ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: "Ёшлар ва болаларни кибербулингдан ҳимоя қилиш — долзарб вазифа"
  • 29.04.2022
  • 366

Ўзбекистонда шаклланаётган фуқаролик жамиятининг муҳим қисмига айланган ОАВ, интернет журналистика ва блогерлик жадал ривожланмоқда. Бугун уйқудан уйғонишимиз билан ижтимоий тармоқ ва мессенжерларга ошиқамиз, ҳаётимизни реал вақт режимидаги янгиликлар ва постларсиз, матбуот ва электрон нашрлардаги долзарб мақолалар, ижтимоий тармоқлардаги қизиқарли, танқидий ва фикрлашга ундовчи материалларсиз тасаввур эта олмаймиз.

Дарҳақиқат, интернет кенг мулоқотга имкон яратади. Бироқ унда охирги пайтларда буллинг ҳолатлари тез-тез кўзга ташланмоқда. Буллинг объектига айланган инсон, айниқса балоғат ёшидаги ёшлар учун унинг оқибатлари ўта жиддий ва аянчли бўлиши мумкин.

Даставвал, буллинг нима ва унга қарши қандай курашиш керак экани ҳақида гаплашсак. Буллинг (кибербуллинг) — Интернетда бирор инсонни тажовузкор гуруҳ ёки бирор шахс томонидан таҳқирланиши,  таъқиб қилиниши, бу ишга бошқалар ҳам даъват қилинишига айтилади.

Мактабларда ёки мактаб ёшидаги ўспиринлар ўртасида буллинг қандай содир бўлади? Масалан, танаффус пайтида синфдошлар томонидан айтилган ҳақоратли сўзни бир нечта одам эшитиши мумкин, чунки таҳқирланган ва уни ҳақорат қилган шахс бир мактабда ўқиб, бир-бирини танийди. Аммо туҳмат мазмунидаги видеодан интернетда жуда кўп сайтларга, уяли алоқа телефонларига, компьютерлардаги архивларга нусха кўчириш мумкин. Бундай материал тармоқда узоқ вақт сақланади. Ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлардаги буллингга учраган ўспириннинг шаънида билдирилган фикрлар, таҳдид ва таъқибларни миллионлаб одамлар кўради ва бу ҳар қандай инсоннинг руҳиятига қаттиқ таъсир кўрсатади.

Интернетнинг анонимлиги муайян гуруҳ ва алоҳида шахслар ўртасида нафрат уйғотишга ва унинг тарғиботи кенг тарқалишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, виртуал дунёда инсонларнинг хатти-ҳаракати уларнинг реал ҳаётдаги фаолиятидан тубдан фарқ қилади. Чунки улар ўз рақибининг юзини кўрмайди ва ўз ҳаракатининг оқибати ҳақида ўйламайди. Шунинг учун ҳам интернетда инсон ҳуқуқларининг камситилиши ва туҳмат қурбонига айланиш хавфи юқори.

Хўш, буллинг шунчалик хавфли ва зарарли экан, унга қарши қандай муносабат билдириш ва курашиш мумкин?

Албатта мумкин, бунинг учун мутахассисларнинг бир қатор тавсияларига амал қилиш талаб этилади.

1. Ўзингизни хотиржам тутинг. Ортиқча ҳаяжон, ташвишланиш ёки ўзини оқлаш вазиятни баттар чигаллаштиради.

2. Жавоб беришдан қочинг. Сизга нисбатан буллинг жараёнларидан факт олишга (видео, сурат, скрин-шот ва ҳ.к) ҳаракат қилинг, бу сизга келгусида уларни жавобгарликка тортиш учун асқотади.

3. Муҳокама кетаётган гуруҳлар ёки ижтимоий тармоқларни тарк этинг, сизга таҳдид ёки ҳақорат қилаётган фойдаланувчиларни блокланг.

4. Шуни унутмангки, сизга нисбатан жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказишга ҳеч ким ҳақли эмас. Шахсий дахлсизлигингизни паймол этганлар устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилинг.

Яна шуни таъкидлаш керакки, аҳоли орасида асоссиз шов-шув кўтаришга, ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар, материаллар, фейк хабарлар ва умуман, ишончли манбага эга бўлмаган ахборотни ҳар қандай шаклда тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги интернет тармоғидаги турли кўринишдаги жиноятларнинг олдини олиш ва қарши курашиш мақсадида «Stop Kriminal» (@stop_kriminal_bot) ботини ишга туширган. Мазкур бот орқали кибербуллинг ҳолатлари бўйича маълумот юбориш мумкин. 

Кибербуллингдан жабр кўрган болалар ва ўсмирлар эса Тошкент шаҳридаги Республика болалар ижтимоий мослашув марказига (http://rcsad.uz/) мурожаат қилишлари мумкин. Бу ерда тажрибали психологлар, мутахассислар буллинг оқибатларини бартараф этишга хизмат қиладилар.

АОКА қонунчиликда ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва масъулият аниқ белгиланганини яна бир бор эслатиб, буни фаол ва катта аудиторияга, жамиятда ўз таъсир кучига эга интернет нашрлар, блогерлар, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ ва каналлар маъмурлари яхши ҳис этишлари лозим, деб ҳисоблайди.

 

Манба: https://aoka.uz/uzb/news/1245

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>