ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
minenergy.uz — Энергетика секторини доимий субсидиялаб ривожлантириб бўлмайди
  • 22.09.2023
  • 71

Соҳага бозор механизмларининг жорий этилмагани тизимнинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Нарх шаклланишининг бозор механизмлари йўқлиги сабабли давлат энергетика соҳасини субсидиялашга мажбур бўляпти.

1 киловатт соат электр энергиясининг таннархи 970 сўм. Демак, бир ойда ўртача 200 киловатт соат электр энергияси истеъмол қилинганда ҳам, давлат амалда ҳар битта истеъмолчи учун 135 минг сўмдан субсидия бермоқда. Мамлакатдаги истеъмолчилар сони эса 7,4 миллион хонадонни ташкил этади.

Худди шундай, 1 куб метр газ таннархи 1 890 сўм бўлса, иситиш мавсумида 750 куб метр газ ёқадиган битта оила ўртача 1 миллион 132 минг сўм субсидия олмоқда. Айни пайтда мамлакатимиздаги газ истеъмолчиларининг жами сони 4,1 миллион хонадонни ташкил қилади.

Бу дегани бугун аҳолига электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун ўртача 14 триллион сўмдан ортиқ субсидиялар ажратилмоқда.

Бу бир йилда ўртача 1,15 миллиард АҚШ доллари аҳолининг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланяпти, деганидир.

Соҳанинг зарар билан ишлаётгани ҳисобига уни давлат бюджетидан субсидиялаш камомадга олиб келмоқда. Бу эса ижтимоий соҳага кўпроқ маблағ йўналтиришга имкон бермаяпти.

Бунинг натижасида эса аслида тизимни янгилашга йўналтириш мумкин бўлган маблағлар фақатгина пайдо бўлган ушбу тафовутни қоплашга сарфланмоқда.

Нархларни тўлиқ субсидиялаш ўрнига соҳага бозор тамойилларини жорий этиш, истеъмол қилинган энергия учун бозор талабларидан келиб чиқиб ҳақ тўланиши муҳим.

Агар соҳага бозор қонунлари жорий қилинса, эртага бу маблағлар тежалади. Натижада тежалган маблағни ижтимоий соҳани ривожлантиришга, янги мактаблар, тиббиёт муассасаларини қуришга, ҳар бир соҳада ишлаб чиқаришни тараққий эттириш учун замонавий технологияларни олиб киришга, қолаверса, энергетика тизимини чуқур модернизация қилишга ҳам сарфлаш мумкин.

Бундан ташқари, яшаш учун зарур бўлган бошқа товарлар сингари энергия борасида ҳам бозор қоидалари билан яшаш истеъмолчилик маданиятини, ортиқча исроф қилмасликни, харажатларни мустақил назорат этиш ва оқилона тақсимлаш каби ҳаётий кўникмаларимизни шакллантириш ҳамда ривожлантиришга ҳам туртки бўлиши, шубҳасиз.

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/3254

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>