Янгиликлар
ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРНИ АНИҚЛАБ ДАВОЛАШДАН КЎРА, УНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРАЛАРИНИ КЎРИШ БИРМУНЧА САМАРАЛИРОҚ
  • 28.05.2021
  • 444

  Коронавирус пандемияси бошланганига бир йилдан ортиқ вақт бўлди, аммо ҳануз эпидемиологик вазият барқарорлашгани йўқ. Мамлакатимизда ҳам, дунёда ҳам. Аксинча, сўнгги пайтларда бутун жаҳонда кузатилгани каби Ўзбекистонда ҳам вирус юқтириб олаётган фуқаролар сони ошиб бормоқда. Аммо... Энди вирусга қарши вакциналар мавжуд, эмлаш ишлари жорий этилмоқда, фуқаролар юқумли касаллик ва унинг белгилари ҳақида бирмунча билим-тажрибадан хабардор. Шундай бўлса-да, «COVID-19»га қарши курашда энг катта юк барибир шифокор мутахассислар зиммасига тушади.

 

  «Тошкент магистрал электр тармоқлари» филиали тасарруфидаги «Чирчиқ», «Саодат», «Тошкент-500», «Сирғали», «Адолат» ҳамда «Чиноз» подстанцияси ишчи-ходимлари учун жорий йилнинг 25–28 май кунлари «COVID-19» — коронавирус инфекциясига қарши кураш мавзусида ўқув семинари ўтказилди.

  Ўқув семинарида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ тасарруфидаги «Тошкент тиббий-санитария қисми» тиббий муассасасининг терапевт-шифокори Ш.М.Обиджонова иштирок этди. Давра суҳбати шаклида давом эттирилган семинарда коронавирусга қарши курашаётган шифокорларнинг юқумли касалликларга қарши кураш усуллари, касаллик билан боғлиқ аввалги ва ҳозирги ҳолатлар фарқи, беморлардаги касаллик аломатларидаги фарқлар ҳамда умумийлик масалалари муҳокама этилди.

 

  Шунингдек, семинар мулоқотлари давомида пульмонолог-шифокор Ҳ.С.Ҳамдамова иштирок этиб, юқумли касалликнинг олдини олиш, унинг белги-аломатлари, эмланиш, таҳлиллар топшириш, даволаниш хақида соҳа мутахассисларига батафсил маълумотлар берди.

  Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ва қўшни республикалардан импорт қилинаётган электр энергиясини истеъмолчиларга тақсимлаб берувчи паст кучланишли тармоқларга етказиб берувчи — юқори кучланишли электр тармоқлари ҳамда подстанциялар муҳандислари ҳам соҳанинг бошқа тармоқлари каби кеча-ю кундуз, ҳафтада етти кун давомида меҳнат фаолияти олиб боришади. Демакки, улар ўртасида мулоқот узвий. Мисол учун, навбатчи бригадалар электр тармоқлари барқарор фаолияти ҳақида бир-бирларига ҳисобот тақдим этишлари техник талаблар билан белгиланган. Бунинг устига, тармоқда таъмирлаш-созлаш ишлари жамоавий тарзда амалга оширилади. Бир сўз билан айтганда, энергетиклар ўртасидаги узвий мулоқот туфайли касаллик тарқалиши суръатлари юқори бўлиши мумкин. Демакки, юқумли касалликларни аниқлаб, даволашдан кўра, унинг олдини олиш чораларини кўриш юз, ҳатто минг чандон самаралироқ.

  Ўтказилган ва ўтказилаётган ўқув семинарларида айнан шу масалалар атрофлича муҳокама этилди. Филиал ишчи-ходимларига карантин қоидаларига риоя қилиши қанчалар муҳимлиги мисоллар тариқасида тушунтириб берилди. Бундан ташқари, семинар давомида ишчи-ходимларни қизиқтирган саволларга шифокорлардан жавоблар олинди.

  Пульмонолог Ҳ.С.Ҳамдамова томонидан пульсометр ёрдамида юрак пульси ва ўпканинг кислород билан тўйинганлик даражаси ўлчаниб кўрсатилди. Семинар иши давомида тиббий кўрик ўтказилиб, барча ходимларда кўрсаткичлар меъёр даражада эканлиги аниқланди. Терапевт-шифокори Ш.М.Обиджонова томонидан эса ҳимоя ниқоблари ҳамда ҳимоя қўлқопларидан тўғри фойдаланиш қоидалари тушунтириб ўтилди.

Умида Мирахмедова, «Тошкент магистрал электр тармоқлари» филиали Мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси гуруҳи 1-тоифали муҳандиси

 

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун 

t.me/uzmetaxborotxizmati

>