Янгиликлар
Кеча ноқулай об-ҳаво туфайли электр энергияси етказиб беришда яна 150 МВтгача чекловлар киритилди
  • 13.03.2024
  • 159

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

Кеча, 12 март куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берамиз.

12 март куни электр станциялар орқали 234,5 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 2 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 50,8 млн кубометр табиий газ, 19,2 минг тонна кўмир ҳамда 1,6 минг тонна мазут ёқилди.

Туркманистон Республикасидан 16,2 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди.

Республика истеъмолчиларига 218,9 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 6 фоиз кўп электр энергияси, 148,8 млн кубометр, режадагига нисбатан 11 фоиз кўп табиий газ етказиб берилди.

11 – 12 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб юз берган кучли ёмғир ва қаттиқ шамол туфайли тармоқларда содир бўлган авариялар оқибатида, шунингдек, кутилмаган аварияларнинг олдини олиш мақсадида кеча электр энергияси етказиб беришда 150 МВтгача чекловлар киритилди.

Кеча юртимиздаги 1 минг 346 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси орқали жами 14 миллион 303 минг кубометр табиий газ сотилди.

Шунингдек, автомобилларга газ қуйиш станциялари томонидан истеъмолчиларга 700 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари автобензин ҳамда дизель ёнилғиси билан мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қоплайдиган даражада таъминланмоқда. Хусусан, 12 март куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан юртимиздаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 3 минг 310 тонна автобензин етказиб берилди.

Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун биржа савдоларига қўйилган 7 минг 140 тонна автобензиннинг 4 минг 350 тоннаси, 1 минг 304 тонна дизель ёнилғисининг эса 985 тоннаси сотилди

Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда.

Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам тезкор бартараф этиб борилмоқда.

Кеча мамлакатимиз бўйлаб кучли ёмғир ва қаттиқ шамол туфайли электр қурилмаларида юзага келган 12 та, газ таъминотида юзага келган 3 та носозлик бартараф қилинди.

Хусусан, соат 10 дан 45 дақиқа ўтганида Фарғона вилоятида 110 кВли “Л-Арсиф” электр узатиш тармоғи авариявий ўчган. Оқибатда Ёзёвон ва Тошлоқ туманларидаги 4 минг 300 та истеъмолчи ҳамда кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан узилган. Соат 11:49 да 3 мингта истеъмолчи бошқа манбадан уланган. Соат 18 дан 43 дақиқа ўтганида таъминот тўлиқ тикланган.

Соат 18 дан 5 дақиқа ўтганида Фарғона вилоятидаги 110 кВли “Л-Чархий-1” электр узатиш тармоғида носозлик кузатилган. Оқибатда Қўқон шаҳридаги 4 минг 200 та истеъмолчи ва кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан узилган. Соат 22 дан 7 дақиқа ўтганида истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланди.

Соат 20 дан 20 дақиқа ўтганида Тошкент шаҳрида 110/35/10 кВли “Тепличная” подстанцияси 15 МВт қувват билан кучланишсиз қолган. Оқибатда Миробод ва Сергели туманларидаги 3 минг 700 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Соат тунги 12 дан 22 дақиқа ўтганида истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланди.

Бугун соат 8 дан 5 дақиқа ўтганида Фарғона вилоятида кучли ёмғир ва шамол туфайли 6-10 кВли 11 та электр узатиш тармоғида носозлик юзага келган. Оқибатда Бешариқ, Данғара ҳамда Ўзбекистон туманларидаги 7 минг 500 та истеъмолчи ва кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан узилган.

Ҳозирги вақтда ноқулай об-ҳаво шароитига қарамасдан махсус бригадалар тарафидан ушбу носозлик баратараф қилинмоқда.

12 март куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 288 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 253 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилди.

Ҳурматли истеъмолчилар! Агар Сиз электр энергияси ва газ таъминоти бўйича қандайдир муаммога дуч келсангиз, электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71-207-23-76 телефон рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71-202-11-04 телефон рақами ёки “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/42656

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>