҳозирда эксплуатация қилинаётган 238 та куч трансформаторлари ҳамда 2343 дона 6–10–35–110–220 ҳамда 500 кВ кучланишли ўчиргичлар даврий кўрикдан ўтказилган. Шунингдек, трансформаторлар совутиш тизимининг техник ҳолати, мойли қурилмаларнинг мой сатҳи меъёрга келтирилган.

Шу билан бирга, 159 дона 10–35–110–220–500 кВли реакторлар техник кўрикдан ўтказилиб, электр узатиш ҳаво тармоқларининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида 550 дона қушлар қўнишига қарши мослама ҳамда 8082 дона изоляторлар ўрнатилган.

Йил якунига қадар “Модернизация” лойиҳасига асосан 8 та подстанцияларда жами 1200 МВА қувват оширилиши ҳамда Андижон вилоятида 1 та 220 кВ подстанция қурилиб, қўшимча 125 МВА қувват яратилиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида: айни пайтда Энергетика вазирлигининг 2023/2024 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш тўғрисидаги йиғилиш баёни ижросини таъминлаш ҳамда куз-қиш мавсумида магистрал электр тармоқлари тасарруфидаги объектларнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриш, мавсумга тайёргарлик юзасидан амалга оширилган ишларни танқидий кўриб чиқиш ва юзага келган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, шу билан бирга, фавқулодда ҳолатларда раҳбар ва ишчи-ходимлар масъулиятини янада ошириш мақсадида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақуловнинг чора-тадбирлар режаси илова қилинган буйруғи имзоланган ва Акциядорлик жамияти балансидаги юқори кучланишли электр тармоқ ва подстанцияларда мавжуд электр жиҳоз ҳамда ускуналарининг 2023/2024 йил куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида таъмирлаш-созлаш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида: 2023 йил 12 май куни республикамизда энергетика ва сув ресурслари мувозанатини сақлаш ҳамда истеъмолчиларини электр энергияси билан барқарор таъминланиш мақсадида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ва «Барки Точик» компанияси ўртасида жорий йилнинг май-сентябрь ойлари учун шартнома имзоланган, мавсумий режа ҳажми 1 285,0 млн. кВт•соат эканлиги маълум қилинган. Айни пайтда импорт амалиёти иккита 220 кВли юқори кучланишли ҳаво тармоқлари орқали амалга оширилмоқда. Шартномага асосан ёз ойларида электр энергияси ва сув ресурсларига эҳтиёж ортадиган давр учун импорт ҳажмларини 500 кВли тармоқлар орқали кўпайтириш ҳам назарда тутилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, 2022 йил ёз мавсуми ҳамда 2022/2023 йил куз-қиш мавсумида ҳам, жузъий техник носозликларни ҳисобга олмаганда, магистрал электр тармоқлари ҳамда юқори кучланишли подстанциялар орқали генерация жараёнида ишлаб чиқарилган ва қисман импорт қилинаётган электр энергиясини тақсимловчи тармоқлари узатиб бериш жараёни барқарор фаолият юритганини кўришимиз мумкин.

Маълумот ўрнида: “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ўз балансидаги 220–500 кВ кучланишли электр тармоқларининг эксплуатация қилиш, ўз тармоқ йўналишида лойиҳалаштириш, қурилиш-монтаж, электр энергияси импорти ва экспорти, бундан ташқари, электр энергияси давлатлараро транзити ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан электр энергетика соҳасида ҳамкорлик масалаларини амалга ошириш каби вазифаларни бажаради.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>