ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz — Электр ва газ ўғрилаш: соҳадаги бугунги аҳвол ва бунга қандай чек қўйиш мумкин?
  • 07.03.2023
  • 160

Кейинги пайтларда айрим корхона ва ташкилотлар, аҳоли вакиллари ҳам табиий газ, электр энергияси ва ичимлик сувини қонунга хилоф равишда ишлатаётгани фош бўлмоқда. Бундайлар кўпчиликнинг ҳаққидан ҳазар қилишмаяпти.

Фото: Kun.uz

Аслида, газ, электр ва тоза сув халқ бойлиги ҳисобланади. Аҳоли истеъмоли учун уларга белгиланган тарифлар ҳам жуда паст. Нархлар давлат томонидан субсидияланади. Сўнгги пайтларда газ ва электр учун ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилди, ичимлик суви учун ҳам шундай замонавий ҳисоблагичлар жорий этилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, аҳоли ўртасида тўлов интизоми бирмунча ошди.

Аммо хусусий бизнес ва тадбиркорларни бунга кўниктириш қийин бўляпти. Турли корхоналар сув, газ, электрни ўғринча (демакки, хўжасизларча) ишлатиб, давлат бюджетига катта зарар етказиш билан бирга, бу неъматларнинг тақчиллигига ҳам ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

 

Улар бу қилмишини амалга оширишда асосан энергия ресурслари ва сувдан ҳисоблагичсиз фойдаланиб ёки тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб ёки ҳисоблагич пломбасини бузган ҳолда кўрсаткичларини ўзгартириб, катта миқдорда зарар етказишади.

Энг қизиғи, бу оддий ҳолга айланиб қолган. Бу ишга қўл урганлар қилмиши жиноят экани, ўғрилик эканини заррача ҳис қилмайди. «Қўлга тушмадимми — ўғри эмасман», деб ўйлашади, «мабодо қўлга тушсам, «гаплашиб» ишни ҳал қиламан», дея хомтама бўлишади.

Ўмаришлар ортида нима турибди?

Албатта, катта пул, манфаат турибди. Токи таъминот хусусий қўлларга ўтмас, давлат ихтиёрида қолаверар экан, соҳада ўғриликлар ҳеч қачон тугамайди.

Энг алам қиладигани, электр тармоқлари ва газ таъминоти корхоналаридаги коррупциянинг ўзи ҳам мана шундай ўғриликлар авж олишига сабаб бўлмоқда ва шароит яратмоқда.

Чунки «ўғрилик» деганда улар ҳам бировнинг уйига тунда девор ошиб ўтиб тунаш ёки кимнингдир чўнтагини қирқишдек машаққат талаб қиладиган ишни тушунишади. Аслида, иссиқ кабинетдаги креслода ўтириб, беминнат оқиб ётган ток ва газдан ноқонуний фойдаланишга шароит яратиш ҳам ўғриликка шерик бўлишнинг баайни ўзгинаси.

Лекин бизда бундай ўғрилар ҳамиша ардоқда. Одамлар уларга ҳаттоки «ишнинг кўзини биладиган батадбир инсонлар» сифатида ҳавас қилишади.

Айниқса, метан шохобчалари, турли қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи цехлар, иссиқхоналар бу борада етакчи.

Жазосизлик

Ўзим шахсан гувоҳ бўлган воқеадан мисол келтираман: туманлардан бирида газ идораси раҳбари бўлиб ишлаган инсон бир неча йил аввал (эски даврда) талон-торожликда айбланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. 1,5–2 йилда жазони ўтаб озодликка чиқиб келгач, у яна туман газ идорасига — аввал қуйироқ лавозимга қайтди. Кейин секин-аста яна раҳбарлик лавозимига ўтирди. Яқинда отасидан қолган чолдеворни бузиб, дабдабали уй қурди. Нима деб ўйлайсиз, у қайси даромадлари эвазига бу қурилишни қилган?

Агар газ таъминоти хусусий қўлларда бўлганда, бу идораларда талон-торожликка йўл қўйган инсон қайтиб бу соҳага яқинлаштирилмасди. Давлат идорасида эса ўғриларга яна келиб ишлаш, ўзининг паст, ғараз ниятдаги ишларини давом эттириш учун шароит муҳайё.

Раҳбари шов-шув билан ишдан олиниб, кейин қўйиб юборилган ҳолатлар ҳам «менга барибир ҳеч нарса бўлмайди», қабилида иш юритишга сабаб бўлади.

Битта мисол: 2022 йил 11 декабрда Бош прокурор «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг Тошкент вилояти бўйича таркибий бўлинмаси бўлган «Ҳудудгаз Тошкент» филиали директори М.А.га нисбатан жиноят иши очилган ҳамда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини маълум қилган эди. Кейин у гаров эвазига қамоқдан озод қилингани маълум бўлди.

Қандай ўғрилик қилишади?

Газ идорасидагилар парник, оҳак ва ғишт ишлаб чиқариш цехлари, метан шохобчаларига газдан ноқонуний ва истаганича фойдаланиш учун шароит яратиб беришади. Бунда газ ҳисоб-китоби юритилмайди, ҳисоблагич орқали ҳисобланмайди. Бундай ўғирлаб сарфланган газлар аҳоли ва бошқа корхоналар бўйнига «сочиб» юборилади. Ёки ҳеч қачон ундирилмайдиган нореал қарздорлик шакллантирилади.

Аҳолига ажратилган суюлтирилган газни эса ошхоналарга ёки автомобилларга пропан газ тўлдирувчи шохобчаларга сотишади: аҳоли учун мўлжалланган 50 литрли баллонга тўлдирилган 20 кг газ нархи шохобчада 10 баробар қиммат. Бу фарқ коррупция учун ажойиб шароит ҳозирлаган. Аҳоли учун мўлжалланган суюлтирилган газнинг катта қисми «туя» қилиб юборилмоқда: ё вақтида етказилмайди, ё меъёрдан уриб қолинади.

Электр таъминоти корхоналари ҳам турли цехлар ва ишлаб чиқариш корхоналарига электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш учун шароит ҳозирлаб беришади.

Бундай корхоналар ичида ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларига ҳам тегишлилари бор. Ҳаттоки, ўша электр ва газ таъминоти корхонасида раҳбар лавозимида ишлаб турганларнинг ҳам «бепул» ток ва газ истеъмол қилаётган корхоналари бор.

Яққол мисол: Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов энергия инқирозига бағишланган йиғилишда «Тошкент вилояти прокурори Президент администрациясидан ноқонуний газга уланган заводни тармоқдан узмасликни сўраганини айтиб, «Прокурорнинг манфаати борми бундай ноқонуний уланишга?» деган эди.

Албатта, мавжуд шароитда бундай ҳолатларни фош қилиши керак бўлган инспекциялар кўз юмишади.

Мана шундай ўзибўларчилик, хўжасизлик, раҳбарларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиши энергия таъминоти соҳада депсиниш, энергия таъминотидаги узилишларга олиб келди.

Қонунда қандай жазо назарда тутилган?

Электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик учун зарарларни қоплаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 январдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 22-сонли қарорида кўрсатиб ўтилган.

Ичимлик сувидан фойдаланиш тартибини бузганлик Ҳукуматнинг 2014 йил 29 июлдаги «Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 194-сонли қарори иловаларида кўрсатилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш)да умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш учун фуқароларга БҲМнинг 10–15 баробари, мансабдор шахсларга эса 20–25 баробари миқдорида жарима назарда тутилган.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилган бинолар ҳамда иншоотларни электр энергияси, иссиқлик ва газ таъминоти ташкилотлари томонидан электр, иссиқлик ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан улаш учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 70–85 баробари миқдорида жарима назарда тутилган.

Бу ҳуқуқбузарликлар учун Жиноят кодексининг 185(2)-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш)да ҳам жазо белгиланган.

Амалдаги қонунларга кўра бу учун тўғридан тўғри жиноят иши очиб бўлмайди. Қоидабузар аввал шу қилмиши учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиши керак. Жиноят кодексида Умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш БҲМнинг 25 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган. Етказилган зарар миқдорига қараб жазо оғирлашаверади. Етказилган зарарни қоплаган шахс жиноий жавобгарликдан озод бўлади.

Қонунда жазо белгиланганига қарамасдан, бу турдаги ўғриликлар давом этаверяпти. Чунки юқорида таъкидланганидек, ўртада жуда катта пул айланади. Текширувчилар, жазога тортиши мумкин бўлган инсонларнинг «оғзига пул билан уриб, ишни ёпаман» деган ишонч мустаҳкам.

Сенат ялпи йиғилишида маълум қилинишича, 2022 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатлари бўйича 433 та жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 368,1 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган. Шунингдек, сув таъминоти тармоқларига 1 624 та ноқонуний уланишлар аниқланиб, қоидабузарликларга йўл қўйган шахслардан 7 млрд 144 млн сўмлик қўшимча тўловлар ундирилган.

Мазкур қонун ушбу муаммоларни бартараф этиш билан бирга энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган. Хусусан, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд уларни ҳисобга олиш асбоблари ва пломбаларига қасддан шикаст етказиш, шунингдек, ушбу қилмишларни коммунал хизмати ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари билан тил бириктириб, содир этилган жиноят ҳолатлари эндиликда ўғрилик жинояти деб баҳоланиши назарда тутиляпти.

«Электр, газ ва водопроводдан тижорат мақсадларида қонунга хилоф равишда фойдаланиш – ўғрилик деб белгиланмоқда. Сабаби оддий: мазкур неъматлар халқимизники, яъни кўпчиликнинг ҳаққи. Шундай экан, уларни талон-торож қилиш, ўғирлаш кўпнинг ҳаққига хиёнат қилиш билан баб-баравар. Демак, жавобгарлик ҳам шунга яраша қатъий бўлади», — деди Сенат раиси Танзила Норбоева.

Ечим нимада?

Яқинда аномал совуқлар шароитида энергия таъминоти тизимимиз нечоғлик заиф эканига барчамиз гувоҳ бўлдик. Мамлакатимизда энергия мустақиллигини таъминлаш, тежаб ишлатиш, ўғриликлар ва исрофгарчиликларга йўл қўймаслик давлат сиёсати бўлиши керак.

Шу сабабли электр, газни ўғирлаш (тармоққа ҳисоблагични айланиб ўтиб ўзбошимчалик билан уланиш ёки ҳисоблагични бузиш) учун жазо маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан чиқариб ташланиб, ҳар бир катта-кичик ҳолат учун тўғридан тўғри жиноят иши очилиши керак.

Қонунбузарларга ҳам зарар қоплатилиши, ҳам отнинг калласидек жарима тўлатилиши лозим. Токи, етказилган зарарни қоплаш билан жаримадан қутулиб қололмасин. Рецидив жиноят учун алоҳида жазо белгиланиши керак.

Газ, электр ва сув таъминоти корхоналаридан ҳисоблагичларни ва ноқонуний уланишларни назорат қилишни олиб қўйиш керак. Улар фақат барқарор таъминот — қувур, симлар тортиш, аварияларни бартараф қилиш билан шуғулланиб, маошини олсин. Чунки тизим аллақачон коррупция ва таниш-билишчиликка ботиб бўлган. Улар ҳеч қачон ўзлари «маза» қилиб ўтирган шохни кесишмайди.

Шунинг учун ундирувлар ва уланиш устидан назорат тўлиқ МИБга топширилиши керак. Соҳадаги ўғриликларни тезкор аниқлаш, уларга суд орқали чора кўриш, жарималар ва етказилган зарарларни ўз вақтида ундириш учун. Токи жиноят учун жазо муқаррар бўлмас экан, бу соҳада сезиларли ўзгаришлар бўлиши қийин.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Манба: https://kun.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>