Янгиликлар
«Фарғона МЭТ» филиали: 220 ва 500 кВ кучланишли электр тармоқлари навбатдан ташқари назорат кўригидан ўтказилмоқда
  • 20.02.2024
  • 51

Айни пайтда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги магистрал электр тармоқлари навбатчи бригадаларининг иш фаолияти мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 24 соат иш режимида ташкил этилган. Акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ҳамда унинг ўринбосарлари ҳудудлардаги иш жараёнини бевосита бошқариб, республика Ишчи гуруҳи таркибида фаолият юритмоқда.

Кучайтирилган тартибдаги иш режими Фарғона вилоятида ҳам давом этмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг 16–17 февраль кунлари 500 кВ кучланишли ва техник-муҳандислик номи L-524 бўлган электр узатиш ҳаво тармоғи таянч устунларининг остки қисми мустаҳкамланиб, тармоқларга элтувчи йўллар очилиб, электр тармоғи ҳимоя зонаси остидаги ўсимлик қолдиқлари тозалаб чиқилган эди.

✔️500 кВ кучланишли L-525 ҳамда 220 кВ кучланишли LSL-1 ва LSL-2 электр тармоқлари назорат кўриги

Бугун 500 кВ кучланишли L-525 линияси ҳамда 220 кВ кучланишли LSL-1 ва LSL-2 линиялари навбатдан ташқари назорат кўригидан ўтказилиб, юқори кучланишли электр тармоқлари орқали тақсимловчи тармоқ ва подстанцияларга электр узатиш жараёнининг барқарорлиги таъминиши учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

Эслатиб ўтамиз, юқорида техник-муҳандислик номлари тилга олинган 500 кВ кучланишли L-525 линияси Андижон вилоятининг Асака тумани, Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳри, шунингдек, Фарғона, Қува, Риштон, Олтиариқ, Учкўприк ва Ўзбекистон туманлари ҳудудидан ўтган. 220 кВ кучланиш LSL-1 ва LSL-2 линиялари эса Андижон вилояти Асака тумани ҳамда Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳри ва Қува туманлари ҳудудидан ўтган. Ушбу юқори кучланишли электр тармоқлари бир неча километрлик узунликка эга бўлиб, бир қанча экин майдонлари, қир-адирлик ҳудудларини кесиб ўтган.

✔️ Юқори кучланишли подстанцияларда назорат тадбирлари

Фарғона вилоятидаги барча подстанцияларда мавжуд трансформаторларнинг юкламаси, ёғ сатҳи ва таркиби, ҳимоя тизимининг созлиги ҳамда бошқа техник-муҳандислик кўрсаткичлари доимий назоратга олинган. Филиалда зарур захира материаллари мавжуд ҳамда махсус техника ва механизмлар навбатчи бригадалар иш жараёнига сафарбар этилган.

Шунингдек, назорат тадбирлари ҳамда таъмирлаш-созлаш жараёни «Фарғона МЭТ» филиали таркибидаги 500/220/10 кВ кучланишли «Ўзбекистон», 220/110/10 кВ кучланишли «Ўзгариш», 220/110/10/6 кВ кучланишли «Повулғон», 220/110/10 кВ кучланишли «Фарғона», 220/110/10 кВ кучланишли «Сокин», 110/35/6 кВ кучланишли «2-А» подстанцияларида амалга оширилмоқда ва ҳар соатда Ситуатцион таҳлил бошқармаси ҳамда Тизим хизматлари бош бошқармаларига тегишли тартибда маълум қилиб борилмоқда.

✍️ Шерзод Камилов, «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали директори

▶️ Батафсил

Facebook  ‖ InstagramYoutube

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>