Касаба уюшмаси
БИРЛАШГАН КАСАБА УЮШМА ҚЎМИТАСИ: ИШЧИ-ХОДИМЛАРНИНГ ФАРЗАНДЛАРИГА ЎҚУВ ҚУРОЛЛАРИ СОВҒА ТАРЗИДА ТАҚДИМ ЭТИЛДИ
  • 24.08.2020
  • 354

   Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — Бош қомусимизда «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга» деб белгилаб қўйилган. Оила ва маҳалла институти «олий тарбия мактаби», дея бежиз эътироф этилмаган. Ўзбек халқи тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳру оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар, энг аввал оилада шаклланишини кўрамиз. Демак, ОИЛА аталмиш институтнинг мукаммаллиги давлат ва жамият тараққиёти билан бевосита боғлиқ.

   Давлатимиз раҳбари миллий-маънавий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда оила ва маҳалла институтини ривожлантириш, бу соҳада йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган бўшлиқ ва муаммолар ечими юзасидан тегишли давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари олдига долзарб вазифаларни қўяётгани ҳам бежиз эмас.

  Барчангизга маълум, 2020/2021 янги ўқув йили бошланиши арафасида. Юртимизда жорий этилган ва қарийб беш ой давомида барча соҳа ва тармоқларга ўзининг салбий оқибатларини кўрсатган пандемия карантини пайтида ижтимоий муҳофаза масалалари ниҳоятда муҳим аҳамият касб этди. Шу кунларда карантин қоидалари бироз юмшатилган бўлсада, ҳануз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга мослашмоқдамиз.

   Батафсил: http://uzbekistonmet.uz/uz/

   «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида ҳам меҳнат фаолияти олиб бораётган кўп минг сонли ишчи-ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Жамият Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ҳамда филиалларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан 2020/2021 янги ўқув йили бошланиши олдидан 3 нафар ва ундан кўп мактаб ёшидаги фарзандлари бўлган ходимлар рўйхати шакллантирилиб, ишчи-ходимларнинг биринчи синфга борадиган бир нафар фарзандига ўқув қуроллари совға тарзида тақдим этилди.

 

 

   Бугун, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан Марказий бошқарув аппарати ходимларининг 13 нафар фарзандларига ўқув қуроллари ва мактаб сумкаси совға қилинди. Ишчи-ходимлар Жамият томонидан оилага эътибор, аниқроғи фарзандлар тарбияси билан шуғулланаётган кўпфарзандли оилаларга бундай эътибор учун ўз миннатдорлигини билдиришди.

 

 

   Ушбу жараён — ўқув қуроллари ва мактаб сумкасини тақдим этиш Жамиятнинг бошқа филиалларида ҳам давом этмоқда. Мисол учун, шу кунларда «Тошкент магистрал электр тармоқлари» филиали касаба уюшмаси томонидан филиал ходимлардан 41 нафарнинг фарзандига ўқув қуроллари совға қилинди. Шу каби ва бошқа — ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароити яратиш, ижтимоий ҳимоя масалалари ҳақида Жамиятнинг uzbekistonmet.uz веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ёритиб борамиз.  

   Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ нинг 2019–2021 йилларга мўлжалланган Жамоа шартномасининг 7.9-бандида “Икки ва ундан ортиқ мактаб ёшидаги фарзанди бўлган ходимга, янги ўқув йили арафасида харид қилинадиган дарсликлар ва ўқув қуроллари қийматини қоплаш учун моддий ёрдам ажратилади”, деб белгиланган.

 

 

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>