Янгиликлар
ЎЗБЕКИСТОН ЭНЕРГЕТИКА СЕКТОРИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШГА ДОИР ИСТИҚБОЛДАГИ ҚАДАМЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
  • 26.10.2020
  • 814

Жорий йилнинг 23 октябрь куни пойтахтимизнинг “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида қатор халқаро молия институтлари иштирокида мамлакатимиз энергетика секторини янада ислоҳ қилишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. 
 

 
 

Тадбирда Энергетика вазири, Молия вазири ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари, шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарлари иштирок этди.
 

 
 

Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, қатор халқаро юридик ва аудиторлик компаниялари вакиллари, шунингдек халқаро экспертлар ва маслаҳатчилар муҳокаманинг онлайн иштирокчилари бўлди.
 

 
 

“Юртимиз энергетика секторини ислоҳ қилиш жараёнида Халқаро молия институтлари ислоҳотларни режалаштириш ва амалга ошириш, уларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва обрўли халқаро экспертларни жалб қилиш ишларига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Асосийси, мазкур самарали ҳамкорлик орқали мамлакатимизда энг яхши, замонавий ва дунё тажрибаларини жорий этиш имконияти яратилаётганидир”, – деди Энергетика вазири Алишер Султанов.
 

 
 

Давра суҳбати давомида электр энергетика ва нефть-газ тармоқларини янада ислоҳ қилиш бўйича Тавсиялар ва Йўл хариталари муҳокама қилиниб, уларни тайёрлашда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг халқаро экспертлари ва маслаҳатчилари иштирок этди. 
    

 


Экспертлар томонидан таъкидланганидек, энергетика секторида бундай кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилиши корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, бозор механизмларига ўтиш, истеъмолчиларга арзон ва кафолатланган электр энергияси ва газ етказиб беришни кўзда тутувчи хизматлар сифатини ошириш, энергетика саноати барқарорлигига эришиш, энергия ресурсларини самарали ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш имконини беради.
 

 


Муҳокамалар давомида давлат энергетика корхоналарини хусусийлаштириш мавзусига ҳам тўхталиб ўтилди. Халқаро маслаҳатчилар либераллаштириш ҳар доим ҳам хусусийлаштиришни англатмайди, бунга пухта ёндашиш, биринчи навбатда, бунинг учун зарур Қонунчилик базасини яратиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
 

 


Халқаро молия институтлари вакиллари энергетика соҳасида таклиф этилаётган ислоҳотларни амалга оширишда келгусида техник ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирдилар.
 

 

 

 

 

 



Манба: Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

http://minenergy.uz/uz/news/view/879

 

 

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>