Янгиликлар
«ЎзМЭТ» АЖ: 23 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади
  • 06.04.2024
  • 47

Бугунги кунда Энергетика вазирлиги тизимида қатор ташкилотлар ва корхоналар фаолият кўрсатади.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ҳам вазирлик тизимидаги ташкилот ҳисобланади. У электр энергияси транспортировкаси, давлатлараро транзитни амалга ошириш, электр энергиясини экспорт ва импорт қилиш, электр энергиясини ягона харид қилувчи функциясини бажариш, электр энергиясини ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига сотиш каби вазифаларни амалга оширади. 

Жамият ўзининг 17 та филиалига эга бўлиб, 100 фоиз улуши билан ташкил этилган яна битта масъулияти чекланган жамияти ҳам мавжуд. Ташкилотнинг ягона акциядори Иқтисодиёт ва молия вазирлигидир.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов ушбу ташкилот томонидан амалга оширилган ишлар ва галдаги режаларга тўхталиб ўтди: 

– Қайд этилганидек, ташкилотимиз асосан электр энергияси транспортировкаси, давлатлараро транзитни амалга ошириш каби ишларни бажаришга масъул ҳисобланади. Дейлик, ўтган йилда магистрал электр тармоқлари орқали 71,9 миллиард киловатт соат электр энергияси узатилган. Режа эса 101,3 фоизга бажарилган. 

Бугунги эҳтиёждан келиб чиқиб, тизимда модернизация ва реконструкция ишлари ҳам режали амалга оширилмоқда. Масалан, Модернизация дастури доирасида 7 та подстанцияда 1452,3 МВА қўшимча қувват яратилди. Шунингдек, магистрал электр тармоқлари электр қурилмаларининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида 309 та куч трансформатори, 1 минг 716 та 110-220-500 кВ кучланишли ўчиргич, 25 та компрессор қурилмаси, 5 минг 900 километрдан зиёдроқ узунликдаги 110-220-500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқларида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.

Харажатларни қисқартириш, иқтисод қилиш ва оптималлаштириш бугунги кун талабларидан. Бундай ишлар натижасида 348,6 миллиард сўм миқдорида маблағ иқтисод қилинди.

Ўз навбатида, Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси доирасида маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш, ишлаб чиқаришда янги технологияларни жорий этиш муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда жорий йилда 24,4 миллиард сўм миқдоридаги 93 та шартнома cooperation.uz махсус электрон портали орқали расмийлаштирилди. Улардан 5,6 миллиард сўм миқдордаги 91 та шартноманинг хариди маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан амалга оширилди. 

Жорий йилги режаларимизга келсак, барча соҳалар бўйича ишларни ўз вақтда амалга оширишга эътибор қаратамиз. Унга кўра, магистрал электр тармоқлари орқали 74 миллиард киловатт соат электр энергиясини узатиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, 9150 минг киловатт соат миқдорида электр энергияси истеъмолини иқтисод қилиш режалаштирилган. Умумий қиймати 1 915,7 миллион долларга тенг бўлган 23 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳам жорий йилнинг муҳим вазифаларидандир. 

ЎзА мухбири Насиба Зиёдулаева 
ёзиб олди. 

Манба: https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>