Янгиликлар
46 километр узунликдаги магистрал электр тармоқлари ишга туширилди (+видео)
  • 31.03.2024
  • 47

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида трансформация жараёнларини амалга ошириш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Бу борада 2023 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисобига кўра, катта тўртликка кирувчи “Ernst & Young” компаниясининг “Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари” талаби бўйича ушбу ташкилотнинг молиявий ҳисоботларига ижобий аудиторлик хулосалари берилди.  

Шунингдек, “Сифат менежменти тизими”, “Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш”, “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш”, “Меҳнат хавфсизлиги ва саноат хавфсизлигини бошқариш” ва “Энергия бошқаруви тизими” халқаро (ISO) сертификатлари олинди.  

“Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекистон МЭТ” АЖга биринчи марта “B” барқарор даражасидаги халқаро кредит рейтингини тақдим этди.

“Ўзбекистон МЕТ” АЖ трансформацияни амалга ошириш бўйича лойиҳа офиси бошлиғи Баҳром Мавлоновнинг қайд этишича, “DigSilend Power Factory” дастурий таъминотида “Ўзбекистон Республикаси энергия тизимидаги электр тармоқларининг рақамли модели ва интерактив харитаси” лойиҳаси ишга туширилган.

– Тизимдаги модернизация ишлари, бир сўз билан айтганда, янгиланишлар даставвал ушбу дастур орқали текшириб кўрилади ва ўзгаришларни Ўзбекистон энерготизимига қандай таъсир этиши мумкинлиги ўрганилади. Шунингдек, харидлар жараёнининг шаффофлиги таъминланди, яъни барча харидлар коррупциявий хатарларни камайтириш ва инсон омилини қисқартириш мақсадида электрон савдо тизимлари орқали ҳамда жамиятнинг махсус харид платформаси орқали амалга оширилмоқда, – деди у. –

Ташкилот томонидан давлат-хусусий шериклик тамойили асосида лойиҳалар режа бўйича олиб борилаётир. Хусусан, 2023 йилда 10 та лойиҳа бўйича тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинди.

– Бу ишлар натижасида умумий қуввати 1750 МВт янги электр станциялари қурилиб фойдаланишга топширилди, – деди акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Бобуржон Муродов. – Ушбу электр станцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини энерготизимга узатиш учун 46 километр узунликдаги магистрал электр тармоқлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ўз навбатида, жамиятнинг Cloud.uz  сервер дастурий таъминот тизими яратилди. Бунда акциядорлик жамиятига оид бўлган ахборот ресурслари электрон равишда тўплаб борилади.

– Шунингдек, ушбу тизимдан барча раҳбар ва ходимлар дунёнинг исталган нуқтасидан тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга. Акциядорлик жамиятимизнинг ҳар бир бошқарма ва бўлими ўз йўналиши бўйича соҳага оид мавзуларда видео ва аудио дарсларни тайёрлаш ҳамда жойларда ходимларга етказиш амалиёти йўлга қўйилди. Ушбу амалиёт “Видеодарслар ва тест-синов машғулотлари” телеграм канали орқали электрон платформага юклаб борилмоқда, –деди “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов.

Насиба Зиёдуллаева, Аброр Содиқов (видео), ЎзА

Манба: https://uza.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>