ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Бу ёғини табиат "ҳазм қила олмайди"»
  • 10.11.2023
  • 64

Атмосферага бир йилда 874 минг тонна чиқинди чиқарилди

Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунгача глобал йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1880 йилдаги даражадан 1°C га ортган. Ўзбекистонда худди шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6°С га кўтарилган, биз глобал масштабда кузатилаётган ўртача темплардан кўпроқ «исиганмиз». Ўзбекистон иқлим ўзгариши таъсирига кўпроқ мойил бўлган мамлакатлар қаторига киради. Бу эса жуда-жуда хавотирлидир.

Ўзбекистонда бир йилда атмосферага 874 минг тонна саноат чиқиндилари чиқарилди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги. Маълумотларга кўра, 2022 йил давомида атмосферага чиқарилган чиқиндиларнинг катта қисми нефть-газ, энергетика, металлургия корхоналари ҳисобига тўғри келади. Ўз навбатида ҳукумат томонидан жорий йилда 145 корхонада 723 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналари таъмирланиб, ташланмаларни камайтириш чоралари белгиланган.

Рақамларга кўз ташлайдиган бўлсак, атмосферага асосий таъсир кўрсатувчи тармоқлар иссиқлик электр станциялари ҳамда цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳисобланади. Ташламаларнинг:

► 360,5 минг тоннаси (40%) – нефть ва газ;

► 200 минг тоннаси (22,8%) – энергетика;

► 185,5 минг тоннаси (21,2%) – металлургия;

► 25 минг тоннаси (2,8%) – қурилиш;

► 103 минг тоннаси (11,7%) бошқа тармоқлар ҳисобига тўғри келади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 12 та ИЭС, шу жумладан, кўмирга ихтисослашган «Ангрен» ва «Янги Ангрен» иссиқлик электр станциялари фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, 36 та цемент ишлаб чиқарувчи корхона, 15 та нефть ва газни қайта ишлаш ҳамда 4 та металлургия корхоналари мавжуд.

Атроф-муҳитга хавфи катта янги корхона ва ташкилотлар (шу жумладан, цехлар) учун ишлаб чиқилган «Экологик оқибатлар тўғрисида баёнот» (ЗЭП) лойи­ҳа ҳужжатлари асосида самарадорлик даражаси 99,5 фоиздан кам бўлмаган чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарини ўрнатиш таъминланмоқда.

Транспортлар чиқарадиган заҳарли газларни камайтириш учун жамоат транспортининг камида 50 фоизини газ-баллон ёнилғи, электр ва бошқа муқобил ёнилғи турларига ўтказиш мақсад қилинган. «Бу жуда катта рақам ва агар ушбу кўрсаткичга эришилса, автомобиллардан ҳавога етказилаётган зарар кескин камаяди», – дейилади хабарда.

Расмий маълумотга кўра, ҳозир мамлакатимизда жисмоний шахслар жами 3 268 480 та автотранспорт воситаларидан фойдаланмоқда. Шундан 24 фоизи бензин, 2 фоизи дизель, 74 фоизи газ ёқилғисида ҳаракатланишга мўлжалланган. Улардан атмосферага бир йилда ўртача 1,3 млн тонна зарарли ташламалар ташланади.

Атмосфера ҳавосига етказилаётган зарарни камайтириш учун қуйидаги асосий йўналишлар белгилаб олинган:

Транспорт воситаларидан келаётган экологик зарарни камайтириш мақсадида:

а) юк ташувчи транспортлар ҳаракатланиши тартибга солиш ҳамда йўлларни ифлослантиришнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирларини кучайтириш;

б) ишлаб чиқарилаётган мотор ёнилғисини «Евро-5» экологик стандартига ўтказиш;

в) электромобилларни республикада ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали 2030 йилга бориб, республикада сотилаётган электромобиллар улушини камида 15 фоизга етказиш;

г) электромобилларни оммалаштириш учун уларни тезкор зарядлаш қурилмалари ва инфратузилмасини яхшилаш.

Саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ташланмаларини камайтириш мақсадида:

а) ҳавонинг ифлосланиш даражаси юқори бўлган Тошкент, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Оҳангарон, Чирчиқ шаҳарлари ҳамда Навоий, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидаги йирик саноат объектлари атрофида атмосфера ҳавоси ҳолатини баҳолаш учун рақамли мониторинг тизимини жорий этиш;

б) 2023-2025 йилларда 450 та йирик саноат корхоналаридаги 2200 га яқин чанг-газ тозалаш ускуналари самарадорлигини ошириш;

в) саноатда табиий газ улушини камайтириш ҳамда муқобил энергияга ўтишни жадаллаштириш, Франция тараққиёт агентлиги техник кўмагида атмосферага карбон ташламаларини камайтирганлик учун «Яшил солиқ» тизимини жорий этиш.

Экология вазирлиги, шунингдек, ифлослантирувчи моддаларнинг кўпайиши ҳаво сифатини ёмонлаштириши, нафас олиш ва юрак-қон томир касалликлари хавфини оширишини эслатди.

Қуёш нурларининг тўсилиши, ёмғирларнинг камайиши, заҳарланиши натижасида атроф-муҳитга, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига ҳам мисли кўрилмаган зарар етади.

Биз инсоният чиқараётган карбон моддаларини табиат «ҳазм қила олмайдиган» нуқтадан ўтиб бўлдик. Атмосфера ҳавосига ташланаётган ташламалар муаммосига эътибор бермаслик соғлиқни сақлаш харажатларининг ошиши, ишлаб чиқариш самарадорлигининг пасайиши ва туризм билан боғлиқ иқтисодиёт тармоқларига ҳам катта зарар келтирмоқда. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун нафақат институционал, балки жамоатчилик назоратини ҳам кучайтириш мақсадга мувофиқ бўлиб, бу ўз навбатида, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишда катта ўрин тутади.

 

Манба: https://www.ekogazeta.uz/xabarlar/7461

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>