Янгиликлар
13 март куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 213 та мурожаат келиб тушди
  • 14.03.2024
  • 35

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

Кеча, 13 март куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берамиз.

13 март куни электр станциялар орқали 245,8 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 7 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 51,1 млн кубометр табиий газ, 18,6 минг тонна кўмир ҳамда 2,4 минг тонна мазут ёқилди.

Туркманистон Республикасидан 15 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди.

Республика истеъмолчиларига 229,1 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 11 фоиз кўп электр энергияси, 153,4 млн кубометр, режадагига нисбатан 15 фоиз кўп табиий газ етказиб берилди.

13 март куни мамлакатимиз бўйлаб юз берган кучли ёмғир ва қаттиқ шамол туфайли тармоқларда содир бўлган авариялар оқибатида, қолаверса, кутилмаган бошқа аварияларнинг олдини олиш мақсадида 150 МВт электр энергияси етказиб берилмади.

Кеча мамлакатимиздаги 1 минг 347 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси орқали жами 13 миллион 941 минг кубометр табиий газ сотилди.

Шунингдек, автомобилларга газ қуйиш станциялари томонидан истеъмолчиларга 860 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари автобензин ҳамда дизель ёнилғиси билан мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қоплайдиган даражада таъминланмоқда. Хусусан, 12 март куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан юртимиздаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 3 минг 200 тонна автобензин етказиб берилди.

Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун биржа савдоларига қўйилган 6 минг 380 тонна автобензиннинг 3 минг 746 тоннаси, 1 минг 366 тонна дизель ёнилғисининг эса 1 минг 159 тоннаси сотилди.

Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда.

Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам тезкор бартараф этиб борилмоқда.

Кеча мамлакатимиз бўйлаб кучли ёмғир ва қаттиқ шамол туфайли электр қурилмаларида юзага келган 6 та, газ таъминотида юзага келган 4 та носозлик бартараф қилинди.

Хусусан, соат 13 дан 19 дақиқа ўтганида Тошкент шаҳрида 110 кВли “Л-Д-Ю” электр узатиш тармоғи авариявий ўчган. Оқибатда Сергели, Янгиҳаёт ва Яккасарой туманларидаги 19 минг 250 та истеъмолчи ҳамда кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан узилган. Соат 14 дан 34 дақиқа ўтганида 13 мингта истеъмолчи бошқа манбага ўтказилган. Соат 16 дан 50 дақиқа ўтганида носозлик бартараф қилиниб, электр таъминоти тўлиқ тикланган.

Соат 22 дан 42 дақиқа ўтганида 220 кВли “Л-1-Х-2” электр узатиш тармоғида носозлик кузатилган. Оқибатда “Тахиатош” ИЭСда 8-сонли энергоблок 135 МВт қувват билан автоматикадан ўчиб, 23 минг 800 та истеъмолчи ва кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан узилган. Соат 23 дан 40 дақиқа ўтганида автоматикадан ўчган тармоқлар ишга қўйилиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланди.

Бугун соат 8 дан 40 дақиқа ўтганида Жиззах вилоятида кучли шамол шиддатли қор туфайли 6-10 кВли 5 та электр узатиш тармоғида носозлик юзага келган. Бунинг натижасида Шароф Рашидов ҳамда Фориш туманларидаги 1 минг 600 та истеъмолчи ва кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан узилган.

Ҳозирги вақтда ноқулай об-ҳаво шароитига қарамасдан махсус бригадалар тарафидан ушбу носозлик баратараф қилинмоқда.

13 март куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 213 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 208 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилди.

Ҳурматли истеъмолчилар! Агар Сиз электр энергияси ва газ таъминоти бўйича қандайдир муаммога дуч келсангиз, электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71-207-23-76 телефон рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71-202-11-04 телефон рақами ёки “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/42679

https://telegra.ph/13-mart-kuni-ehlektr-taminotidagi-uzilishlar-yuzasidan-EHnergetika-vazirligi-tizim-tashkilotlariga-istemolchilardan-213-ta-muroz-03-14

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>