ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Электр ускуналарида бажариладиган ишлар тунги соатларда амалга оширилмоқда (+видео)
  • 27.12.2022
  • 187

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига қарашли “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиалида электр ускуналарида бажариладиган ишлар тунги соатларда амалга оширилмоқда. Албатта, бу қиш кунларида электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ошгани билан боғлиқдир.

“Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиали директори Анвар РАСУЛОВ бу ҳақда ЎзА мухбирига интервью берди.

– Бундай вазиятда зарур ишлар ишчи-ходимлар ҳушёрлигини икки карра оширган ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этган ҳолда раҳбар-ходимлар иштирокида бажарилмоқда, – деди А. Расулов. – Филиалда ташкил қилинган штабда куну тун тезкор бригадалар ишлайди. Подстанцияларда кечки максимум соатларда электр қурилмаларининг ишончли ишлаши, ҳарорати, техник кўрсаткичлари ва электр энергияси истеъмолининг таҳлили мунтазам олиб борилади. Аниқланган камчиликлар зудлик билан бартараф қилиниши чоралари кўрилади.

Филиал “Ўзбекистон МЭТ” AЖнинг таркибий қисми сифатида пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидаги аҳоли истеъмолчилари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан мунтазам таъминлайди. Яъни, мазкур ташкилот электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналардан олиб, истеъмолчиларга етказиб берилишида бир бўғин вазифасини бажаради.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жадал олиб борилганига қарамай, бу йилги илк совуқ кунлардаёқ қатор камчиликлар юзага келгани рост. Етказиб берилаётган табиий газ босимининг пасайиши ва электр энергиядаги узилишлар пойтахтимиз ҳамда вилоятлар аҳолиси учун бир мунча ноқулай шароитни яратди. Куну тун авария ҳолатларини бартараф этиш, мурожаатларга тезкор жавоб бериш учун эса махсус штаблар ташкил этилган.

Айни вақтда “Тошкент шаҳар МЭТ” филиали балансида умумий қуввати 3034,5 мегавольтампер бўлган 220 кВтли 7 та подстанция ишлаб турибди. Жорий йилда 4 дона трансформатор ҳамда 8 дона ўчиргич мукаммал таъмирдан чиқарилди. “Қўйлиқ”, ”Юксак” ва “Озодлик” подстанцияларида эса модернизация ва реконструкция ишлари давом эттирилмоқда. Бу йил ҳисобидан 43,8 миллиард сўм ўзлаштирилиб, замонавий электр ускуналарга ва умумий қуввати 338 мегавольтампер бўлган куч трансформаторлари фойдаланишга топширилди. Подстанцияларга бирин-кетин янги, юқори қувватли трансформаторлар ўрнатиляпти ва электр ускуналар янгисига алмаштириляпти.

 

Жорий йилнинг 5 июлида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва Хитой Халқ Республикасининг “Shandong Electrical Engineering & Equipment Group Co., Ltd.” компанияси 6,78 миллион долларлик шартнома имзоланди. Аҳамиятлиси, бундай элегазли комплекс қурилмаси юртимизда илк маротаба юқори кучланишли электр тармоқларида амалиётга татбиқ этилмоқда.

Тизимда бу каби янгиланишлар, таъмирлаш ишларининг жадаллашгани, паст қувватли трансформаторлар юқори қувватлисига алмаштирилаётгани мавжуд муаммолар ечимида муҳим омиллардандир.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди

 
Манба: https://uza.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>