Янгиликлар
Давлат қарзини бошқариш — долзарб вазифа: хориж мамлакатлари ва Ўзбекистонда ҳолат қандай?
  • 12.03.2021
  • 651

  Давлат қарзининг келиб чиқиш сабаблари, унинг миқдоран ошиб ёки камайиб бориши ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий сиёсати, ислоҳотлар қамрови ва динамикаси билан узвий боғлиқ.

  Кейинги ўн йилликда дунё мамлакатларида ташқи қарзга бўлган талаб нисбатан ошганлиги ҳамда давлатлар ўртасида бу борада тафовутлар кучайганлигининг бир қанча сабаблари бор. Улардан энг муҳимлари сифатида жаҳон молиявий инқирозининг келиб чиқиши, айрим мамлакатларда ижтимоий муаммоларнинг кескинлашуви, иқтисодий хавф­сизлик масалалари, иқтисодий қудрат билан ижтимоий ­талаблар ўртасидаги номутаносибликлар, молиявий манбалардан ноўрин фойдаланиш натижасида бюджет тақчиллигининг ошиб кетиши, фавқулодда вазиятлар, хусусан, коронавирус пандемияси каби омилларни келтириш мумкин.

  Дунё мамлакатларида вазият қандай?

  Дунёда давлат қарзи ­масаласини четлаб ўтиб, ­ривожланишга эришган мамлакатни топиш қийин.

  Одатда, давлат қарзи ва унинг динамикасига баҳо берилганда қарзнинг ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбати ўрганилади. Ушбу кўрсаткичнинг энг юқори чегараси Маастрихт (1992 йил 7 февралда Нидерландиянинг Маастрихт шаҳрида имзоланган) келишуви мезонларига кўра, 60 фоиз, Халқаро валюта жамғармаси ва Европа Иттифоқининг кўрсатмаларига мувофиқ 50 фоиздан ­ортмаслиги тавсия қилинади.

  Агар дунёдаги ташқи қарз геогра­фиясига назар ташланса, давлат қарзининг нисбий ва абсолют қийматларига кўра энг юқори даража АҚШ, Япония, ва Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатларига тўғри келади. Уларнинг аксариятида мамлакат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 60 фоизлик «қизил чизиқ»дан аллақачон ошиб бўлган, айримларида эса 100 фоиздан ҳам ортиқлигини кузатиш мумкин. АҚШ ҳамда ЕИ мамлакатлари қарзни кўпроқ ташқи бозорлардан олишни маъқул кўрса, Япония ва илдам ривожла­наётган мамлакатлар (Хитой, Ҳиндистон ҳамда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари) ички бозордан олинган қарзлар ҳисобига иқтисодиётнинг молиявий ресурсларга бўлган талабини қондиради. Ушбу мамлакатлар иқтисодиётига жалб қилинаётган инвестиция маблағларининг аксарият қисми корпоратив қарзлар ҳиссасига тўғри келади.

  Ташқи қарз «олди-берди»си жаҳон амалиётида кенг қўлланилиб келаётган молиявий воситалардан бўлиб қолаётганлигига қарамасдан давлат бюджети камомадини тўлдиришда ундан фойдаланишнинг хавф-хатарларини ҳам холисона эътиборга олиш лозим. Ривожланаётган давлатлар учун ташқи қарз улушининг кескин кўтарилиши халқаро молиявий тузилмаларга нисбатан иқтисодий ва сиёсий қарамликни келтириб ­чиқариши ёки кучайтириши мумкин. Шунингдек, қарз миқдорининг кўпайишда давом этиши давлат томонидан қарзларни қайтаришда бюджет юкининг ортиб боришига сабаб бўлади. Бундан ­ташқари, корпоратив қарзларнинг ички ва ташқи бозорлардан жалб қилиниши ҳамда самарасиз лойиҳаларга сарфланиши ёки макроиқтисодий конъюнктуранинг (масалан, инфляция даражаси, иқтисодий ўсиш суръати, миллий валюта курслари) кескин ўзгариши натижасида иқтисодиётда салбий ҳолатлар юзага келади.

  Ўзбекистонга хос жиҳатлар

  Молия вазирлигининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи жами 23,3 млрд. доллар эквивалентига ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 40,4 фоизга етди. Хусусан, ушбу қарзларнинг 21,1 млрд. долларга ёки ЯИМга нисбатан 36,5 фоизга тенг қисмини давлат ташқи қарзи ташкил қилади.

  Давлат қарзининг сўнгги уч йилдаги ўсиш динамикаси ЯИМдаги улушига нисбатан олганда 19,5 фоиздан 40,4 фоизгача, ташқи қарз эса 12,7 фоиздан 36,5 фоизгача ортганлигини кузатиш мумкин. Шу ўринда давлат ички қарзи 6,8 фоиздан 3,9 фоизгача қисқарган. Давлат қарзи, шу жумладан, ташқи қарз ўсишида кузатилаётган юқори динамикага қарамасдан ушбу қарз миқдорлари халқаро меъёрларга кўра мамлакатимизда мўътадил даражада сақланиб қо­лаётганлигини халқаро молиявий ташкилотлар экспертлари ҳам эътироф этмоқда. Лекин кейинги 3-4 йил ичида Ўзбекистоннинг давлат қарзи, шу жумладан, ташқи қарз нега бунчалик тез суръатларда ўсиб кетганлиги кўпчиликни қизиқтираётгани бежиз эмас. Бундай ўсиш суръатларининг биз билган ва билмаган бир қанча сабаблари бор.

  Энг аввало, кейинги тўрт йилда иқтисодиёт тармоқларида олиб борилаётган ислоҳотларга янгича тус берилганлиги, тадбиркорликни номигагина эмас, балки амалда қўллаб-қувватлаш, валюта операцияларини эркин амалга ошириш имконининг яратилиши, ташқи савдода экспорт-импорт жараёни шартларининг енгиллаштирилиши ва иқтисодиётни либераллаштиришнинг бошқа бир қанча омиллари эвазига мамлакатимизда тадбиркорлик ва инвестиция фаоллиги кескин ошди. Натижада иқтисодиётнинг энергетика маҳсулотлари (нефть, газ, электр энергияси) ҳамда транспорт хизматларига бўлган талаб кучайди. Шу туфайли ҳам кейинги тўрт йилда энергетиканинг нефть ва газ, электр энергияси ҳамда транспорт соҳаларида ишлаб чиқариш инфраструктурасини ривожлантириш, модернизация қилиш ва янги қувватларни ишга туширишга оид бир қанча лойиҳалар халқаро молиявий ташкилотлар кўмагида амалга оширилмоқда. Ушбу мақсадларга деярли 8 млрд. АҚШ доллари эквиваленти миқдорида ёки ташқи қарзнинг 38 фоизи йўналтирилган.

  Шунингдек, қишлоқ хўжалигида бевосита давлат томонидан олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, соҳани модернизация ва диверсификациялашга қаратилган лойиҳалар ижроси учун ишлатилган давлат ташқи қарзи маблағлари 2,2 млрд. АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлди. Давлат ташқи қарзининг 10 фоизига тенг бу маблағлар қишлоқ хўжалигида суғориш, агротехника, уруғчилик, селекция, ер унумдорлиги ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш билан боғлиқ энг муҳим лойиҳаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга сарфланганини англатади.

  Давлат ташқи қарзи тез суръатларда ошишининг яна бир жиҳати халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш билан боғлиқ. Аҳолининг яшаши, уй-жой шароити, сув таъминоти, канализация ва коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш борасида мамлакатимизда кўплаб муаммолар йиғилиб қолганлиги ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, муҳтож оилаларни уй-жой билан таъминлашда охирги тўрт йилда мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилганлигига қарамасдан, бу борада вазиятни кескин ўзгартириш учун давлат кўмагида бозор тамойилларига асосланган ипотека тизимини такомиллаштириш, шунингдек, давлат ташаббуси билан катта миқдордаги сармоялар киритиш талаб этилади. Ички имкониятлар чекланганлиги учун 2020 йилнинг якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 11 фоизи ёки 2,3 млрд. доллар эквивалентидаги маблағлар уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилган.

  Бундан ташқари, таълим, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация ва бошқа соҳалар учун ҳам ташқи қарз ҳисобидан 2 млрд. АҚШ доллари эквивалентида маблағлар жалб этилган. Шунингдек, 2020 йилда Молия вазирлиги томонидан умумий ҳажми 750 млн. доллар миқдоридаги суверен халқаро облигацияларнинг иккинчи транши илк бор миллий ­валютамиз — ўзбек сўмида 2 трлн. сўм миқдорида Лондон қимматбаҳо қоғозлари бозорида муваффақиятли жойлаштирилди. Ушбу облигациялардан тушган маблағлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига, хусусан, камбағалликка қарши курашиш, соғлом турмуш тарзини ва сифатли таълимни тарғиб қилиш, гендер тенглиги таъминланишини жадаллаштириш, тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имко­ниятларини яратиш, муносиб меҳнат шароити ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ҳамда инфратузилма барқарорлигини оширишга қаратилган ривожланиш лойиҳалари учун йўналтирилмоқда.

  Капитал бозори ривожланиши керак

  Ички бозорда жойлаштирилган давлат қимматли қоғозлари 2018 йилдаги қарийб 0,6 трлн. сўмдан 2020 йилда 5,0 трлн. сўмгача ошганига қарамасдан кейинги уч йил ичида давлат қарзида ички қарзлар миқдори 4,0 млрд. АҚШ доллари эквивалентидан 2,2 гача ёки ЯИМга нисбатан фоизда 6,8 фоиздан 3,9 фоизгача қисқарганлигини кўриш мумкин.

  Давлат қарзининг таркибида ички қарз­лар салмоғи йил сайин нисбатан камайиб бораётганлиги капитал бозорининг ривожланиш даражаси ва бугунги кундаги ҳолати билан боғлиқ. Капитал бозорининг етарли даражада ривожланмаганлиги учун ҳам республика бюджетида тақчилликни молиялаштиришда қимматли қоғозларга бўлган эҳтиёж молия бозоридаги ички талабдан келиб чиқиб нисбатан паст даражада белгилан­моқда.

  Давлат қимматли қоғозларини кўпроқ муомалага чиқариш орқали ички қарз улушини орттириб бориш тезда ҳал бўладиган масала эмас. Бунинг устида Молия вазирлиги Халқаро валюта жам­ғармаси, Жаҳон банки ва АҚШ ғазначилиги билан ҳамкорликда давлат қарз портфелини диверсификациялаш борасида иш олиб бормоқда.

  Албатта, ички молиялаштириш манбаларидан кенг фойдаланиш ҳамда давлат қимматли қоғозлар бозорини фаоллаштириш валюта хатарларини ка­майтириш имконини беради. Шу мақсадда маҳаллий ва хорижий инвесторларни давлат ҳамда корпоратив қимматли қоғозларини ички молия бозорларида жойлаштириш орқали жалб этиш имкониятларидан кенг фойдаланиш Ўзбекистонда капитал бозорини жадал ривож­лантириш зарурлигини кўрсатмоқда.

  Бошқаришнинг янги механизмлари

  «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси номидан ва давлат кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг суммаси ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги белгиланган. Шунинг­дек, 2021 йил учун ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд. доллар, шундан Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун 2,2 млрд. доллар (шу жумладан, давлат қимматли қоғозлари 5 трлн. сўм), инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 3,3 млрд. доллар миқдорида белгиланган.

  Ўзбекистон Республикаси халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан қарз маблағларини жалб қилишда консерватив ёндашувга таянган ҳолда хатарларни бошқа­риш тамойилларини қўллаш борасида ­тизимли ишларни амалга оширмоқда. Давлат ташқи қарзининг манбалари диверсификацияланган бўлиб, ташқи қарз портфелида халқаро молиявий институтлардан жалб қилган қарз ҳажми 10,1 млрд. долларни ташкил этади. Хусусан, ташқи қарзнинг асосий қисми Осиё ­тараққиёт банки (5,0 млрд. доллар), Жаҳон банки (3,7 млрд. доллар) ва Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд. доллар) ҳиссасига тўғри келади. Хорижий давлатлар молия ташкилотларининг давлат ­ташқи қарзидаги улуши 44,0 фоизни ташкил қилмоқда.

  Давлат қарзини самарали бошқариш мақсадида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорликда 2020 — 2022 йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзини ­бошқариш стратегияси ишлаб чиқилган. Стратегия доирасида давлат қарзини диверсификациялаш ҳамда валюта хатарларини камайтириш мақсадида Давлат бюджети тақчиллигини, аввало, давлат қимматли қоғозларини ички бозорда жойлаштириш ва суверен халқаро облигацияларни халқаро молия бозорига жойлаштириш орқали қоплаш борасида аниқ вазифалар белгиланиб, амалга оширилмоқда.

  Давлат қарзи, шу жумладан, ташқи қарзни доимий мониторинг қилиш мақсадида Халқаро валюта жамғармаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи барқарорлиги таҳлили амалга оширилди. Шунингдек, илк бор «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун билан давлат қарзи миқдорининг ялпи ички маҳсулотга нисбатини 60 фоиздан оширмаслик белгиланди.

  Бундан ташқари, давлат қарзини жалб қилиш ва ишлатилиши бўйича шаффофликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, давлат қарзи ҳисобидан молиялаштирилган ва якунланган барча лойиҳалар мажбурий тартибда Ҳисоб палатаси томонидан аудитдан ўтказилиши ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида муҳокама қилиб борилиши тизимли йўлга қўйилади.

  Шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва АҚШ ғазначилиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонуни лойи­ҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасида депутатлар муҳокамасига киритилиши кутилмоқда. Ушбу қонун лойиҳасида давлат ички ва ташқи қарзлари таснифи, давлат бошқаруви органларининг давлат қарзини жалб қилиш ва бошқариш соҳасидаги ваколатлари, давлат корхоналари томонидан қарз маблағларини жалб қилиш, давлат қарзи бўйича лимитлар ҳамда уларни ўрнатиш қоидалари, шартли мажбуриятларни бошқариш, давлат қарзига ўз вақтида ва тўлиқ хизмат кўрсатилиши ҳамда уни бошқаришда шаффофлик ва маълумотлар очиқлигини таъминлаш каби масалалар акс ­эттирилган.

  Ҳар бир давлат ўз миллий стратегиясига эга бўлиши зарур

  Дунёнинг айрим мамлакатларида ­ташқи қарзнинг критик даражаси юқо­рилаб бораётганлиги нафақат мамлакатлар иқтисодий хавфсизлиги, балки дунё иқтисодиёти барқарорлиги нуқтаи назаридан ҳам хавф-хатарлар келтириб ­чиқараётганлиги бор ҳақиқат.

  Бир қатор ривожланган ва жадал ривожланаётган мамлакатлар умумий қарз мажбуриятларида нафақат давлат қарзининг, балки тижорат банклари ва корпоратив секторнинг қарзлари кескин ошиб кетиши иқтисодиётда жиддий муаммоларни келтириб чиқарганлиги жаҳон молиявий инқирози авж олган пайтида ЕИнинг Греция, Португалия, Испания каби мамлакатлари мисолида кузатилди. Ушбу мамлакатлар тажрибаси қарз­дорлик даражасини доимий назорат қилиш, қарзларнинг ноўрин ошиб кетишига йўл қўймаслик, ташқи ва ички қарз­ларни самарали бошқаришда ҳар бир давлат ўзининг миллий стратегиясига эга бўлиши зарурлигини кўрсатади.

  Ўзбекистон шароитида ички капитал бозори энди шаклланаётган пайтда тизимли ислоҳотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда ҳозирча ягона муқобил манба — ташқи қарз бўлиб қо­лаётганлигини ҳисобга олган ҳолда мамлакатнинг инвестиция ва қарз бозорининг молиявий дастаклари ҳамда механизмларини тезроқ ишга солиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ. Бунда аҳолининг қўлидаги маблағларни иқтисодиётга самарали жалб қилиш муҳим вазифадир. Айни пайтда аҳоли ихтиёрида 10 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағлар мавжудлиги тахмин қилин­моқда.

  Масалан, ҳозирги пайтда айримларнинг ўз сармоясини сақлаш мақсадида Тошкент шаҳрининг энг нуфузли ҳудудларидан, эҳтиёжи бўлмаса ҳам уй-жойлар сотиб олаётганлигини ҳисобга ­олсак, ушбу тахминлар ноўрин эмаслигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Шундай экан, ушбу маблағларни иқтисодиётимизга самарали инвестиция сифатида жалб қилиш давлатнинг ташқи қарзларга бўлган талабини бир оз бўлса ҳам қисқартирган бўлар эди. Бунинг учун аҳолининг қимматли қоғозларга бўлган ишончи ва иштиёқини ошириш мақсадида махсус қимматли қоғозларни чиқариш ва тижорат банклари орқали тўғридан-тўғри сотиш имкониятларини чуқур ўрганишимиз керак. Бундай амалиётни тўғри йўлга қўйиш капитал бозори ривожланишининг дастлабки босқичида реал иқтисодиётни молиявий маблағлар билан таъминлашда ҳамда Давлат ­бюджетининг тақчиллигини қоплашнинг самарали воситаси сифатида хизмат қилади.

  Қисқача айтганда, давлат қарзи ва ташқи қарз масаласида Ўзбекистон жиддий муаммоларга тўқнаш келмаганлиги, энг аввало, Президентимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган иқтисодий сиёсатининг натижасидир. Давлат қарзини бошқаришнинг миллий стратегиясида белгиланган вазифалар Президентимиз томонидан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳанг бўлиб, унда ташқи қарз портфелини оптималлаштириш ва ички қарз бозорини ривожлантириш эвазига ички маблағларни иқтисодиётнинг энг устувор йўналишлари ҳамда долзарб лойиҳаларига қа­ратиш стратегик аҳамият касб этган. Бунинг тасдиғини халқаро молия ташкилотлари мониторинг гуруҳларининг ­бераётган хулосаларидан ҳам топиш мумкин.

Шарофиддин НАЗАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси,
иқтисодиёт фанлари доктори.

Манба: https://xs.uz/uzkr/51990

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>