ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Энергетика вазирлиги: Яхшироқ экология учун инновациялар
  • 13.05.2022
  • 193

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида нефтни қайта ишлаш жараёнида атроф-муҳитга етказиладиган зарарни минималлаштириш мақсадида нефт шламини механик равишда қайта ишлашнинг замонавий юқори самарали технологияси қўлланилади.
 

 


Шу мақсадда олти ой давомида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи мутахассислари томонидан илмий-тадқиқот ишлари, халқаро инжиниринг компаниялари мутахассислари билан маслаҳатлашувлар олиб борилди. 

Нефт шлами билан боғлиқ қандай муаммо мавжуд? Бу чиқинди тури бўлиб, нефт саноатида атмосфера ифлосланишига асосий таъсир этувчи омиллардан биридир. 

Бундай нефт шламни йўқ қилиш бўйича кўпгина лойиҳалар айрим сабабларга кўра кутилган самарани бермайди. Улар орасида: нотўғри танланган ускуналар ва кимёвий моддалар (демулсификаторлар, флокулянтлар), қайта ишланадиган чиқиндиларнинг холати ва бошқалар ҳақида билимнинг этарли эмаслигидир.

Илмий-тадқиқот ишлари олиб борилгандан сўнг Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида амалиётда қўллаш учун трикантер сентрифуга асосида нефт шламини механик равишда ажратишнинг инновацион усули танланди. 

Ушбу технология нефт шламини тижорат сифатли нефт, сув ва атроф-муҳитга зарар етказмайдиган қаттиқ фазага ажратиш орқали йўқ қилиш (утилизация) имконини беради. Шундай қилиб, атроф-муҳитга салбий таъсирни минималлаштириш натижасига эришилади. 
 

 


Айни пайтда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи “Hebei GN Solids Control Co., Ltd” (ХХR) компанияси билан турли хил нефт шлами композицияларини қайта ишлаш тизимининг мобил версиясини тўлиқ ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Ушбу технологияни жорий этишнинг умумий қиймати тахминан 800 минг АҚШ долларини ташкил қилади.

Муҳими, ушбу тизимнинг қуввати нафақат Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ҳосил бўлган нефт шламини, балки Республикамизнинг зарур бўлган исталган корхоналарида хосил бўладиган нефт шламларини ҳам қайта ишлаш имконини беради.

“Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бугунги ва келажак авлодлар олдидаги инсоний бурчимиздир”, – деди Президент Шавкат Мирзиёев 2021-йил 21 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида сўзлаган нутқида.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи эса мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария-экологик вазиятни яхшилаш борасида амалга оширилаётган изчил ишларга ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/1948

«Ўзбекистон МЕТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>