ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz — Газ ва “свет”: Бойларга кўпроқ субсидия тўлаш қачонгача давом этади?
  • 11.05.2022
  • 286

2022 йилги давлат дастурига асосан, энергетика ислоҳотига тайёргарлик шу йил ниҳоят бошланиши керак. “Свет” ўчишлари, “газ-заправкалар”даги навбатларни бусиз йўқотиб бўлмайди. Бироқ бир неча йилга чўзилган ислоҳот яна янги баҳона – урушнинг таъсири важи билан кечиктирилиши мумкиндек: апрел ойигача ишлаб чиқилиши керак бўлган қарор лойиҳасидан ҳалигача дарак йўқ.

10 май куни ижтимоий тармоқларда энергетика соҳасини эркинлаштириш яна ортга сурилиши мумкинлигига оид хавотирлар пайдо бўлди. Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, пандемия сабабли кечиктирилган ислоҳотга эндиликда Россия–Украина урушининг оқибатлари тўсиқ бўлиши мумкин.

Бакиров расмийлар бу мавзуни кун тартибига олиб чиқмай қўйгани, “ҳамма жим бўлиб кетгани”ни таъкидлаган. Шунингдек, давлат корхоналари орасида энг кўп зарар билан ишлаётган 10та корхонадан 7таси бевосита ёки билвосита энергетика билан боғлиқлигини қайд этган.

“Соҳа корхоналари қиёфасида биз энергетика соҳасига бозор кириб бормагани учун жуда катта товон тўламоқдамиз ва бу товон суммаси йилдан йилга ошиб бормоқда. Рақамларда акс этмаган зиённи-ку ҳеч бир қиймат билан ўлчаб бўлмайди”, – дея ёзади Отабек Бакиров.

Мазкур постни Ҳарвард университети докторанти, иқтисодчи Ботир Қобилов ҳамда таниқли Davletovuz Telegram-канали ҳам ўз саҳифаларида улашди.

Узоқ кутилган ҳужжат қачон тайёр бўлади?

Ўзбекистонда энергия ресурслари ва табиий газ бозорлари (ижтимоий ҳимоя кафолатларини белгилаган ҳолда) эркинлаштирилиши керак. Бу – президент фармони билан тасдиқланган 2022 йилги давлат дастурида белгиланган.

Дастурга биноан, 2022 йил апрелгача бу борада президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилиши керак:

• энергетика соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш;

• барча иштирокчиларга тенг имкониятлар бериш;

• нархларни шакллантиришнинг шаффоф механизмларини жорий қилиш.

Давлат дастурида, шунингдек, 2022 йил апрелгача эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун энергия ресурслари бўйича ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш тўғрисида таклифлар киритиш вазифаси белгиланган.

Фармонда апрел ойигача дея муҳлат қўйилган бўлса-да, фармон имзоланганидан буён ҳозиргача бу борада бирор янгилик айтилмади. Бу эса юқорида келтирилган, ижтимоий тармоқларда билдирилган хавотирлар асосли экани, энергетика ислоҳоти кечиктирилиши эҳтимоли борлигини кўрсатиши мумкин.

Kun.uz Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги матбуот хизматларига мурожаат қилиб, тегишли қарор лойиҳаси тайёр ёки тайёр эмаслиги, шунингдек, у қабул қилинишидан олдин жамоатчилик муҳокамасига чиқариладими ёки йўқлиги ҳақида сўради. Вазирликлар вакиллари сўровга тез орада расмий жавоб тақдим этилишини билдирди.

Ўзбекистон энергетикага субсидия ажратиш бўйича жаҳонда 3-ўринда

Халқаро энергетика агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон энергоресурсларга ажратадиган субсидиялари миқдорининг ЯИМ ҳажмига нисбати бўйича дунёда Ливия ва Венесуэладан кейин 3-ўринда туради: Ўзбекистон 2020 йилда энергетикага субсидиялар учун 3,9 млрд доллар сарфлаган, бу ўша йилги ЯИМнинг 6,6 фоизига тенг.

Таққослаш учун, 2020 йилда энергетика субсидияларига 3,9 млрд доллар сарфланган бўлса, ўша йили халқ таълими соҳасига бундан икки баробар кам – 2 млрд доллар ажратилган.

Амалдаги бундай субсидиялаш тизими, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг тушунтиришича, камбағалларнинг янада камбағалроқ, бойларнинг эса янада бойроқ бўлишига хизмат қилади.

Гап шундаки, маиший истеъмолчилар орасида энергия сарфи (сув, газ, электр, ёқилғи) истеъмолчиларнинг турмуш даражасига тўғридан тўғри боғлиқ. Яъни даромади кўпроқ қатлам кўпроқ энергоресурслардан фойдаланади. Содда қилиб айтганда, 3 қаватли уйда яшовчи одам 3 хонали уйда яшовчи одамдан кўра сезиларли даражада кўп газ, электр ва сув ишлатади. Миллионлаб одамлар уйида кондиционер ишлатмайди (чунки сотиб олишга қурби етмаслиги мумкин), бошқаларнинг уйида эса 2-3талаб кондиционер бор ва ҳоказо.

Ваҳоланки, энергоресурслар нархи барча учун бирдек субсидияланади, натижада истеъмолчи қанча кўп энергия ишлатса, (ҳар бир киловатт-соат электр ёки ҳар бир метр-куб табиий газ нархидаги истеъмолчига “кўринмас”, бироқ умуммиллий солиқлар ҳисобига қопланадиган) субсидиялардан шунча кўп фойдаланади.

Бошқача айтганда, ҳозирда “свет” ва газдан фойдаланаётган ҳар бир истеъмолчига бюджетдан компенсация тўланяпти, бу эса ким қанча кўп энергия истеъмол қилса, унга шунча кўп компенсация тўланади дегани.

Бу, бир томондан, сезиларли кўп энергия ишлатадиган даромади юқори қатламнинг харажатлари барчанинг елкасига “сочиб юборилиши” (оддий тилда айтганда, бойларнинг камбағаллар ҳисобидан арзон электр ва газдан фойдаланиши)га, бошқа томондан истеъмолчиларда энергияни тежаш учун рағбат бўлмаслигига олиб келади.

2022 йилги давлат дастурида белгиланган вазифа – энергия ресурслари бўйича ижтимоий истеъмол нормаларини (квоталар) киритиш, агар амалга ошса, юқорида таърифланган тенгсизликни камайтириши мумкин.

 

Манба: https://kun.uz/news/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>