ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Аҳоли электр энергияси билан узлуксиз таъминлангач, нарх ошади — энергетика вазири»
  • 11.09.2023
  • 73

Аҳоли учун табақалаштирилган тарифларни белгилашдан олдин узлуксиз электр энергияси етказиб беришни йўлга қўйиш зарур, дея таъкидлади энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов. Унинг сўзларига кўра, ҳукуматга янги тарифни 2024 йилнинг 1 майидан жорий этиш бўйича таклиф киритилиши кутилмоқда.

Аҳоли учун электр энергиясида табақалаштирилган тарифларни 2024 йилнинг 1 майидан жорий қилиниши мумкин. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ОАВ вакиллари билан учрашувда айтиб ўтди, дея маълум қилди ЎзА.

Унинг қайд этишича, эълон қилинган лойиҳада фақат юридик шахслар учун янги тарифлар белгиланиши назарда тутилган, лекин аҳоли учун нархлар ўзгартирилмаяпти.

«Аҳоли учун табақалаштирилган тарифларни белгилашдан олдин биз энг аввало узлуксиз электр энергияси етказиб беришни таъминлашимиз керак. Яъни нарх ошсаю, лекин яна электрда узилиш бўлаверса, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади. Шу сабабли биз ҳозирда генерацияларни ошириш, тармоқларни модернизация қилиш ишларини жадаллаштиряпмиз».

«Агар узлуксиз электр етказиб беришни таъминлай олсакгина, аҳоли учун электр энергиясида табақалаштирилган тарифларни 2024 йилнинг 1 майидан жорий қилиш бўйича лойиҳани Ҳукуматга киритишни режалаштиряпмиз. Лекин бу айнан шу кундан нарх ошади, дегани эмас, ҳозирча барчаси лойиҳа холос», — дейди вазир.

«Табақалаштирилган тариф деганда белгиланган «ижтимоий норма»дан кўп электр истеъмол қилаётган, айтайлик уйида бассейни, саунаси, кўплаб маиший техникалари бор хонадонлар, яъни нисбий олганда бой ва ўзига тўқ хонадонлар учун нарх ошади, дегани. Ҳозир 85% аҳоли бир ойда 300 kW•соатгача электр истеъмол қиляпти. Лекин қолган 15% аҳоли ишлатаётган электр энергияси ҳажми мана шу 85% аҳолиникидан кўпроқ», — деди энергетика вазири.

Энергия бозорини либераллаштириш ҳаракати

Ўзбекистонда газ ва электр энергиясига тарифлар охирги марта 2019 йил август ойида оширилган эди. Энергия ресурслари бўйича нархларни либераллаштириш ва энергетика соҳасини ислоҳ қилиш ишлари бир неча бор ортга сурилган.

Ҳукумат 2020 йилнинг февраль-март ойларида электр энергияси ва газ тарифларини оширишни режалаштирган эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу чорани кейинга қолдирган. 2020 йил октябрь ойида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев президент томонидан 2021−2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик вазифаси қўйилгани ҳақида маълум қилганди.

Биз 2022 йил май ойида Ўзбекистонда 7,3 миллион абонент электр энергияси истеъмол қилиши, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт/соатгача электр энергиясини сарфлаши ҳақида ёзгандик. Ваҳоланки, бу уй хўжаликлари аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган умумий электр энергиясининг атиги 31 фоизини (5,7 миллиард кВт/соат) ташкил этади.

4 миллион газ абонентининг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача газ истеъмол қилади. Шу билан бирга, улар аҳоли умумий истеъмолининг атиги 35 фоизини (4,5 миллиард куб метр) ташкил қилади.

Ҳукумат 2022 йил 15 июлдан энергия истеъмолининг ижтимоий нормасини жорий этишни ва лимитларни жорий қилишни режалаштирган эди, чунки кўпроқ истеъмол қилганлар давлат субсидияларининг катта қисмини олади, бироқ кейинчалик бу борадаги қарор кейинга қолдирилган.

Ўтган йил охирида президент аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаган ҳолда энергия ресурсларига бозор нархларини жорий этиш зарурлигини таъкидлаганди.

Февраль ойида Марказий банк раҳбари ўринбосари Беҳзод Ҳамроев май ойида электр энергияси ва газ нархларининг либераллаштирилиши кутилаётгани ҳақида хабар берганди. Март ойи охирида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов 2023 йилда энергия ресурслари учун тарифларни ошириш режалаштирилмагани, бироқ бу масала муҳокама қилинаётганини айтган.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги жорий нарх сиёсати камбағалларнинг қашшоқлашишига, бойларнинг бойиб кетишига олиб келмоқда. Энергетика компанияларига бозордан ташқари нархларни қўллаб-қувватлаш учун берилган миллиардлаб долларлик субсидиялар бойлар учун кўпроқ фойдалидир, деган у.

Бундан ташқари, паст тарифлар туфайли энергетика компаниялари миллиардлаб доллар зарар кўрмоқда.

 

Манба: https://www.gazeta.uz/uz/2023/09/11/electricity/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>