ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Ўзбекистон Президенти: Афғонистонда барқарорлик бўлмаса Ўзбекистонда ҳам, бутун Марказий Осиё минтақасида ҳам хавфсизлик ва барқарор ривожланишга эришиб бўлмайди
  • 26.07.2022
  • 252

Ўзбекистон Президенти бугун пойтахтимизда ўз ишини бошлаган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” мавзусидаги халқаро конференциянинг иштирокчиларига ўз мурожаатини йўллади, деб хабар бермоқда “Дунё”АА мухбири.

 

 

 

Президент Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатида минг йиллар давомида ўзбек ва афғон халқлари ёнма-ён яшаб келгани, бизни умумий маданий, маънавий ва тарихий қадриятлар, ягона дин ва буюк аждодлар мероси бирлаштириб туришини таʼкидлади.

Мурожаатда қайд этилганидек, Амударёнинг нариги соҳилида тинчлик бўлмаса Ўзбекистонда ҳам, бутун Марказий Осиё минтақасида ҳам хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди.

«Шу сабабли ўзининг янги тарихида чуқур ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар инқирозга дуч келаётган Афғонистонга нисбатан эътибор дунёда тобора сусайиб бораётгани хавотир уйғотмасдан қолмайди», дея таъкидланади Ўзбекистон Президентининг форум иштирокчиларига мурожаатида.

Ўзбекистон Президенти Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилишига йўл қўймаслик муҳим эканлигини таъкидлади

Давлатимиз раҳбари бугун Тошкентда ўтказилаётган Афғонистон бўйича халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида жаҳон ҳамжамияти ушбу мамлакат билан муносабатларда аввалги хатоларни қайта такрорламаслик зарурлигига эътибор қаратди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

 

«Аминмизки, жаҳон ҳамжамияти бугун 1990 йиллардаги хатоларни қайта такрорламайди, уларни четлаб ўта олади ва шунга эришиш лозим. Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши гуманитар вазиятнинг яна-да ёмонлашувига олиб келиши муқаррар, шу боис бунга йўл қўймаслик муҳимдир. Гап миллионлаб инсонларнинг тақдири ҳақида бормоқда.

Ўзбекистон Президенти Афғонистон Муваққат Ҳукуматининг мамлакатни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга чақирди

Давлатимиз раҳбари Афғонистон бўйича халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида Афғонистон расмийларининг мамлакатни можародан кейинги тикланиш, мустақил, барқарор ва ўзини ўзи таъминлайдиган давлат барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга чақирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
 

 

«Ҳозирги пайтда Муваққат Ҳукумат мамлакатда тинчликни қарор топтириш бўйича муайян қадамларни қўймоқда, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга, қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни, халқаро ҳамжамият билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилмоқда, - деди Ўзбекистон Президенти. - Биз ушбу саъй-ҳаракатларни рағбатлантиришимиз ва қўллаб-қувватлашимиз зарур. Шу билан бирга, давлат бошқарувида афғон жамиятининг барча қатламларидан вакиллар кенг иштирок этадиган таркибни шакллантириш, инсон, айниқса, хотин-қизлар, барча миллий ва диний гуруҳларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатишнинг фундаментал асоси бўлиб қолмоқда».

Ўзбекистон Президенти Афғонистон муваққат Ҳукуматини халқаро террорчи ташкилотлар билан алоқаларни узишга чақирди

Давлатимиз раҳбари Афғонистон бўйича халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида Афғонистон ҳукуматини жаҳон ҳамжамиятининг асосий талабларига риоя қилишга чақирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

- Биз Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишлари олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиш учун ўзининг қатъий иродасини намоён этиб, кескин чоралар кўришга чақирамиз, - дейилади Ўзбекистон Президенти мурожаатида. - Бу муваққат ҳукуматга ишончнинг мустаҳкамланишига олиб келади, Афғонистон учун ён атрофдаги давлатлар ва халқаро ҳамжамият билан дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро фойдали ҳамкорлик муҳитида барқарор тараққий этиш бўйича аниқ истиқболларни очади.

Ўзбекистон Президенти: Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш вазифаси бизнинг умумий устувор йўналишимизга айланмоғи лозим

Президент Шавкат Мирзиёев бугун пойтахтимиздаги Конгресс холда ўз ишини бошлаган халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида Афғонистоннинг минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашуви муҳимлигига эътибор қаратди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
 

 

-Яқинда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюция ҳам Афғонистонда тинчликни сақлаш халқаро хавфсизликни таъминлаш учун ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини тасдиқлади, - дейилади давлатимиз раҳбарининг мурожаатида. - Биз, бутун халқаро ҳамжамият афғон халқи билан бирдамликни намоён этишимиз зарур. Биз ўз саъй-?аракатларимизни Афғонистонни тинч, барқарор ва гуллаб-яшнаётган, терроризм, уруш ва наркотик моддалардан холи мамлакатга айлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга сафарбар қилишимиз лозим. Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш вазифаси бизнинг умумий устувор йўналишимизга айланиши керак, бу жафокаш афғон заминида мустаҳкам тинчлик ўрнатишнинг муҳим шарти ҳисобланди. Бу йўналиш, хусусан, мазкур мамлакатнинг минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашувини, инфратузилмаларга оид ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олади.

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2074

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmat

>