ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
darakchi.uz — Энди тадбиркорлар "свет"дан узиб қўйилмайди
  • 16.11.2022
  • 150

Бу ҳақда Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишга оид Фармон мазмуни юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Darakchi.uz' мухбири.

Маълум бўлишича, фармонда тадбиркорларга ортиқча харажат ёки чеклов сифатида ўрнатилган бир қатор талабларни бекор қилиш, шунингдек, қўшимча қулайликларни яратишга қаратилган нормалар белгиланди.

Хусусан,  тадбиркорлик субъектининг устав фонди камайтирилаётганда кредиторларини ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш, янги импорт автомобилларини фақат ишлаб чиқарувчиларнинг расмий дилерлари томонидан сотиш, электр энергиясини шартномадаги ҳажмлардан ортиқча истеъмол қилганларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш, якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни солиқ органларида алоҳида ҳисобга қўйиш каби талаблар бекор қилинди.

Мазкур матбуот анжуманида иштирок этган Darakchi.uz' мухбири Адлия вазирлиги мутасаддиларидан электр энергияси билан боғлиқ масалага ойдинлик киритишларини сўради.

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Жавоҳир Кулизоданинг маълум қилишича, ҳар бир тадбиркорлик субъектининг ҳар ойда қанча электр энергияси истеъмоли прогнозлаштирилади.

"Электр энергияси кўпроқ истеъмол килинганда аввал чора сифатида электрдан узиб қўйилган бўлинса, энди тадбиркорлар белгиланган меёрдан кўпроқ электр энергияси ишлатса ҳам тармоқдан узиб қўйилмайди, бироқ тўловни амалга оширади", — дейди Жавоҳир Кулизода.

Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримовнинг қўшимча қилишича, бу муносабатлар шартнома асосида амалга оширилади.

"Тадбиркорга ўз вақтида тўловни амалга оширмагани учун пеня ёки бошқа таъсир чоралари қўлланилади. Бундан кейингина электр энергия етказиб берувчи ташкилотлар тармоқдан узиб қўйиш бўйича судга мурожаат қилиши мумкин бўлади. Оддий қилиб айтганда ҳозирги кунга қадар лимит тугагандан кейин тадбиркорни электр энергиясидан узиб қўйишга ҳақлари бор эди. Энди лимитдан ортиқ фойдаланилса ҳам тўловини тўлаб, бемалол фойдаланиш мумкин. Электр тармоқлари корхонаси энди тизимдан узиб қўёлмайди. Фармон қабул қилинганидан кейин энди узилмайди, бемалол электр энегриясидан фойдаланиш мумкин бўлади", — дейди Алишер Каримов.

 

Манба: https://darakchi.uz/uz/156148

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>