Янгиликлар
2023 йил САРҲИСОБИ. 4-сонли: Капитал қурилиш бошқармаси фаолияти
  • 16.01.2024
  • 100

Маълумки, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ўзининг бир қатор вазифалари амалга ошириш билан бирга юқори кучланишли электр тармоқларини қуриш, кенгайтириш, модернизация ва реконструкция қилиш, теxник қайта жиҳозлаш, объектларни молиялаштириш ҳамда уларни амалда бажарилиши учун йиллик ва истиқболли электр тармоқларининг қурилиш дастурларини ҳам амалга оширади.

Акциядорлик жамияти таркибидаги Капитал қурилиш бошқармаси магистрал электр тармоқларда олиб борилаётган лойиҳа-қидирув, қурилиш-монтаж ишларини амалга оширилиши ва ўз вақтида молиялаштирилишини мувофиқлаштиради.

Шунингдек, мазкур бошқарма “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ таркибий корхона ва бўлинмаларидан лойиҳанинг бажарилишини назорат қилиш жараёнида пудратчи ташкилотларнинг шартнома мажбуриятларини, зарур бўлганда, шартномада назарда тутилган санкцияларни тақдим этишни талаб қилади.

Ушбу амалиётлар Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор ва фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг фармойиш ва қарорлари, Энергетика вазирлиги топшириқ ва кўрсатмалари ҳамда Шаҳарлараро норма қоидалари, xавфсизлик қоидалари ва бошқа норматив ҳужжатлари асосида олиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 декабрдаги ПҚ-459-сонли қарорига асосан 2023 йил давомида “Ўзбекистон МЭТ” АЖ томонидан умумий лойиҳа қиймати 1 346,3 млн долларга тенг бўлган 17 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Ҳукумат комиссиясининг 2023 йил 28 декабрдаги йиғилиши 120-сонли баёнига асосан инвестиция лойиҳалар доирасида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 2023 йилда жами 158,7 млн доллар миқдоридаги инвестиция маблағларини ўзлаштириш режалаштирилган.

Жумладан:

  ♦ давлат кафолати остидаги чет эл маблағлари ҳисобидан – 92,3 млн доллар;

  ♦ бошқа хорижий инвестициялар – 31,2 млн доллар;

  ♦  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ўз маблағлари ҳисобидан – 35,2 млн доллар.

Хусусан, 2023 йил январ-декабр ойларида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 165,7 млн доллар миқдорида инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб, режа 104,4 фоизга бажарилди. Ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 147,4 фоизни ташкил этади.

Шундан, давлат кафолати остидаги чет эл маблағлари ҳисобидан 93,65 млн доллар (92,35 млн доллар режага нисбатан 101,4 фоиз), бошқа хорижий инвестициялар 31,2 млн доллар (31,2 млн доллар режага нисбатан 100,0 фоиз) ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ АЖ ўз маблағлари ҳисобидан 40,88 млн доллар (35,2 млн доллар режага нисбатан 116,15 фоиз).

2023 йилда 3 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиши белгиланган. Жумладан:

  ♦  Жаҳон банки кредит маблағлари иштирокидаги “Магистрал электр тармоқ подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш” доирасида КРУЭ лойиҳаси бўйича ишлар якунланди тегишли далолатнома расмийлаштирилди;

  ♦  Соҳа маблағлари иштирокидаги “Сирдарё вилоятида қуввати 1500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида 500 ва 220 кВ кучланишли ҳаво тармоқларига улаш” лойиҳаси. Ушбу объектнинг ишчи ҳайъат далолатномаси расмийлаштирилди;

  ♦ “Ғузор” ва “Амир Темур” подстанциялари оралиғида 220 кВ ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш” инвестиция лойиҳаси. Ушбу объектнинг ишчи ҳайъат далолатномаси расмийлаштирилди.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ республика иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бизнес субъектлари ҳамда аҳоли томонидан электр энергиясига бўлган талабни ортиб бораётган қисмини тўлиқ қоплаш мақсадида Акциядорлик жамияти тасарруфидаги электр тармоқларини модернизация ҳамда реконструкция қилиш ишларини жадал олиб бормоқда.

Хусусан, 2023 йилда инвестиция лойиҳалари доирасида 7 подстанцияларда жами 1452,3 МВА қўшимча қувват яратилди.

Жумладан:

Тошкент шаҳри – 75 МВА (“Юксак” подстанциясида 75 МВА);

Тошкент вилояти – 125 МВА (“Чирчиқ” подстанциясида 125 МВА);

Сурхондарё вилоятида – 125 МВА (“Шеробод” подстанциясида   125 МВА);

Андижон вилоятида – 125 МВА (“Сарой” подстанциясида 125 МВА);

Фарғона вилоятида – 200 МВА (“Сокин” подстанциясида   200 МВА);

Навоий вилоятида – 600 МВА (“Томди” подстанциясида 600 МВА);

Қашқадарё вилоятида – 202,3 МВА (“Қарши” подстанциясида 202,3 МВА).

Шунингдек, 2023 йил якуни бўйича қуйидаги узунликка эга магистрал электр тармоқлари қурилди, жумладан:

  ♦  “Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш” лойиҳаси доирасида I босқичда 13,9 км ҳаво тармоғи ишга туширилди.

  ♦  “Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш” доирасида I босқичда 14,9 км ҳаво тармоғи ишга туширилди.

  ♦  “Сирдарё вилоятида қуввати 1500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида 500 ва 220 кВли ҳаво тармоқларига улаш”лойиҳаси доирасида 23 км ҳаво узатиш тармоғи ишга туширилди.

“Ўзбекистон МЭТ” АЖ капитал қурилиш бошқармаси ва Магистрал электр тармлоқлари филиаллардаги капитал қурилиш бўлимлари билан биргаликда 2023 йилда асосий фонд қиймати 541,2 млрд. сўмлик бўлган лойиҳалар якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Жумладан:

  ♦  Жиззах вилояти Зафаробод туманида жойлашган 110/10 кВ “ДНС-2” подстанциясини 220/110/10 кВ ўтказиш – 27,9 млрд. сўм;

  ♦  Магистрал электр тармоқ подстанцияларини модернизация ва реконстукция қилиш (Фаза-I) – 363,6 млрд. сўм;

  ♦  Навоий ИЭСдан “Химия” подстанцияси оралиғида 220 кВли ҳаво тармоғини куриш – 5,6 млрд. сўм;

  ♦  Навоий кон-металлургия комбинатидан ўтказилган подстанцияларни модернизация ва реконструкция қилиш – 1,5 млрд. сўм;

  ♦  Сирдарё вилоятида қуввати 1500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида 500 ва 220 кВ ҳаво тармоқларига улаш – 68,2 млрд. сўм;

  ♦  220 кВли “Сирғали” подстанциясига “кириш-чиқиш” бўлган 110 кВли Л-19-Д ҳаво тармоғини қуриш – 22,5 млрд. сўм;

  ♦  Бухоро вилоятида қурилаётган қуввати 270 МВт бўлган ИЭС учун 220 кВ кучланишдаги ҳаво тармоғини қуриш – 0,9 млрд. сўм;

  ♦  Самарқанд-Бухоро темирйўл линиясини электрлаштириш ва тезюрар пассажир поезди ҳаракатини ташкиллаштириш - 20,5 млрд. сўм;

  ♦  Нуробод қўрғонидаги қуёш фотоэлектрстанциясининг ташқи объектларини қуриш (220 кВ кириш-чиқиш ҳаво электр тармоғини, кириш йўли, тўсиқ ва бошқалар) – 0,9 млрд. сўм;

  ♦  220 кВ ли Тахиатош ИЭСдан “Хоразм” подстанцияси орқали Саримой аҳоли яшаш пункти (Хоразм вилояти) электр узатиш линияси қурилиши – 16,2 млрд. сўм;

  ♦  220 кВ “Амир Темур” подстанциясини “Ғузор” подстанциясидан 220 кВ электр узатиш ҳаво линияси билан қуриш – 9,9 млрд. сўм;

  ♦  Жанубий-ғарбий магистрал электр тармоқларининг эски жиҳозларни алмаштириш ва модернизациялаштириш – 3,5 млрд. сўм.

 

Ҳурмат билан,

✍️ Капитал қурилиш бошқармаси жамоаси

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>