ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
1691 та махсус бригада сафида 7300дан ортиқ ишчи электр ва газ таъминотидаги муаммоларни бартараф этишда туну-кун ишламоқда
  • 26.01.2024
  • 43

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

25 январь куни электр станциялар орқали жами 254,9 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 7 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 44,2 млн кубометр табиий газ, 25,4 минг тонна кўмир ҳамда 11,8 минг тонна мазут ёқилди.

 Республика истеъмолчиларига 241,1 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 4 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди. Табиий газ истеъмоли 156,8 млн кубометрни ташкил қилди.

 Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида водий вилоятларида метан заправкаларга киритилган чекловлар вазиятдан келиб чиққан ҳолда узайтирилмоқда ёки олиб ташланяпти. Мазкур ҳудудлардаги метан заправкаларнинг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида йўлга қўйилган.

 Кеча мамлакатимиздаги 1 минг 265 та метан заправка орқали истеъмолчиларга 10,7 млн кубометр табиий газ сотилди. Автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали 700 тонна суюлтирилган газ етказилди.

 Автобензин ва дизель ёнилғиси аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 25 январь куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 2 минг 890 тонна автобензин етказиб берилди.

 Шунингдек, биржа савдоларига автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун 3 минг 950 тонна автобензин, 3 минг 30 тонна дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 3 минг 380 тонна автобензин ҳамда 216 тонна дизель ёнилғиси сотилди.

 Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик асосида ишлаяпти.

 Республика ҳудудлари бўйлаб қишнинг совуқ кунларида истеъмолнинг кўпайиши туфайли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам тезкор бартараф этиб борилмоқда.

 Хусусан, кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 9 та, газ таъминотида юзага келган 3 та носозлик бартараф қилинди.

 Жумладан, соат 13:50 да Жиззах вилоятининг Фориш туманида юз берган кучли шамол туфайли 3 та фидер авариявий ўчган. Натижада Фориш туманидаги мингта истеъмолчи қисман электр таъминотидан узилган. Соат

16:51 да истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланган.

 Соат 14:23 да Тошкент шаҳрида 110 кВ “Л-Қорасув-2” электр узатиш тармоғи 8 МВт қувват билан авариявий ўчган. Оқибатда Мирзо Улуғбек туманидаги 2 мингта истеъмолчиэлектр таъминотисиз қолган. Соат 14:46 да истеъмолчилар захира бошқа тармоққа ўтказилган. Соат 21:05 да “Л-Қорасув-2” тармоғидаги носозлик тўлиқ бартараф қилинди ва меъёрий схема тикланди.

 Шунингдек, кеча соат 17:30 да Тошкент шаҳрида 110 кВ “Л-Ботаническая-2” электр узатиш тармоғининг 3-таянчи иккита фазасида шлейф узилганлиги сабабли авариявий ўчган. Натижада Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларидаги 3 минг 500 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Соат

18:20 да истеъмолчилар захира тармоғига ўтказилиб, электр энергияси билан таъминланди.

 Таъкидлаш жоизки, қишнинг совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни тезкор бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган 1 минг 691 та махсус бригада сафида 7 минг 300 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар туну кун ишлаб, жойларда муаммоларни зудлик билан бартараф этмоқдалар.

 25 январь куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 254 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

 Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 248 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилди.

 Шунингдек, кеча Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан ўтказилган назорат тадбирларида 46 та истеъмолчи томонидан электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 47 та маъмурий иш расмийлаштирилди.

 Ишчи гуруҳ томонидан ҳудудларда 1 минг 417 та профилактик тадбир ўтказилди ҳамда 145 та объектда таъминотчи корхоналар томонидан амалга оширилган ишлар ўрганилди.

 Шу ўринда истеъмолчилардан яна бир марта иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан мутасадди ташкилотлар томонидан доимий бериб борилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини илтимос қилиб қоламиз.

 Ҳурматли истеъмолчилар! Электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефон рақамлари ёки “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: https://telegra.ph/1691-ta-mahsus-brigada-safida-7300dan-orti%D2%9B-ishchi-ehlektr-va-gaz-taminotidagi-muammolarni-bartaraf-ehtishda-tunu-kun-ishlamo%D2%9Bda-01-26

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/41486

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>