ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz — Кучли шамол Сурхондарёда қурилаётган қуёш электр станциясининг панелларини қулатди
  • 30.01.2024
  • 42

Ҳодиса Шеробод туманида хорижий инвестиция ҳисобидан қурилаётган қуёш фотоэлектр станцияси объектида содир бўлган.

Ижтимоий тармоқларда Шеробод туманида барпо этилаётган қуёш фотоэлектр станциясида кучли шамол туфайли қуёш панелларига зарар етгани ҳақида хабарлар ва видео тарқалди.

Видеода оёқ остига қулаб тушиб, яроқсиз ҳолга келган кўплаб қуёш панелларини кўриш мумкин.

 

Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ҳолат 2024 йил 28 январ куни юз берган. Фотоэлектр станцияси ҳудудида содир бўлган кучли шамол туфайли ҳали тўлиқ ўрнатилмаган қуёш панелларининг 91 донаси ерга тушиб кетган.

Ҳозирги вақтда уларнинг техник ҳолати ўрганилмоқда ва яроқли панелларни ўрнатиш ишлари кетмоқда.

Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида 1 миллионга яқин қуёш панелларининг ўрнатилиши кўзда тутилган. Қурилиш жараёнига икки мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли жалб этилган.

Қурилиш жараёнида қуёш панелларининг яроқсиз ҳолатга келиши мумкинлиги эътиборга олинган бўлиб, қўшимча қуёш панеллари захира сифатида олиб келинган.

“Айтиш керакки, мазкур лойиҳа БААнинг “Масдар” компанияси томонидан 100 фоиз хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилмоқда ва унга Ўзбекистон томонидан ҳеч қандай маблағ ажратилмаган. Маҳаллий жамоатчилик фаолларидан ижтимоий тармоқларда нотўғри ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликларини илтимос қиламиз”, дейилади хабарда.

Манба: https://kun.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>