
ISO сертификатлари ташкилотларга жаҳон стандартларига мувофиқ ишлаш, маҳсулот ва хизматларнинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сон Фармони ва «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ушбу соҳада зарурий сиёсат ва механизмларни жорий этишни, коррупция хавфларини аниқлаш, олдини олиш ва назорат қилиш каби комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишни назарда тутади. 2022 йил 28 январдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармони, бошқа қонунчилик хужжатлари ва акциядор кутилмаларида хўжалик юритувчи субъектлар, айниқса давлат улуши мавжуд ташкилотлар мавқеини оширган ҳолда, уларни жаҳон талаблари даражасига олиб чиқиш, хусусий инсвесторларни кенг жалб этиш йўли билан соҳа ривожини таъминлаш, қолаверса халқаро кредит шартномаларига кўра банклар ва молия институтлари талабларини бажариш бўйича корхона ва ташкилотларда халқаро ISO стандартларини кенг жорий этиш талаби белгиланган.
ISO стандартларини амалда қўллашнинг асосий ҳуқуқий базаси — Ўзбекистон Республикасининг техник тартибга солиш ва стандартлаштириш соҳасидаги қонунлари ва нормаларидир. «Техник тартибга солиш тўғрисида», «Стандартлаштириш тўғрисида»ги қонунлар ва улар асосидаги норматив ҳужжатлар тизими ISO каби халқаро стандартлардан келиб чиқадиган белгилаш ва мувофиқлаштиришни назарда тутади. Шу билан бирга халқаро стандартларни миллий стандартлар қаторига киритиш орқали уларнинг тақдим этилиши, сертификатлаштирилиши ва бошқарув тизимларига мослиги юритилади.
ISO стандартларини жорий қилиш — сифатни ошириш, хавфларни бошқариш, ресурслардан самарали фойдаланиш, халқаро савдо ва инвестиция муҳитини яхшилаш учун халқаро даражада тан олинган замонавий тизимлардир. “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ да ҳам ISO стандартларини жорий қилиш бўйича бир неча йиллардан бери амалий ишлар қилинмоқда.
Халқаро ISO стандартларини жорий этишнинг Жамиятимиз учун қанадай аҳамиятли томонлари мавжуд? Уларнинг ҳар бирига қисқача тўхталиб ўтаман:
ISO 9001 - маҳсулот ва хизматларда сифатни яхшилаш, мижозлар талабларига жавоб бериш, муаммоларни тезда аниқлаш ва ҳал қилишга ёрдам беради.
ISO 37001 - коррупция хавфларини аниқлаш, унинг олдини олиш, шаффофликни таъминлаш, корпоратив этика ва назорат тизимларини жорий қилишни талаб этади.
ISO 31000 - рискларни аниқлаш ва уларни самарали бошқаришни таъминлайди (корпоратив рисклар, стратегик рисклар, молиявий рисклар, операцион рисклар ва бошқалар).
ISO 14001 - корпоратив фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини назорат қилишни ва ресурслардан самарали фойдаланишни ташкил этишга ўргатади.
ISO 45001 - ишчи муҳит хавфсизлигини таъминлаш, жароҳатлар ва касалликлар хавфини камайтиришга хизмат қилади.
ISO 50001 - ресурсларни тежаш, харажатларни камайтириш, эҳтиёт қисмлар ва энергия сарфини оптималлаштиришни рағбатлантиради.
Бугунги кунда жамиятимизда юқорида таъкидлаб ўтилган халқаро стандартлар тўлиқ жорий этилган. Жорий йилда ISO 9001, ISO 37001 ва ISO 31000 халқаро стандартлари бўйича сертификацион аудит текширувлари ўтказилди ва мувофиқлик сертификатлари тақдим этилди. Шунингдек ISO 14001, ISO 45001 ва ISO 50001 халқаро стандартлари бўйича оралиқ аудит текширувлари ўтказилди ва Жамиятимиз мазкур сертификатларнинг амал қилиш муддатини яна бир йилга узайтиришга муваффақ бўлди.
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати