Келиб тушган мурожаатлар
uzbekistonmet.uz веб-сайти: МУРОЖААТ ҚИЛГАН ЭДИНГИЗ...
  • 07.01.2021
  • 360

   Маълумки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг расмий веб-сайтида «МУРОЖААТЛАР» рукни ташкил этилган бўлиб, уларга Ахборот хизмати томонидан тезкор жавоблар бериб борилмоқда. Эътиборингизга info@uzbekistonmet.uz электрон почтасига фуқаро Анвар Худойбердиев томонидан юборилган мурожаат ва унинг жавобини (бошқа истеъмолчиларнинг шу каби саволларига жавоб бериш мақсадида) ҳавола этамиз. «Тўк муоммоси» деб номланган мурожаат матни (телефонда ёзилган бўлиши мумкин) тегишли тартибга мувофиқ ўзгартирилмасдан (таҳрирсиз) тақдим этилмоқда.

   МУРОЖААТ МАЗМУНИ:

   «...Қашқадарё ғузор туманига соат 10дан бери тўк йўқ шун сабабини ижтимои тармоқлар орқали хабарини элон қилиб турсалариз бумайдими»

   МУРОЖААТГА ЖАВОБ:

   Ҳурматли фуқаро Анвар Худойбердиев!

   Паст кучланишли тармоқлар орқали электр энергиясини тақсимлаш ва етказиб бериш, шунингдек ҳисоблагичлар ўрнатиш ва истеъмол қилинган электр энергияси тўловлари ҳисобдорлигини юритиш билан шуғулланувчи турдош ташкилот — «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг расмий het.uz сайти ҳамда Telegram месенжеридаги "Hududiy elektr tarmoqlari" AJ bilan muloqot  канали, шу билан бирга, “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг ижтимоий тармоқдаги каналларида турли носозликларни бартараф этиш мақсадида электр таъминотидан вақтинча (режали) узилишлар ва бошқа авариявий ҳолатларни истеъмолчилар, кенг жамоатчилик эътиборига (қисқа рақам: 1154) ҳавола этиб борилади.

   ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИДАГИ УЗИЛИШЛАРНИНГ АСОСИЙ САБАБЛАРИ ҚУЙИДАГИЧА:

   Биринчиси, электр тармоғига турли техник ва иқлим шароитлари билан боғлиқ таъсирлар, масалан, тармоқ симларига кучли шамол ва ёмғир таъсирида дарахт шохларининг тегиши (ёки электр ўтказувчанлик хоссасига эга бошқа предмедлар), қурилиш ишларида йўл қўйиладиган эҳтиёткорсизлик туфайли таъсирлар, бундан ташқари, электр ускуна ва жиҳозларининг жисмонан эскириши туфайли (ўзининг эксплуатация муддатини ўтаб бўлиши) носоз ҳолга келиши ёки электр ускуналарининг ортиқча юкламада ишлаши туфайли келиб чиқадиган носозликларни мисол қилиб олиш мумкин.

   ‼️ Ва, албатта, бу носозликлар бартараф этилаётган пайтда хавфсизлик техникаси талабларига мувофиқ тармоққа уланган истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилиб турилади.

    Иккинчиси, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги тафовут тизимнинг яхлитлигига, барқарор фаолиятига салбий таъсир этганда маълум техник шартлар асосида тармоқдан жадвалли узишлар содир бўлиши мумкин.

   ✅  Бу жараён автоматик тарзда рўй бериб, тизимнинг кейинги барқарор фаолияти учун уни ҳимоялаш шарти билан амалга ошади. Айнан шунинг учун, аксарият ҳолатларда, электр таъминотидаги узилишларни олдиндан билиш ва вақтини белгилаш, бу ҳақда истемолчиларни олдиндан огоҳлантиришнинг имкони мавжуд эмас.

   ‼️ МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: Электр энергияси ишлаб чиқариш учун табиий газ, кўмир ҳамда мазут етказиб берувчи, гидроиншоотлар ва иссиқлик электр станцияларида электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, уни юқори ҳамда паст кучланишли ҳаво линиялари ва подстанциялар орқали етказиб берувчи ва тақсимловчи ташкилотлар —  электр таъминоти узилишидан манфаатдор эмас. Аксинча, истеъмолчиларга етказиб берилмаган энергоресурслар ишлаб чиқаришда «йўқотилган фойда» ҳисобланади.

   2017 йилдан буён, йирик инвестицион лойиҳалар асосида, энерготизимда мавжуд эскирган электр ускуна-жиҳозларини янги ва юқори қувватлиларига алмаштириш, уларни янгилаш, яъни модернизация-реконструкция ҳамда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш мақсадида бир нечта инвестлойиҳалар амалга оширилмоқда.

   Шу билан бирга, истеъмол қилинган энергоресурслар учун қарздорликни камайтириш, меҳнат унумдорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида энергетика соҳасида, жумладан электр энергетика тармоғида ҳам рақамли технологиялар жорий этилмоқда.

   ☑️ Батафсил: ‖  O‘zb  ‖  Ўзб  ‖  Рус  ‖

   ☑️ Видеони кўриш: ‖  Ўзб  ‖  Рус  ‖

 

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Ахборот хизмати
Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>