Қизиқарли хабарлар
ЯНА БИР БОР ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ҲАҚИДА
  • 18.09.2019
  • 1086

    «Ўзбекэнерго» ўрнига учта янги ташкилот

    Электр энергетика тармоғининг ишончли фаолият юритишини таъминламасдан туриб иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат ҳудудларининг саноат салоҳиятини ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва ҳаёт сифатини яхшилашга эришиб бўлмайди. Шу боис замонавий шароитларда электр энергетика тармоғида рақобат муҳитини ривожлантириш, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш соҳасидаги ташкилий-ҳуқуқий асосларни тубдан такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг март ойида «Ўзбекэнерго» АЖ фаолияти тугатилиб, унинг ўрнига алоҳида учта ташкилот пайдо бўлди. Булар «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятларидир.

    1кВт электр учун қанча ҳаражат сарфланади?

    «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг Иқтисодиёт ва молия бошқармаси бошлиғи Абдуҳамид Жўраевнинг айтишича, 1 кВт.с. электр энергиясини ишлаб чиқариш учун 0,3 м3табиий газ ёки 1,2 кг кўмир ёки 0,3 кг мазут ёки 3,1 м3ер ости гази ишлатилади.            «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти 2019 йилда жами 51,6 млрд. кВт. соат электр энергиясини транспортировка қилиш мажбуриятини (иш ҳажмини) олган, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 104,2 фоизни ташкил этиши режалаштирилган.

    2019 йилнинг январь-август ойидаги ҳолатга кўра 32,9 млрд. кВт. соат электр энергияси транспортировка қилинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 100,4 фоизни ташкил этади. Қолаверса, йил сайин аҳоли ўсиши ва турмуш фаровонлигининг ошиши ҳисобига электр энергиясидан фойдаланиш тез суръатларда ошиб бормоқда. Ана шу 4 фоиз фарқ ҳам кВт ҳисобида ҳисобланса, ўтган йилга нисбатан 3 миллиард кВт электр кўп ишлатилганини кўрсатиб турибди. Бу деярли битта вилоятнинг бир йил давомида ишлатадиган электр ҳажмига тенгдир.

    Давлат нега субсидия ажратди?

    Бугунги кунда электр энергиясини олишда 80 фоиз табиий газ ёки кўмирдан фойдаланилади. Табиий газ нархининг кўтарилгани электр энергияси ҳаражатлари кескин ошиб кетишига ҳам сабаб бўлди. Натижада, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳаражатларида аҳоли томонидан амалга ошириладиган тўловлар оширилган нархларда ҳисобланган тақдирдаям олдингидан ҳам кўпроқ ўзини оқламай қолди. Шу боис соҳа ҳукумат томонидан 454 миллиард сўм миқдоридаги бюджет субсидияси ажратилиши билан молиявий қўллаб-қувватланди.

    Соҳа мутахассислари электр олиш учун улкан табиий газ ва кўмир захираларимиз ишлатилаётганлиги таъкидлаб, электрдан тежамкорлик билан фойдаланишга чақирмоқда.  

    Янги ҳисоблагич — «юқори аниқликка эга»

    – Олдинги электр ҳисоблагичлар юқори сезувчанликка эга эмасди, уларга инсон омилининг таъсир этиш имконияти кенг бўлиб, айрим одамлар қинғир йўллар билан уларни тўхтатиб қўйиши ҳам мумкин эди, – дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарма бошлиғи Д. Юсуфалиев. – Ҳозирда айрим аҳоли вакиллари янги ҳисоблагич «кўп пул ёзаётганидан» шикоят қилмоқда. Аслида биз аҳолига бир нарсани тўғри тушунтиришимиз керак. Янги ҳисоблагичлар юқори аниқликка эга. Бу соҳа ҳам такомиллашди. Мисол учун олдинги ҳисоблагичда мобил телефонини қувватловчи мослама токка уланган ҳолатда уйимизда кун бўйи турганида ҳам унга кетган ток кучи ҳисобланмаган. Ҳозирги янги ҳисоблагичлар эса жуда кичик электр сарфини ҳам ҳисоблайди. Аммо ҳеч қандай ортиқча ҳисобга йўл қўймайди. У неча-неча бор текширувлардан, сифат назоратидан ўтказилган. Биз бунга тўлиқ аминмиз. Шу боис аҳолини яна бир бор электрдан тежаб фойдаланишга чақирамиз.

Зебо НАМОЗОВА, «Ishonch» мухбири

     «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

      t.me/uzmetaxborotxizmati

      Манба: http://ishonch.uz/2019/09/16/yana-bir-bor-elektr-energiyasi-haqida/

 

>