ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Энергетика вазири стипендияси соҳиби бўлиш шартлари
  • 25.03.2021
  • 619

Энергетика вазирининг ташкил этилган стипендияси билан боғлиқ бир қатор университет талабаларидан кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Шу сабабли Энергетика вазири стипендияси соҳиби бўлиш тартиби юзасидан тушунтириш бериб ўтамиз.

Энергетика вазири стипендияси 3 та – яъни Иван Михайлович Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университети ва “Москва энергетика институти” Миллий тадқиқот университетларининг Тошкент шаҳридаги филиалларида таҳсил олаётган талабалари учун амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири стипендияси фуқоролигидан қатъий назар ўқиш, илм-фан, илмий-техника ва ихтиролар бўйича, шу жумладан олий таълим муассасаларининг ижтимоий фаолиятида энг яхши натижаларга эришган ва ёқилғи-энергетика соҳаси ривожига ҳисса қўшган вазирлик мутасаддилигида бўлган юқоридаги олий таълим муассасаларида бакалавриат ва мутахассислик йўналишлари бўйича таҳсил олаётган талабаларга тайинланади.

Вазир стипендияси (!):

- ҳар бир филиалнинг 3 нафаргача энг иқтидорли талабаларига таълимнинг учинчи босқичидан бошлаб, уларнинг ёқилғи-энергетика соҳасида инновацион лойиҳалари ва илмий тадқиқотлари натижаларига қараб белгиланади;

- бунинг учун Филиаллар талабалари кундузги таълим асосида таҳсил олиши ҳамда охирги иккита сессияни аъло баҳоларда якунлаган бўлишлари талаб этилади.

Стипендияни белгилаш ва тўлаш тартиби:

Вазир стипендияси учун талабгорнинг ўқув ва илмий (ижодий) фаолиятидаги муваффақиятлари Филиалларнинг Илмий кенгашлари томонидан муҳокама қилингандан сўнг, уларнинг тавсияси билан Энергетика вазирлигига номзод сифатида киритилади.

Талабгорлар дастлабки кўриб чиқиш учун Илмий кенгашга: синов дафтарчасидан кўчирма, деканат, кафедра тавсияномаси, илмий (ижодий) иш аннотацияси, илмий раҳбарнинг фикр-мулоҳазалари, илмий (ижодий) ишга тақриз ҳамда илмий ишлар рўйхати ва уларнинг босма нусхаларини топширишлари лозим.

Илмий кенгашлар яширин овоз бериш орқали Вазир стипендиясини тайинлаш учун стипендиатлар номзодларини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қиладилар.

Илмий кенгашлар қарорлари Филиалларнинг Вазир стипендиясини тайинлаш ҳақида Энергетика вазирлигига тавсиянома юбориши учун асос ҳисобланади.

Энергетика вазирлиги стипендиялар тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни йилига бир марта кўриб чиқади. Ҳужжатларни қабул қилиш муддати 1-15 август кунлари, кўриб чиқиш муддати эса 10-25 сентябрь кунлари этиб белгиланган.

Стипендиялар тайинланишидан аввал талабгорларнинг белгиланган мезонларга мувофиқ билим ва илмий (ижодий) тайёргарлик даражаси пухта экспертизадан ўтказилади.

Шу мақсадда Энергетика вазирининг буйруғи билан танлов комиссияси тузилган.

Танлов комиссияси таркибига Энергетика вазири, вазир ўринбосарлари, илм-фан ва инновациялар бўйича вазир маслаҳатчиси, кадрлар бўлими раҳбари ҳамда номзодаларнинг йўналишлари бўйича бошқа бўлинмалар раҳбарлари киритилган.

Танлов комиссияси талабгорларнинг якуний танловини яширин овоз бериш йўли билан ўтказади. Бунда комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми овоз берганда, номзод Вазир стипендиясини тайинлаш учун тавсия қилинади.

Танлов комиссиясининг қарори Энергетика вазирлиги буйруғи билан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.

Танлов комиссияси Вазир стипендиялари соҳиби бўлолмаган, лекин энг яхши кўрсаткичларга эга бўлган танлов қатнашчиларини Филиаллардаги бошқа мавжуд – яъни “Бош директор”, “Бошқарув раиси”, “Васийлик кенгаши” каби стипендияларга тавсия қилиш ҳуқуқига эга.

Вазир стипендияси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 баравари этиб белгиланган ҳамда давлат ва олий таълим муассасасининг бошқа стипендияларидан алоҳида тарзда тақдим этилади.

Вазир стипендияси талабаларга ҳар йили, бир ўқув йили учун, 1 сентябрдан бошлаб, белгиланган миқдорларга қатъий риоя қилинган ҳолда ҳар ойда тўлаб борилади.

Вазир стипендиясига сазовор бўлган талабаларга “Энергетика вазири стипендияси соҳиби” кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар топширилади. Шу билан бирга, стипендиатлар ўқишни тамомлаганларидан сўнг вазирлик тизимидаги ташкилотларда иш билан таъминланиши кафолатланади.

Талабаларнинг Энергетика вазири стипендиясини тайинлаш бўйича ариза ва шикоятлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Энергетика вазирлиги томонидан кўриб чиқилади.

 

 

http://minenergy.uz/uz/news/view/1177

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>