Янгиликлар
ТИЛ — МИЛЛАТ КЎЗГУСИ
  • 20.10.2021
  • 600

  Тил — ҳар бир миллатнинг кўзгуси, унинг ҳақиқий сарчашмасидир. Тил бор экан — миллат барҳаёт.

  Тилни Онага қиёсланиши бежиз эмас, инсон ўз онасини кўрмасдан, унинг соф муҳаббатини, меҳрини туймасдан яшай олиши мумкин эмас.

  Бу фикримизнинг исботи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқини келтиришимиз мумкин: «Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин».

 

  1989 йил 21 октябрь. Бу санани унутишга асло ҳаққимиз йўқ.

  Зеро, айнан шу кунда ўзбек тилининг ҳақиқий жозибасини англашни бошлашга имконият берилган эди. Бироз фурсат ўтиб Ватанимиз Мустақиллиги эълон қилинди ва албатта, шоир айтганидай “елкамизга офтоб тега бошлади”. Минг шукурки, ўша лаҳзалардан буён истиқлолнинг сарин шабадалари бошимизни силаб эсади.

 

  Яқиндагина жонажон юртимизда Ҳурлик байрамини кенг тантана тариқасида нишонлаган эдик. Айни дамларда эса ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги муносабати билан, Ўзбек тили байрами куни билан бир-биримизни табриклаб турибмиз.

  Юртимизнинг барча манзилларида бўлиб тургани каби “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида ҳам Ўзбек тили байрами куни муносабати билан катта тадбир ташкил қилинди.

 

  Бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси О.Тўхташев ташаббуси ва Акциядорлик жамияти Ахборот хизмати ҳамда Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти ҳамкорлигида 20 октябрь куни тизимдаги барча филиаллар иштирокида “Тил — миллат кўзгуси” шиори остида байрамолди учрашув бўлиб ўтди.

 

  Тадбир меҳмонлари сифатида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг сиёсий шарҳловчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Шуҳрат” медали соҳиби, Халқаро Антик дунё илмий академияси академиги, Халқ таълими аълочиси Қобилбек Каримбеков ҳамда фахрий тележурналист, маънавият ва маърифат тарғиботчиси, Журналистлар уюшмаси аъзоси Норхўроз Раҳимов иштирок этиб, тилимизнинг ўзига хос тарихи ва жозибаси хусусида мулоҳаза юритдилар.

 

  Шунингдек, Акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маслаҳатчиси, шоир ва журналист Ориф Тўхташ Она тилимиз эҳтиромига бағишланган шеърларидан наъмуналар ўқиб берди. Мазкур ижодий учрашув иштирокчилар, айниқса тизим ёшлари қалбида илиқ таассурот уйғотди.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун 

t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>