Янгиликлар
Автобензин ва дизель ёнилғиси аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда
  • 21.02.2024
  • 53

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

Кеча, 20 февраль куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумот берамиз.

 20 февраль куни барча электр станциялар орқали жами 246,6 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 105 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 41,7 млн кубометр табиий газ, 24,8 минг тонна кўмир ҳамда 12,6 минг тонна мазут ёқилди.

 Туркманистон Республикасидан 20,1 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди.

 Республика истеъмолчиларига 239,1 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 105 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди.

 Қишнинг совуқ кунларида магистраль газ қувурларида газ босимининг авария оқибатида кескин тушиб кетганлиги ҳамда аҳоли истеъмолчиларида электр энергиясига нисбатан талабнинг бир неча маротаба ошиши туфайли 20 февраль куни ҳам республикамиз бўйлаб асосан куннинг тиғиз вақтларида 550 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди.

 Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ҳолат яхши томонга ўзгаргунга қадар бугун ҳам куннинг тиғиз пайтларида маълум миқдорда чекловлар киритилиши мумкин.

 Газ босимининг одатдагидан кўра паст эканига қарамай, 20 февраль куни ҳам унинг истеъмоли аввалги кундагидан бирмунча ортиб, 154,5 млн кубометрни ташкил қилди.

 17 февраль куни Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол туфайли 110 кВ кучланишга эга “Л-Газли-1” ва “Л-Газли-2” электр узатиш тармоқларининг авариявий ўчиши натижасида фавқулодда тўхтаган 10 та газ ҳайдаш агрегати кеча бир маромда ишламоқда. Бироқ об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида магистраль газ қувурларидаги босим меъёрий схемадагидан пастлигича қолмоқда.

 Ҳозирги вақтда “Л-Газли-2” тармоғида электр таъминоти тўлиқ тикланди. “Л-Газли-1” электр узатиш тармоғининг бир қисмида таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 17 февраль куни Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол оқибатида мазкур тармоқлар жиддий шикастланган бўлиб, уларни таъмирлаш-тиклаш ишлари мураккаб об-ҳаво шароитларда оғир кечяпти.

 Табиий газ ҳажми меъёрий схемага яқинлашяпти. Бироқ совуқ об-ҳаво туфайли газ босимининг пасайгани меъёрий схеманинг тўлиқ тикланишини кечиктирмоқда.

 Магистраль газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетиши оқибатларини бартараф этиш, республика истеъмолчилари ҳамда иссиқлик электр станцияларини табиий газ билан бир маромда таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор зарур чоралар кўрилмоқда.

 Хусусан, газ босимининг камайишини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги барча метан заправкалар фаолиятига киритилган чекловлар бугун ҳам давом этади.

 Кун давомида вазият ижобий тарафга ўзгариб, қайсидир ҳудудда метан заправкалар фаолияти олдиндан белгиланган режа-график асосида йўлга қўйилса, бу ҳақида Энергетика вазирлигининг расмий ахборот ресурслари орқали алоҳида хабар берилади.

 Кеча мамлакатимиздаги 384 та метан заправка орқали ижтимоий соҳалар – тиббиёт муассасалари, жамоат транспортлари ҳамда шу каби бошқа объектларга тегишли автомобилларга 2 миллион 53 минг кубометр табиий газ етказиб берилди. Бунда асосий урғу барча ҳудудларда жамоат транспортларининг узлуксиз қатновини таъминлаш ва аҳоли учун йўлкира нархларининг асоссиз ошиб кетишини олдини олишга қаратилди.

 Автобензин ва дизель ёнилғиси аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 20 февраль куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 4 минг 756 тонна автобензин етказиб берилди.

Шунингдек, биржа савдоларига автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун қўйилган 8 минг 630 тонна автобензиннинг 4 минг 481 тоннаси, 2 минг 100 тонна дизель ёнилғисининг эса 1 минг 366 тоннаси сотилди.

 Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик режими асосида ишлаяпти.

 Республика ҳудудлари бўйлаб қишнинг совуқ кунларида истеъмолнинг кўпайиши туфайли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам тезкор бартараф этиб борилмоқда.

 Хусусан, кеча мамлакатимиз бўйлаб қаттиқ шамол ва кучли қор ёғиши туфайли электр қурилмаларида юзага келган 8 та, газ таъминотида юзага келган 3 та носозлик бартараф қилинди.

 Таъкидлаш жоизки, қишнинг совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни тезкор бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган 1 минг 691 та махсус бригада сафида меҳнат қилаётган 7 минг 300 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар туну кун ишлаб, жойларда муаммоларни зудлик билан бартараф этмоқдалар.

 20 февраль куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 478 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

 Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 403 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилди.

 Шу ўринда истеъмолчилардан табиий газ ва электр энергиясидан тежаб-тергаб фойдаланишларини, заруратсиз ишлаётган ортиқча қувватларни ўчириб юришларини илтимос қиламиз. Зеро, электр энергияси режадагига нисбатан икки баравар кўп ишлаб чиқарилган тақдирда ҳам, агар тежамкорлик бўлмаса, чекловлар киритишга мажбур бўлинаверади.

 Қолаверса, иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини сўраймиз.

 Ҳурматли истеъмолчилар! Агар Сиз электр энергияси ва газ таъминоти бўйича қандайдир муаммога дуч келсангиз, электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71-207-23-76 телефон рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71-202-11-04 телефон рақами ёки “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/42201

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>