Янгиликлар
“Ўзбекистон МЭТ” Марказий Осиё Бирлашган энерготизимида содир бўлган фавқулодда ҳолат юзасидан маълумот берди
  • 17.04.2021
  • 374

  Бугун, 2021 йил 17 апрель соат 15:24да Марказий Осиё Бирлашган энерготизимида Қозоғистон ва Қирғизистон энерготизимларини боғловчи 500 кВ кучланишга эга Л–514 электр тармоғи (“Чу” ҳамда “Фрунзе” подстанцияларини боғловчи) носозлик туфайли фавқулодда ўчди.

  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти хабарига кўра, фавқулодда ҳолат оқибатида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Жанубий Қозоғистон энерготизимлари Россия Федерацияси ягона энерготизимидан маълум муддат ажралди, электр токи частота миқдори 48,61 Гц миқдоргача пасайди (частота миқдори 50,0 Гц бўлиши лозим).

  Частота пасайиши натижасида (носозлик таъсирида) “Тошкент иссиқлик электр станцияси”да қуввати 370 МВт бўлган 1-сон буғ-газ қурилмаси фавқулодда ўчди.

  Шунингдек, тизимда частота пасайишига қарши автоматика қурилмалари ишлаб, республиканинг ўн иккита ҳудудида (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан ташқари барча ҳудудларда) умумий қуввати 780 МВтга тенг истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилди.

  Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида соат 15:29 да (5 дақиқадан сўнг) электр токи частотаси 50,00 Гц миқдоргача кўтарилди ва истеъмолчилар автоматик тарзда тармоққа қайта уланди.

  Ўчиш натижасида республика бўйича истеъмолчиларга 144 525 кВт•соат миқдоридаги электр энергия етказиб берилмади.  

  Соат 16:19да Қозоғистон ва Қирғизистон энерготизимларини боғловчи Л-514 ҳаво тармоғи уланиб, Марказий Осиё Бирлашган энерготизими Россия Федерацияси ягона энерготизими билан параллел (мутаносиб) иш режими қайта тикланди.

 Соат 16:28да “Тошкент ИЭС”да 1-сон буғ-газ қурилмасида ишга қайта киритиш бўйича ишлар бошланди.  

  Айни пайтда Ўзбекистон энерготизими Марказий Осиё ва  Россия Федерацияси ягона энерготизими билан барқарор фаолият юритмоқда. Истеъмолчилар сифатли кўрсаткичларга эга электр энергияси билан таъминланмоқда.

 

https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>