Янгиликлар
Ўзбекистон – Тожикистон: дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари янги босқичда
  • 11.06.2021
  • 107

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10 июнь куни расмий ташриф билан Тожикистонга келди.

Душанбе халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди.

Аэропорт олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроқлари ва шиорлар билан безатилган.

Ўзбекистон раҳбарини кутиб олишда кўплаб ёшлар ва ижодий жамоалар ҳам иштирок этди.

Душанбе шаҳридаги “Қасри Миллат” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди, икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради.

Президентлар бир-бирига расмий делегация аъзоларини таништирди. Фахрий қоровул тантанали марш билан давлат раҳбарлари олдидан ўтди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг тор доирадаги учрашуви бошланди. Унда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шериклиги ва кўп қиррали ҳамкорлигининг барча жиҳатларини кўриб чиқдилар, сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Президентимиз таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки мамлакат муносабатлари юксак даражага кўтарилганини таъкидлади.

– Қабул қилган барча қарорларимиз амалга ошмоқда. Ўтган даврда икки томонлама муносабатларда кўп нарса ўзгарди. Буни рақамлар ҳам айтиб турибди. 2017 йилда товар айирбошлаш 70 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2020 йилда, мураккаб пандемия йилида ушбу кўрсаткич илк бор 500 миллион долларга етди. Биз ушбу ташрифга жуда жиддий тайёргарлик кўрдик. Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган аниқ лойиҳа ва шартномалар имзоланди. Маданий-гуманитар алоқалар ҳақида айтсак, биринчи бор Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари муваффақиятли ўтди, яқин орада мамлакатларимиз ёшлари Фарғона водийсида учрашади. Бир сўз билан айтганда, тарихий яқинлигимиз бугун ҳаётга кўчмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тожикистон Президенти давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, ушбу ташрифнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди.

– Ўзбекистон бизнинг стратегик шеригимиз ва ишончли қўшнимиз. Тожикистон – Ўзбекистон муносабатлари бугун жадал ривожланаётганидан мамнунмиз. Савдо-иқтисодий алоқалар кенгаймоқда. Маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро муносабатлар мустаҳкамланмоқда. Мамлакатларимиз минтақавий хавфсизлик борасида ўзаро мувофиқлашиб, яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётганини алоҳида қайд этмоқчиман. Бугун сиз билан муносабатларимизнинг ҳолати ва истиқболларини ҳамда халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилишга тайёрман, – деб таъкидлади Эмомали Раҳмон.

Қўшма корхоналар сони 8 баробар кўпайиб, бугунги кунда 200 дан ошгани таъкидланди. Жумладан, Душанбе шаҳрида маиший техникалар ишлаб чиқарувчи “Артел Авесто Электроникс” қўшма корхонаси самарали иш юритмоқда. Ташриф арафасида 30 дан ортиқ шундай лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Ўтган йилги қийин шароитларда ҳам юк ташиш ва транзит ҳажми ошгани қайд этилди. Икки томонлама чегирма ва имтиёзлар тақдим этилмоқда. Пойтахтлар ўртасида авиақатнов тикланди.

Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, икки мамлакат ҳудудлари салоҳиятини самарали ишга солиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперациясини ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, парламентлараро алоқалар, маданий-гуманитар алмашинув, барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан таҳдид ва хатарларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқи ва ўзи номидан биродар Тожикистонни мустақиллигининг бўлажак 30 йиллиги билан табриклади, тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Давлатимиз раҳбари Президент Эмомали Раҳмонни ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга боришга таклиф этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.

Музокараларда расмий делегациялар аъзолари, икки мамлакат вазирликлари ва йирик компаниялари, чегарадош вилоятлар раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли биродар мамлакатларнинг муносабатлари тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги даражасига кўтарилгани қайд этилди.

– Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан беқиёс ишларни амалга оширдик ва улар ўзаро муносабатларимиз солномасидан ўрин олди, – деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Томонлар стратегик шерикликни кенгайтиришда қатъий экани ва бу борада аниқ чораларни кўришга тайёрлигини таъкидладилар.

Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт соҳасидаги ва ҳудудлар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, энергетика йўналишидаги улкан салоҳиятни самарали ишга солиш, маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев товар айирбошлашдаги ижобий суръатга қарамай, келгуси йилда уни икки баробарга кўпайтириш учун янги “ўсиш нуқталари”ни топиш муҳим эканини айтди. Шу мақсадда эркин савдо режимидан истисноларни бекор қилиш ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш масалаларини келишишни тез фурсатда якунлаш муҳим, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Ўзаро товар етказиб бериш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, учинчи мамлакатларга биргаликда чиқиш имкониятларини излаш лозим.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон мамлакатларимиз ҳудудлари ва етакчи корхоналарининг саноат кооперациясини кенгайтиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.

– Муваффақиятли ҳамкорликнинг реал мисоллари ва истиқболга мўлжалланган аниқ режаларимиз бор. Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистон автомобилларини йиғишни ташкил этиш, замонавий трансформаторлар ва қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқариш, маиший техника ва қурилиш материаллари, калава ип ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мамлакатларимиздаги бошқа қўшма лойиҳаларни тилга олиш лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан ташкил этилган қўшма инвестиция компанияси фаолиятини илғор хорижий тажриба асосида самарали йўлга қўйиш ҳамда унинг имкониятларидан лойиҳаларни илгари суришда максимал даражада фойдаланиш зарур.

Транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам стратегик йўналишдир. Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шаҳарлар ўртасидаги ҳаво қатновларини кенгайтириш ва автобус қатновларини тиклашни таклиф этди.

Шавкат Мирзиёев икки мамлакат вилоятлари ва туманлари кесимида тўғридан-тўғри тизимли мулоқотни йўлга қўйиш муҳим эканини таъкидлади.

Куни кеча Хатлон вилоятининг Бохтар шаҳрида ўтган биринчи ҳудудлараро форум бундай шаклдаги ҳамкорликнинг самарадорлигини яна бир бор исботлади.

– Масалаларни тезкор ҳал қилиш учун ҳудудлар раҳбарлари изчил “ҳаракатлар режалари”ни келишиб олишлари ва ҳар ой камида бир марта жойларда учрашувлар ўтказиб боришлари лозим, – деб қайд этди давлатимиз раҳбари.

Икки мамлакатнинг улкан гидроэнергетика салоҳиятидан ва сувдан самарали фойдаланиш масалалари бўйича конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.

Етакчилар анъанавий фаол гуманитар алмашинувларни давом эттиришга келишиб олдилар. Давлатимиз раҳбари дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган қўшма маданий тадбирлар дастурини амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат ёшлари фестивалини ташкил этиш, Душанбе ва Тошкентда замонавий ўзбек ва тожик адабиётининг танланган асарлари – антологияларини нашр этишни таклиф этди.

Музокараларда замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасида, айниқса, Афғонистонда юзага келаётган вазият асносида ҳамкорликни кучайтириш муҳим экани қайд этилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистон бўйича тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, уни минтақавий иқтисодий шерикликка фаол жалб этиш тарафдори экани таъкидланди.

Томонлар БМТ, МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорликни давом эттириш ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини тасдиқладилар.

Президент Эмомали Раҳмон Тожикистон биродар Ўзбекистон билан ҳамкорликда эришилган бугунги юксак даражани қадрлашини, бунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг катта ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади. Музокаралар чоғида келгуси ишлар учун режалар белгилаб олингани, уларнинг натижалари икки мамлакат стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш учун янги омил бўлиб хизмат қилишини қайд этди.

Кенгайтирилган таркибдаги музокаралар якунлангач, Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Хатлон вилоятида барпо этилган ижтимоий объектларнинг расман очилиш маросими бўлиб ўтди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон рамзий тугмани босиб, уларнинг фаолиятига старт бердилар.

Хатлон вилоятининг Кўбодиён туманидаги тиббиёт мажмуаси Ўзбекистон томонидан қурилган. Ушбу 250 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона йилига 75 минг нафар беморга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Мажмуада жарроҳлик, урология, кўз хасталиклари, интенсив даволаш ва реанимация, педиатрия, травматология, гинекология, ҳомиладорлик патологияси, туғруқдан кейинги тикланиш ва терапия бўлимлари мавжуд.

Мажмуа таркибидаги поликлиника бир сменада 300 нафар ва бир йилда 219 минг нафардан зиёд беморга хизмат кўрсатишга мўлжалланган.

Тожикистон томонидан Самарқанд вилоятининг Ургут туманида умумтаълим мактаби барпо этилди. У 640 нафар ўқувчига мўлжалланган.

Мактабнинг уч қаватли биносида 26 та синф, спорт зали, фаоллар зали, ошхона, кутубхона, меҳнат дарслари ва ихтисослаштирилган машғулотлар учун синфлар мавжуд. Ўқув маскани компьютер техникаси ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланган.

Маросимда икки мамлакат вакиллари сўзга чиқиб, давлат раҳбарларига биродар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлашга, фуқароларимиз учун қулай шароитлар яратишга қаратаётган алоҳида эътибори учун миннатдорлик билдирдилар.

Музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Қўшма баёнот имзоладилар. Унда эришилган асосий келишувлар мустаҳкамлаб қўйилган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли вазифалар белгиланган.

Давлат раҳбарлари ҳузурида ташриф доирасида имзоланган Ўзбекистон – Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисида, саноат ва янги технологиялар соҳасида, тоғ-кон саноатида ҳамкорлик тўғрисида, Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида, Юклар транзити тўғрисидаги битимлар, шунингдек, Дипломатик ваколатхоналар учун ер майдонларини ўзаро тақдим этиш тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш, Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги битимга қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомалар, икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари ўртасидаги ҳамкорлик дастури ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” алмашилди.

Умуман, энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган жами 35 та ҳужжат имзоланди.

Ушбу салмоқли ҳужжатлар тўплами биродар мамлакат ва халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни янада, ҳар томонлама ривожлантириш, кўп қиррали шерикликни чуқурлаштириш йўлида янги натижаларга эришиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Оммавий ахборот воситалари учун брифингда Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон музокаралар ҳар доимгидек очиқ, ишончли ва дўстона руҳда ўтганини таъкидладилар.

– Биз муштарак тарих ва маданият, дин, маънавий қадриятлар ва анъаналар билан чамбарчас боғланган халқларимизнинг кўп асрлик дўстлигини жуда қадрлаймиз.

Шу ерда ўтирган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва делегациялар аъзолари кейинги бир неча йилда Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари тараққиётида рўй берган улкан ўзгаришлар гувоҳидир.

Тожикистон билан яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош ва ўзгармас устувор йўналиши, – деди давлатимиз раҳбари. – Биз кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг барча масалаларини диққат билан кўриб чиқдик. Шуни қайд этмоқчиман: ҳеч бир йўналиш эътибордан четда қолмади.

Музокаралар чоғида томонлар янги ўсиш нуқталарини белгилаб олдилар, келгуси йилда товар айирбошлашни икки баробар оширишни мақсад қилиб белгиладилар. Етакчилар икки мамлакат ҳудудларининг имкониятларини максимал даражада ишга тушириш, уларни туманлар даражасида “боғлаш”га келишиб олдилар.

Давлат раҳбарлари ташриф арафасида ўтказилган Ҳудудлар форуми ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишининг самарали якунларини мамнуният билан қайд этдилар.

Ўзбекистон ва Тожикистон транспорт ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Музокараларда етакчилар темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида ташишларни кўпайтириш учун бундан буён ҳам қулай шароит яратиш тўғрисида келишувга эришдилар.

Президент Эмомали Раҳмон, ўз навбатида, аграр тармоқ, енгил, озиқ-овқат ва тоғ-кон саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш товар айирбошлашнинг кўпайиши ва янги иш ўринларининг яратилишига хизмат қилишини қайд этди. У таълим ва тиббиёт соҳаларида, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашишда шериклик кенгайиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Бундан ташқари, Президентлар маданият, фан, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштиришга келишиб олдилар.

– Биз мамлакатларимизда барпо этилган ҳамда бугун мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва шерикликнинг янги рамзларига айланган тиббиёт маркази ва ўқув муассасаси фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу масалаларнинг барчаси икки мамлакат Бош вазирлари раҳбарлик қилаётган икки томонлама Ҳукуматлараро комиссиянинг бевосита назоратида бўлиши қайд этилди.

Президентимиз Тожикистон раҳбарининг 2025 йилни Халқаро музликларни муҳофазалаш йили, деб эълон қилиши ва Музликларни асраш халқаро фондини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусларини Ўзбекистон тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

– Бугунги музокаралар кўп асрлик дўстлик, ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида ниятимиз жиддий ва қатъий эканини яна бир бор намойиш этди, – деди сўзининг якунида Президент Шавкат Мирзиёев. – Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорликда икки биродар халқнинг равнақи йўлида аниқ, сезиларли натижаларга эришишга қаратилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳридаги “Дўстий” майдонида Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Сўнг “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтди.

Тадбирда Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Тожикистоннинг юксак мукофоти – I даражали «Зарринтож» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармони ўқиб эшиттирилди. Орденни давлатимиз раҳбарига Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тантанали равишда топширди.

Давлатимиз раҳбари юксак эътибор учун миннатдорлик билдириб, ушбу мукофот катта ҳурмат ва ишонч ифодаси, халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар эътирофи эканини таъкидлади.

Мамлакатларимиз яқин қўшни, халқларимизнинг муқаддас ерию суви, дини бир, тарихи ва тақдири, ташвишу шодликлари муштарак экани қайд этилди.

– Бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни ривожлантириб, катта мақсадларимизга эриша оламиз. Биз доим бир-биримизга таянч бўлишимиз, ҳар қандай қийинчилик ва синовларни елкама-елка енгиб ўтишимиз лозим, – деди Ўзбекистон Президенти.

Кейинги йилларда икки томонлама муносабатларда улкан ўзгаришлар рўй бериб, уларни Ўзбекистон ва Тожикистондаги миллионлаб одамлар ўз кундалик ҳаётида ҳис этмоқда.

– Бу Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларининг янги модели, янги муҳитида ўз аксини топмоқда. Энг муҳими, барча саъй-ҳаракатларимиз ва амалий ишларимиз халқларимиз манфаатлари ва орзу-интилишларига тўлиқ мосдир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз икки мамлакат санъат усталарининг бундай концертлари халқларимиз ўртасидаги абадий ва самимий дўстликни ифодаловчи яхши анъанага айлангани, санъат халқларни яқинлаштиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

– Инсонга турли чегаралар ўрнатиш хос бўлса, санъат чегара билмайди, унинг буюк вазифаси – одамларни бирлаштириш. Меҳр-оқибатли бўлиш, тинч-тотув яшаш – халқларимизнинг азалий орзуси ва самимий интилишидир. Биз ҳам, икки давлат раҳбарлари – ўртамиздаги чегаралар бизни ажратишга эмас, фақат бирлаштиришга хизмат қилиши учун бундан буён ҳам ҳаракат қиламиз.

Тинчлик ва осойишталикни асраш, келажак авлодлар учун мамлакатларимизнинг барқарор ва изчил тараққиётини таъминлаш – умумий бурчимиз, – деди Ўзбекистон Президенти.

Концерт дастурида истеъдодли санъаткорлар халқларимиз маданиятининг бойлиги, ўзига хослиги ва шу билан бирга, муштараклигини намойиш этдилар.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи давом этмоқда.

https://uza.uz/uz/

ЎзА

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>