Янгиликлар
"Ўзэнергоинспекция" ахборот хизмати: давлат манфаатларига жами 215 млрд 648 млн сўм зарар етказилган
  • 14.03.2024
  • 42

Жорий йилнинг ўтган даврида 88 млн 529 минг метр куб табиий газ ва 77 млн 366 минг киловатт-соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилиши натижасида давлат манфаатларига жами 215 млрд 648 млн сўм зарар етказилган

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзэнергоинспекция" ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев маълум қилди.

Жорий йилнинг шу кунига қадар “Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва электр ҳамда газ таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 2 минг 156 та истеъмолчи томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан: 88 млн 529 минг метр куб табиий газ (132 млрд 701 млн сўм) ва

77 млн 366 минг киловатт-соат электр энергиясидан (82 млрд 948 млн сўм) ноқонуний фойдаланилиши натижасида давлат манфаатларига жами  215 млрд  648 млн сўм зарар етказилганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, сўнги икки ойда крипто актив ва майнинг фаолияти бўйича электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган истеъмолчиларни аниқлаш юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 42 та ҳолат аниқланди. Ушбу аниқланган ҳолатлар юзасидан электр таъминоти корхонаси томонидан жами 26 млрд 82 млн сўм (7 млн 999 минг киловатт-соат) миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Жорий йилнинг шу вақтига қадар истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 1 минг 484 та маъмурий иш расмийлаштирилди.

Хусусан, ўтказилган назорат табирларида аниқланган ҳолатларнинг 795 таси электр энергияси, 689 таси эса табиий газдан фойдаланишда қоидабузарликка йўл қўйилганлиги маълум бўлди.

Инспекциянинг назорат-кимё лабораторияси томонидан нефть маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирлари давомида хусусий автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 22 та ҳолатда 131 минг литр нефть маҳсулотларининг сифатсизлиги аниқланиб, сотувга чиқарилиши олди олинди.

Инспекция томонидан истеъмолчиларга Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича сўнги икки ойда жами 1 минг 692 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. Унга кўра, 979 та истеъмолчининг электр қурилмалари электр тармоқларига уланди.

Шунингдек, энергетика объектларига тегишли 259 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари келишилиб, шундан 189 та объектнинг электр қурилмаси ишга тайёрлиги бўйича хулосалар берилди.

Энергия ресурсларидан айрим “тадбиркор”ларнинг ноқонуний ва ўғринча фойдаланишлари тармоқларда ортиқча юкланишларга ҳамда энергия ресурслар таъминоти барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳурматли тадбиркорлик субъектлари, электр ва газ тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларига ташқаридан аралашиш йўли билан қонунга зид равишда фойдаланиш ҳолатлари учун қонунчиликда белгиланган қатъий чоралар кўрилишини унутманг!

 

 

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/42668

https://telegra.ph/ZHorij-jilning-%D1%9Etgan-davrida-88-mln-529-ming-metr-kub-tabiij-gaz-va-77-mln-366-ming-kilovatt-soat-ehlektr-ehnergiyasidan-no%D2%9Bonun-03-13

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>