ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Қиш яқин. Энерготизим қандай тайёрланяпти?»
  • 20.09.2023
  • 74

Масъулларга кўра, бу йилги қиш ўтган йилгидек қаҳратонли бўлган тақдирда ҳам, кўрилаётган чоралар натижасида чуқур энергетик инқироз юз бермайди. Шу билан бирга, тармоқнинг зарар кўриб ишлаётгани тизимдаги муаммоларни яхшироқ ҳал этиш учун хусусий ва хорижий инвестицияларни жалб қилишни қийинлаштиряпти.

Фото: Kun.uz

Иқлим ўзгаришлари сабабли Ўзбекистонда аввалгидек мўътадил об-ҳаво ўрнига ёзда ҳам, қишда ҳам ноодатий об-ҳаво кузатиляпти. Ўтган қиш фаслида об-ҳавонинг кескин равишда совиб кетиши боис энергетика тизимига юкламалар анча ортди. Ортиқча босим оқибатида соҳа инфратузилмасига жиддий путур етди, трансформаторлар ва ўтказиш линиялари ёниб кетди, подстанциялар ишдан чиқди.

Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида республика миқёсида 748 та трансформатор алмаштирилган, 7 548 та трансформатор таъмирдан чиқарилган, 2 940 км ўтказиш линиялари янгиланган, 22 112 км электр узатиш тармоқлари таъмирланган, 1 257 та подстанция эса юқори технологик усулда қайта жиҳозланган.

Бу йил қишда ҳам энергетик инқироз бўладими?

Энергетика вазирлиги мутахассисларининг таъкидлашича, бу бир нечта объектив ҳамда субъектив ҳолатларга боғлиқ. Бироқ ўтган йилдагидек қиш бўлса ҳам, кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида чуқур энергетик инқироз юз бермайди.

Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли барқарор ўсиб бормоқда. Масалан, сўнгги 5 йилда аҳолининг электр истеъмоли ҳажми 150 фоиз (яъни ўртача 1,5 баравар) – 11 миллиард kWh'дан 16 миллиард kWh'га, иқтисодиёт тармоқларининг истеъмоли эса жами 12 фоиз – 38 миллиард kWh'дан 43 миллиард kWh'га ўсди.

Бугунги кунда республикада электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати соатига 18,1 GW бўлгани ҳолда, амалда унинг 16,2 GW'дан фойдаланилмоқда, холос. Бунда иссиқлик электр станцияларининг мавжуд қуввати соатига 15,6 GW'ни, электр энергияси ишлаб чиқариш учун фойдаланилаётгани эса соатига 13,8 GW'ни ташкил этади.

“Бу ҳолат анча эскириб қолган инфратузилмага ҳам юкламани кучайтирмоқда. Охирги қишдаги аномал совуқлар вақтида бу яққол юзага чиқди. Электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши оқибатида вужудга келган каттагина юклама 3 мингдан зиёд трансформаторларнинг ишдан чиқиши ҳамда кўплаб подстанциялардаги жиддий муаммоларга сабаб бўлди. Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун эса катта маблағ керак. Ҳисоб-китобларга кўра, электр тармоқларини янгилаш учун яқин 5 йилда 3,7 миллиард доллар керак бўлади”, дейилади Энергетика вазирлигининг Kun.uz’га тақдим қилган маълумотларида.

Тарифларни эркинлаштирмай, соҳага инвесторларни жалб қилиб бўлмайди

2026 йилга қадар умумий қуввати 740 MW бўлган яна 20 дан ортиқ гидроэлектрстанциялар қуриш, 2030 йилгача эса 130 минг километр электр тармоқлари ва 40 мингдан зиёд трансформаторларни янгилаш кўзда тутилмоқда. Амалга оширилиши режалаштирилган мазкур тадбирлар учун йирик молиявий ресурслар талаб қилинади. Электр энергетика тармоғининг зарар кўриб ишлаётгани эса бундай лойиҳаларни рўёбга чиқариш ва ҳам хусусий, ҳам хорижий инвестицияларни жалб қилишни қийинлаштирмоқда.

Айни пайтда тизимнинг ишлаб чиқариш қисмида хорижий инвесторлар ўз фаолиятларини олиб боришмоқда. Чунки бу ерда бозор механизмлари ишлайди. Тадбиркор соҳани ривожлантириш учун тиккан пули эртага қайтиб келиши ва яхшигина даромад ҳам олиб келишини билади. Аммо аҳолига етказиб бериш йўналишига ҳеч ким инвестиция киритишни истамайди. Сабаби, мавжуд шароитда инвестор пул киритгач, ишлаб чиқарувчидан электр энергиясини бозор нархида олади. Аммо сотишда ўрнатилган тарифдан четга чиқолмайди. Оқибатда у фақат зарарга ишлашига тўғри келади.

Айни вазиятда тармоққа инвесторларни жалб қилиш учун бозор механизмига ўтилиши ва тарифлар оширилиши ёки давлат субсидияни кафолатли қилиши ҳамда инвесторнинг кўрган зарарларини қоплаб беришга кафил бўлиши керак. Иккинчи йўл танланса, энергетика тизими ҳеч қачон ривожланмай қолиб кетаверади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, қиш фаслидаги иситиш мавсуми ҳамда ёзги иссиқ кунларда энергетика тизимига юкламалар кескин ортяпти. Келаётган йилда ҳам қиш қаттиқ бўлса, энергетик инқироз кузатилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бунинг учун, аввало, соҳага кўпроқ маблағ йўналтирилиб, ўтган йил қишда юкламаларга бардош беролмаган тизимлар янгиланиши, модернизация қилиниши лозим. Давлат бу борада амалга ошираётган ишларга қўшимча молиявий дастакларни ишга тушириши учун энергетика соҳаси тўлиқ субсидияланиши ўрнига босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтиши керак.

Агар мазкур жараёнга ҳозир старт берилмаса, эскирган тизим юкламаларни кўтаролмай буткул абгор бўлиши ва ҳозиргидан-да жиддий муаммоларни келтириб чиқариши эҳтимоли катта.

 

Манба: https://kun.uz/news/2023/09/20/qish-yaqin-energotizim-qanday-tayyorlanyapti

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>