Янгиликлар
ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИНИ РАҚАМЛАШТИРИШ ЖАРАЁНИ ВА УНИНГ ЯҚИН КЕЛАЖАКДАГИ ИСТИҚБОЛЛАРИ: Петербург энергетика малака ошириш институти билан ҳамкорликдаги онлайн ўқув курсида 20 нафар мутахассис-ходимларимиз малака оширишмоқда
  • 19.10.2020
  • 997

   Аввал хабар берганимиздек, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6079-сонли «Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Жамият ишчи-ходимларни, аниқроғи энергетика соҳасининг етук мутахассис-муҳандисларини халқаро илғор технологиялар, миллий диспетчерлик тизимининг иш фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида (электр энергетика тармоғида маълумотларни йиғиш бўйича — SСADA ҳамда энергияни бошқариш тизими — ЕМS жорий этилиши муносабати билан) мутахассислар малакасини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

   Мисол учун, Россия Федерацияси Петербург энергетика малака ошириш институтининг қўшимча касбий таълим федерал давлат автоном ўқув муассасаси билан ҳамкорликда «Энергетика соҳасини рақамлаштириш жараёни ва унинг яқин келажакдаги истиқболлари» мавзусида онлайн ўқув курслари ташкил этилиб, малака ошириш жараёни бугун, 2020 йил 19 октябрь санасидан ўз ишини бошлади. Унда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ филиаллари раҳбар-ходимлардан иборат 20 нафар мутахассислар малака оширмоқдалар.

 

   Малака ошириш ўқув курсининг дастлабки машғулотини «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Д.А.Исақулов очиб бериб, тингловчиларга Ўзбекистон энергетика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, рақамлаштириш дастурига мувофиқ амалиётга татбиқ этилаётган инвестицион лойиҳалар ва уларнинг бугунги глобаллашув шароитидаги аҳамияти нақадар муҳим эканлиги тўғрисида умумий тушунчалар берди. Шунингдек, дастлабки ўқув машғулотида тингловчиларга «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Миллий диспетчерлик маркази — Тизим хизматлари бўйича бош бошқарма бошлиғи А.Мирзаев ҳамда «Energo-IT» филиали директори З.Сагдиевлар энергетика соҳасидаги рақамли технологиялар бўйича энг сўнгги ютуқлар ҳақида гапириб беришди.

   Бир сўз билан айтганда, Жамиятнинг мутахассис-ходимлари ўқув курсларида таҳсил олиб, энергетикада рақамлаштириш мавзуси бўйича ўз касбий малакасини оширгач, ишлаб чиқариш жараёнига қайтганидан сўнг амалиётга қандай янгиликларни татбиқ этишлари лозимлиги уқтирилди.

 
   Эслатиб ўтамиз, петербурлик мутахассислар иштирокидаги онлайн ўқув машғулотлари карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда ташкил этилган бўлиб, тингловчиларга ўқиш ва дам олишда барча шароитлар яратилган, жумладан улар иссиқ овқат, ётоқхона ва зарур антицептик воситалари билан таъминланган.  
 

   Ёдингизда бўлса, дастлабки касбий малакани ошириш ўқув курслари 2020 йил 6 июль санасида (пандемия шароитидан келиб чиқиб онлайн шаклда) бошланган эди. Унда юқори кучланишли подстанцияларда меҳнат фаолияти юритаётган оператив ходимлардан иборат 15 нафар мутахассислар учун малака ошириш машғулотлари муваффақиятли якунланганди: http://uzbekistonmet.uz/uz/

 

   Бундан олдинроқ Петербург энергетика малака ошириш институти ректори, профессор Александр Николаевич Назаричёв энергетика соҳасидаги Ўзбекистон–Россия Федерацияси ҳамкорлиги масалалари, Малака ошириш институтининг «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликдаги фаолияти тўғрисида ўзбекистонлик энергетикларга мурожаати эълон қилинган эди: http://uzbekistonmet.uz/uz/

 

   Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сонли «Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг ижроси бўйича «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида олиб борилаётган ишлар ҳақида Жамиятнинг uzbekistonmet.uz веб-сайти орқали батафсил маълумотлар бериб борамиз.

 

   Қўшимча маълумот: «ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ: САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИБ КЕЛИНАЁТГАН РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ВА УЛАРНИНГ ИСТИҚБОЛДАГИ РЕЖАЛАРИ: http://uzbekistonmet.uz/uz/

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

 

 

Ахборот 24 | Электр тармоқлари тизимида рақамли иқтисодиётга ўтиш

>