Янгиликлар
Энергетика вазирлиги: “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2021 йилда юқори кучланишли подстанциялар қуввати 1855 МВАга оширилди
  • 14.01.2022
  • 304

  Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2021 йилда олиб борилган тизимли ишлар натижасида юқори кучланишли 19 та подстанция қуввати қўшимча 1 855 МВАга (мегавольт ампер) оширилди. Вазирлик хабарига кўра, 2022 йилда ҳам бу жараён изчил давом эттирилади.

 

  Мамлакатимиз аҳолиси сонининг ошиб бориши, юртдошларимизнинг электр ускуна ва жиҳозларидан фойдаланиш кўламининг йилдан-йилга кенгайиб бораётгани, шу билан бирга, республикамизда кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг имкониятлар берилаётгани, қатор инвестиция дастурлари ҳисобига йирик саноат корхоналари очилаётгани — электр энергияси истеъмоли кун сайин ошиб боришига сабаб бўлмоқда. Бу эса электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш тармоқлари изчил ривожланиб бориши, янги объектлар қурилиб, мавжудлари янгиланиб борилишини талаб қилади.

  Ўзбекистон электр энергетика тармоғидаги юқори кучланишли — 110, 220 ва 500 киловольт магистрал электр узатиш тармоқлари узунлиги 2005 йилдан 2022 йилгача изчил ошиб борган. Таққослаш ва таҳлил учун шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2005–2016 йиллар давомида, яъни 11 йил давомида 898,8 км юқори кучланишли электр тармоқлари янгидан қурилган бўлса, 2017–2021 йилларда, яъни охирги 5 йил давомида узунлиги 1833,2 км бўлган юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари фойдаланишга топширилган.

  Худди шундай ўсиш динамикасини юқори кучланишли подстанциялар сони ошиб боришида ҳам кузатишимиз мумкин.

  Ўзбекистон электр энергетика балансидаги 110, 220 ва 500 киловольт кучланишли подстанциялар сони 2005–2021 йиллар оралиғида 17 тага кўпайиб, электр таъминотининг ишончлилиги ошириб борилган. 2005–2016 йилларда, яъни 11 йил давомида 8 та подстанция қурилган бўлса, 2017–2021 йиллар давомида 8 та юқори кучланишли подстанция фойдаланишга топширилди. Республиканинг барча вилоятларидаги юқори кучланишли подстанцияларнинг қувват ўтказиш қобилияти бирмунча яхшиланди.

  Аниқроқ рақамларга тўхталадиган бўлсак, ўтган 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 125 МВА қўшимча қувват яратилган бўлса, Андижон вилоятида жами 200 МВА қўшимча қувват яратилди. Бухоро вилоятида электр таъминоти ишончлилигини оширишга хизмат қиладиган модернизация-реконструкция ишлари эвазига 128 МВА қувват яратилишига эришилди.

  Жиззах вилоятидаги 110 кВли “ДНС-2” подстанцияси реконструкция қилиниб, 220 кВ кучланишли подстанцияга айлантирилган бўлса, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 220 кВли “Амир Темур” подстанцияси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди ва вилоятда 125 МВА қўшимча қувват яратилди. Бу эса бошқа подстанциялар юкламасини меъёрга келтириш баробарида 110 кВли “Яккабоғ–1” ва “Яккабоғ–2” ҳаво электр узатиш тармоқларида ўта юклама ҳосил бўлиши ҳолатларининг олдини олди.

  Шунингдек, электр энергиясига бўлган талаб жадал ўсиб бораётган Самарқанд вилоятида ҳам бир нечта модернизация-реконструкция ишлари амалга оширилиб, электр тармоқлари капитал таъмирдан чиқарилди. Самарқандликлар электр таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида вилоятда жами бўлиб 359 МВА қўшимча қувват яратилди.

  Навоий вилоятида 243 МВА қўшимча қувват яратилиб, Кармана туманида жорий йилда фойдаланишга топширилган 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ягона энергетика тизимига уланди. Наманган вилоятида эса 200 МВА қўшимча қувват яратилиб, вилоятнинг Чортоқ, Учқўрғон ва Норин туманлари электр таъминотидаги ишончлилик бирмунча оширилди.

  Сирдарё вилоятида янги бунёд этилган металл қуйиш заводининг ташқи электр таъминоти яхшиланиши учун бир қатор амалиётлар бажарилди. Бу эса, ўз навбатида, кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплашга хизмат қилади.

  Фарғона вилоятидаги юқори кучланишли подстанцияларда олиб борилган модернизация ва реконструкция ишлари натижасида 125 МВА қўшимча қувват яратилди. Бундай амалиётлар Хоразм вилоятида ҳам бажарилиб, “Хоразм” подстанциясининг қуввати 75 МВАга оширилди. Жорий йилнинг апрель ойида Хоразмда реактив қувват манбаи қурилмасининг ишга туширилиши электр тармоқларида ҳосил бўладиган реактив қувват сарфини компенсация қилиб, истеъмолчиларга етказиб берадиган кучланиш пасайиб кетишининг олди олинди.

  Тошкент вилоятидаги мавжуд юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари капитал таъмирланиб ва модернизация ва реконструкция ишлари натижасида вилоятда 150 МВА қўшимча қувватга яратилди. Тошкент шаҳрида ҳам капитал таъмирлаш, модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилди.

  Жиззах вилоятидаги “ДНС-2” подстанциясида 85 МВАга қўшимча қувват яратилди ва 2021 йилда юқори кучланишли 19 та подстанцияларда жами қўшимча 1815 МВАга оширилди.

  Бундан ташқари, “Ўзбекистон МЭТ” АЖ тасарруфидаги подстанцияларда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ чоралар кўрилган бўлиб, 165 дона ҳаво ўчиргичи замонавий элегазли ўчиргичларга алмаштирилди.

  Қиёсий таҳлилни ўтган 3 йилда ўтказсак, 2019–2021 йиллар давомида юқори кучланишли подстанцияларда 4347 МВА қўшимча қувват яратилди. Мазкур яратилган қувватлар республиканинг ўртача максимал истеъмол қувватига (11500 МВА) нисбатан 37,8 фоизга оширилди.

  Агар таҳлил ва таққослашни 5 йилликларга бўлиб кўрсак, юқори кучланишли элекр тармоқлари ва подстанцияда амалга оширилаётган ишлар кўлами изчил ортиб бораётганини кўришимиз мумкин. Мисол учун, 2012–2016 йилларда 680 МВА қўшимча қувват яратилган бўлса, бу кўрсаткич 2017–2021 йилларда 5 605 МВАни ташкил этган.

  Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда электр энергияга бўлган талаб ортиб боргани сари ҳам магистрал электр тармоқлари, ҳам юқори кучланишли подстанциялардаги ўсиш кўрсаткичлари ошиб бормоқда.

  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти фаолияти билан унинг қуйидаги электрон манзиллари орқали танишишингиз мумкин:

  Веб-саҳифа: uzbekistonmet.uz

  Telegramt.me/uzmetaxborotxizmati    

  Facebookfacebook.com/elektrtarmoq

  Twittertwitter.com/uzbekistonmet     

  Instagraminstagram.com/uzbekistonmet.uz   

  Utube: utube.uz/ru/users/7208

  YouTube: youtube.com/channel/UC6cRpsasTIKnReaCXXqccdg

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати Ⓣ

https://kun.uz/94831648

>