ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: "Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий ҳисоботлар таҳлилини эълон қилди"
  • 06.05.2022
  • 445

Ҳозирда, давлат иштирокидаги корхоналар сони 2 117 тани ташкил этади (227-АЖ, 1 075-МЧЖ, 815-ДУК), шундан 347 таси бўлиб тўлаш шарти билан сотилган. Булар фаолиятсиз ёки тугатиш жараёни олиб борилаётган корхоналар ҳисобланади. Ушбу корхоналарда давлат номидан акциядор (иштирокчи, муассис) функцияси 70 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан амалга оширилади.

Давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини таҳлил қилиш ва мониторингини олиб бориш, улар фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги 674-сон қарори билан корхоналарнинг асосий молиявий ва иқтисодий кўрсаткичларини Давактив агентлиги сайтида жойлаштириб бориш белгиланди.

Шунингдек, Давактив агентлиги томонидан давлат иштирокидаги корхоналар молиявий ҳисоботларини умумлаштириш ва синхронлаш мақсадида тегишли органлар билан электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилган.

Шунга кўра, 2021 йил якуни бўйича молиявий ҳисоботлар таҳлили натижаси бўйича, ҳисобот топширган 1770 та корхонанинг энг юқори соф фойда олган 20 та, энг кўп зарар кўрган 20 та ва давлат улуши бўйича энг кўп дивиденд тўлаган (оралиқ дивиденд ва олдинги йиллар қарздорликлари билан бирга) 10 та корхоналар рўйхати шакллантирилди.

Энг кўп соф фойда олган ва дивиденд тўлаган корхона шубҳасиз бу – “Навоий кон-металлургия комбинати” ДК бўлди, шунингдек, энг кўп зарар кўриб ишлаган корхона эса “Ўзтрансгаз” АЖ деб топилди (“Ўзтрансгаз” АЖ ўтган йил ҳам энг кўп зарар кўрган корхона ҳисобланган).

Давлат иштирокидаги корхоналар ва уларнинг кўрсаткичлари тўғрисидаги батафсил маълумотлар билан Давактив агентлиги расмий сайти орқали танишишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Давактив агентлиги томонидан 2020 йил якуни бўйича ҳам Топ-20 та соф фойда ва Топ-20 та зарар кўрган корхоналар эълон қилинган эди.

 

 

Манба: https://davaktiv.uz/uz/news/

 

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Ахборот хизмати ҳолат бўйича изоҳ беради:

 Акциядорлик жамияти 2022 йил 1-чорак якунларини 1,5 триллион сўм зарар билан якунлаган.

Бунинг асосий сабаби, Акциядорлик жамияти Республикада электр энергиясини ягона харид қилувчи ва сотувчи ҳисобланади.
Жамиятнинг молиявий фаолияти — электр энергияни ишлаб чиқарувчилардан харид қилиб олиш ва Ҳудудий электр тармоқларига сотиш ҳисобига шаклланади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси йиғилишининг 2021 йил 2 августдаги 7-сонли баёни билан тасдиқланган электр энергиясини харид қилиш ва сотиш тарифлари ҳисоб-китобларига кўра тарифлар Идоралараро таъриф комиссияси томонидан белгилаб берилган бўлиб, электр энергиясини харид қилиш ва сотиш тарифлари асосида амалга оширилади.

2022 йил 1-чоракда ишлаб чиқарувчилардан жами, 18,6 млрд.кВт•соат электр энергияси ўртача ҚҚС билан бирга 378,2 сўмдан харид қилиниб, Ҳудудий электр тармоқ корхоналарига ўртача 320,9 сўмдан сотилган (ҳар бир кВт•соатдан 57,3 сўмдан зарар кўрилган).

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>