ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Навоий вилоятининг Нурота туманида ностандарт иситиш печидан фойдаланиш оқибатида чақнаш содир бўлган
  • 24.01.2024
  • 45

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

Кеча электр станциялар орқали жами 250 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 5 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 44,5 млн кубометр табиий газ, 21,2 минг тонна кўмир ҳамда 11,1 минг тонна мазут ёқилди.

  Республика истеъмолчиларига 236,3 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 3 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди. Табиий газ истеъмоли 151,8 млн кубометрни ташкил қилди.

  Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида водий вилоятларида метан заправкаларга киритилган чекловлар босқичма-босқич юмшатиб борилмоқда. Мазкур ҳудудлардаги метан заправкаларнинг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида йўлга қўйилган.

  Кеча мамлакатимиздаги 1 минг 267 та метан заправка орқали истеъмолчиларга 11 млн кубометр табиий газ сотилди. Автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали 500 тонна суюлтирилган газ етказилди.

  Автобензин ва дизель ёнилғиси аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 23 январь куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 2 минг 762 тонна автобензин етказиб берилди.

  Шунингдек, биржа савдоларига автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун 3 минг 260 тонна автобензин, 2 минг 914 тонна дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 2 минг 442 тонна автобензин ҳамда 279 тонна дизель ёнилғиси сотилди.

  Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик асосида ишлаяпти.

  Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар тезкор бартараф этиб борилмоқда.

  Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 5 та, газ таъминотида юзага келган 4 та носозлик бартараф қилинди.

  Хусусан, бугун тунги соат 00:25 да Тошкент шаҳридаги “Ҳидоятова-1” ҳамда “Ўқувчи-3” фидерлари авариявий ўчиб, Шайхонтоҳур туманининг Навоий кўчасидаги 550 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Соат 02:32 да носозлик тўлиқ бартараф қилиниб, электр таъминоти қайта тикланди.

  Шунингдек, кеча соат соат 08:00 да Бухоро вилоятининг Бухоро туманидаги “Гала-Осиё”, “Работак”, “Истиқбол”, “Саховат”, “Боғи Калон”, “Янги Турмуш” ва “Кавола Махмуд” маҳалла фуқаролар йиғинларини табиий газ билан таъминловчи, диаметри 219 ҳамда 159 мм бўлган ўрта босимли газ қувурларини таъмирлаш мақсадида 9 минг 440 та аҳоли хонадонининг табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилган. Соат 18:00 да таъмирлаш ишлари якунига етгач, истеъмолчиларнинг табиий газ таъминоти уларни огоҳлантирган равишда босқичма-босқич қайта тикланган.

  Афсуски, мутасадди идораларнинг огоҳлантиришларига қарамай, фуқароларимиз томонидан ностандарт ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ускуналардан фойдаланилиши оқибатида баъзан нохуш ҳолатлар ҳам рўй бериб турибди.

  Бугун тонгги соат 04:05 да Навоий вилоятининг Нурота туманидаги Нурфахр маҳалласида худди шундай ностандарт иситиш печига қўлбола газ сўрғичдан резина шланг орқали табиий газдан фойдаланилиши туфайли чақнаш содир бўлган. Натижада икки нафар фуқаро термик куйиш билан шошилинч тиббий ёрдам муассасасига олиб келинган.

  Таъкидлаш жоизки, тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган 1 минг 691 та махсус бригада сафида 7 минг 300 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар туну кун ишлаб, жойларда муаммоларни тезкорлик билан бартараф этмоқдалар.

  23 январь куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 157 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

  Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 186 та мурожаат бўйича ҳам тезкор чора-тадбирлар олиб борилди.

  Шу ўринда истеъмолчилардан яна бир марта иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини илтимос қилиб қоламиз.

  Ҳурматли истеъмолчилар! Электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефон рақамлари ёки “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/41388

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>